Жамият | 19:33 / 24.02.2026
17704
11 дақиқада ўқилади

Шўрчидаги воқеа: апелляция суди қотилликни безориликка ўзгартирди

Шўрчи деҳқон бозори. Одамлар кўз ўнгида қотиллик юз берди: ёнма-ён жойлашган ошхона эгаларининг жанжали ўлим билан тугади. Икки эркак ёқалашаркан, бирининг жияни кабоб сихини олиб чиқиб, тоғаси билан муштлашаётганнинг орқа курагига санчди ва уни ўлдирди. Суд тоғани 15,5, жиянни 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Апелляция суди дастлабки суд тасдиқлаган қасддан одам ўлдириш жиноятини безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказишга ўзгартириб, жазони енгиллаштирди. Марҳумнинг яқинлари буни адолатсизлик деб ҳисобламоқда.

Фото: Видеодан кадр

“Ҳаётдан маҳрум қилиш қасди билан ҳаракат қилмаган ва ўлим юз беришини истамаган”. Сурхондарёда апелляция суди айни шу жумла билан қасддан одам ўлдириш жиноятини қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятига ўзгартирди ва тайинланган жазони енгиллаштирди. Ҳолбуки, “ўлим юз беришини истамаган” судланувчи ошхонадан кабоб сихини олиб чиққан ва тоғаси билан уришаётган эркакнинг ортидан бориб, унинг кўкрак қафасига (!) санчган.

Жиноят тафсилоти

Жиноят 2025 йил 16 июл куни Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги деҳқон бозорида содир этилган. 1990 йилда туғилган Улуғбек Бўриев ўзига қўшни ошхона эгаси – 1987 йилда туғилган Элбек Эшматов билан жанжаллашган. Ошхона эгалари бир-бири билан муштлашиб, ёқалашаётганда ҳар икки томоннинг яқинлари, ўтиб-қайтувчилар уларни ажратиб қўйишга уринишган. Шунда Улуғбек Бўриевнинг ошхонасида ишловчи 16 ёшли жияни Озодбек Болтаев кабоб сихини олиб чиқиб, тоғаси билан уришаётган Элбек Эшматовнинг орқасидан кўкрак қафасига санчган.

Элбек Эшматов зарбадан ўзини йўқотиб, ўтириб қолган. Сўнгра уни шифохонага олиб кетишган. Бироқ эркак ўзига етказилган жароҳат оқибатида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Озодбек Болтаев санчган кабоб сихи Элбек Эшматовнинг қовурғалари орасидан кириб, чап ўпкасини тўлиқ тешиб ўтган.

Ҳолат юзасидан тоға ва жиянга Жиноят кодексининг 97-моддаси “ж, л, п” бандлари – ўта шафқатсизлик асосида, безорилик оқибатида бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш билан жиноят иши қўзғатилган. 2025 йил 17 июл куни Озодбек Болтаевга ҳамда 18 июл куни Улуғбек Бўриевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Дастлабки суд ҳукми

Тоға-жияннинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судида судя Тўлқин Абдираимов раислигида кўриб чиқилиб, 2025 йил 10 декабр куни ҳукм ўқилган.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Улуғбек Бўриев айбига иқрорлик билдирмаган. У марҳум Элбек Эшматов билан тахминан 2024 йил октябр ойидан бошлаб низо келиб чиққанини, ушбу низога мижоз талашиш сабаб бўлганини айтган.

Судланувчига кўра, 16 июл кунидаги жанжал сув устида келиб чиққан: ишчилари ва жияни Озодбек ташиб келган сувни Элбек Эшматов ўз бачогидан олганини гапирган. Сўнгра Озодбек Болтаев тоғасига қўнғироқ қилиб, Элбек Эшматов онасидан ҳақорат қилган ҳолда уни қувлаганини айтган.

Ўша кунги жанжалнинг бошланиш нуқтаси шу бўлган. Икки эркак бир-бири билан муштлаша кетган.

Элбек Эшматов бир-икки дақиқа ўтгач мева сотувчининг савдо растаси олдига бориб, ўтириб қолди. Мен Элбек Эшматов баҳона қиляпти, деб ўйладим. Шу пайт ИИБ ходимлари келиб, ҳаммани тинчлантирди ва мени ўзлари билан профилактика инспектори хонасига олиб кетди. Шундан кейин нима воқеа бўлганини билмайман.

...Жияним Озодбек нима қилганини, қачон сихни олиб Элбек Эшматовнинг орқасидан урганини кўрмадим, ўзимнинг жанжалим билан бўлиб унга аҳамият бермагандим. Агар бу ҳолатни кўрганимда дарҳол жанжални тўхтатиб, Элбек Эшматовни тезда шифохонага етказиб олиб борган бўлардим”, деган Улуғбек Бўриев ўз кўрсатмасида.

Судда педагог иштирокида сўралган Озодбек Болтаев ўз айбига қисман иқрорлик билдирган. У ўз кўрсатмасида агар Элбек Эшматовнинг олд томонидан борганида унга кучи етмаган бўлишини, шу сабабли орқасидан бориб сихни санчганини айтган.

Тоғам Улуғбек ва Элбек Эшматов бир-бирлари билан уришмаганида мен Элбек Эшматовга тан жароҳати етказа олмаган бўлардим. Сабаби, Элбек ака жуда гавдали ва бақувват эди”, деган Озодбек Болтаев.

У қилмишидан пушаймонлигини билдирган.

Суд ҳукми билан тоға ва жиян Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л, п” бандлари, яъни безорилик оқибатида бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этишда айбли деб топилган. Улуғбек Бўриевга 15 йил 6 ой, Озодбек Болтаевга 9 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Апелляцияда ҳукм ўзгарди

Жиноят иши Сурхондарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида судя М.Маликов раислигида ҳайъат судялари О.Жуманов ва К.Назаров иштирокида кўриб чиқилган.

2026 йил 27 январдаги ажрим билан дастлабки суд ҳукми ўзгартирилган. Унга кўра, Озодбек Болтаевнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди, яъни қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши, Улуғбек Бўриевники эса Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди – жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб безорилик содир этиш билан қайта малакаланган.

Шу тариқа бир одамни кабоб сихи санчиб ўлдирган жияннинг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо муддати 9,5 йилдан 7 йилга, тоғаники эса 15,5 йилдан 5 йилга туширилган.

Қотиллик қандай қилиб безорилик ҳамда қасддан баданга оғир шикаст етказишга ўзгариб қолди?

Апелляция суди ажримида келтирилишича, Улуғбек Бўриев жияни Озодбек марҳум Элбек Эшматовга сих билан тан жароҳати етказгани ҳолатини кўрмаган ва унга ёрдамлашмаган. Бунга далил сифатида жанжал акс этган видеолавҳадаги ҳолатлар келтирилган. Яъни жияни сихни Элбек Эшматовга санчган вақтида Улуғбек Бўриев “марҳумнинг қаршилигини бартараф этиш учун бирор бир ҳаракатни содир этмаган, уни ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум қилмаган”, деб хулоса қилинган.

Апелляция суди “Судланувчи Улуғбек Бўриев вояга етмаган судланувчи Озодбек Болтаев билан жиноий тил бириктириб, безорилик замирида Элбек Эшматовни қасддан ўлдириш жиноятини содир этганини тасдиқловчи объектив далиллар мавжуд эмас”, деган тўхтамга келган. Ажримда келтирилишича, Улуғбек Бўриевнинг ҳаракатларини бир гуруҳ шахслар бўлиб, қасддан одам ўлдириш сифатида квалификация қилиш учун у марҳумнинг қаршилигини бартараф этиб туриши ҳамда Озодбек Болтаев бундан фойдаланган ҳолда Элбек Эшматовга ҳалок этувчи шикаст етказган бўлиши лозим.

Шунингдек, апелляция суди “Озодбек Болтаев Элбек Эшматовни “қасддан ўлдириш учун реал имконияти бўлган, бироқ уни ҳаётдан маҳрум этиш қасди билан ҳаракат қилмаган ва ўлим юз беришини истамаган”, деган тўхтамга келган. Бунга далил сифатида ҳолат ёзиб олинган видеода Озодбек Болтаев сихни марҳумга санчиб олгач, ошхона олдига келиб, жанжални кузатиб тургани келтирилган.

Апелляция суди дастлабки суд ҳукмини ўзгартиришда келтирган энг муҳим асослар шулардан иборат.

Бу адолатдан эмас”

Марҳум Элбек Эшматовнинг яқинлари апелляция судининг ажримини адолатли эмас, деб ҳисобламоқда. Шу сабабли тафтиш шикояти киритилган.

Шикоятга кўра, Озодбек Болтаев кабоб сихи билан кутилмаган вақтда ва Элбек Эшматовнинг орқа томонидан югуриб борган ҳолатда кўкрак қафасига зарба бериши уни ҳаётдан маҳрум этиш қасди билан ҳаракат қилганини, қилмишининг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етганини, ўлим юз беришини истаганини тасдиқлаб турибди. “Агарда Озодбек Элбек Эшматовни қасддан ўлдириб, уни ҳаётдан маҳрум этиш қасди билан ҳаракат қилмаганида ва унинг ўлими юз беришини истамаганида узунлиги 52 см бўлган кабоб сихини қўлига олмаган ва у билан тан жароҳати етказмаган бўлар эди”, дейилади шикоятда.

Бундан ташқари, зарба марҳумнинг айнан ҳаёти учун муҳим бўлган кўкрак қафасига берилганига эътибор қаратилган. Бу орқали Озодбек Болтаев Элбек Эшматовнинг ўлими юз беришини истамаганида ҳаёти учун муҳим бўлмаган тана аъзоларига, масалан, оёқ соҳасига тан жароҳати етказган бўларди, деган фикр урғуланган.

Шикоятда апелляция судининг Озодбек Болтаев сихни марҳумга санчиб олгач, воқеа жойидан кетиб қолгани, унда Элбек Эшматовни “қасддан ўлдириш учун реал имконияти бўлгани” ҳақидаги асосига қарши “зарба ҳаёти учун муҳим бўлган аъзога берилгани, иккинчи ва учинчи жароҳатларни етказишга зарурат бўлмагани” ҳақида асос келтирилган.

Тафтиш шикоятида апелляция судининг Улуғбек Бўриев жияни сихни санчганини кўрмагани ҳамда Элбек Эшматовнинг қаршилигини бартараф этиш учун бирор бир ҳаракатни содир этмагани ҳақидаги асосларга ҳам эътирозлар мавжуд.

“Жиноятда икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмай жиноят содир этишда қатнашиши оддий иштирокчилик деб топилади. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “п” бандида бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан одам ўлдириш учун жавобгарлик белгиланган. Яъни “бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан жиноий тил бириктириб” деб эмас, “бир гуруҳ шахслар томонидан” деб кўрсатилган. Бундан кўринадики, иштирокчилик шаклига кўра икки ёки ундан ортиқ шахснинг олдиндан тил бириктирмасдан, оддий иштирокчилик шаклида қасддан одам ўлдириши Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан малакаланади. Озодбек Болтаев жабрланувчи Элбек Эшматовга сих билан тан жароҳати етказган ҳолатини судланувчи Улуғбек Бўриев кўрмагани улар ўртасида оддий иштирокчилик йўқ, деган хулосага келишга асос бўлмайди”, дея келтирилган шикоятда.

Озодбек Болтаевнинг ўзи ҳам суддаги кўрсатмасида тоғаси ва Элбек Эшматов бир-бирлари билан уришмаганида Элбек Эшматовга тан жароҳати етказа олмаган бўлиши ҳақида гапирган.

Марҳумнинг беваси ҳолат содир бўлгандаёқ ижтимоий тармоқдаги мурожаатида қотиллар олдиндан таҳдид қилиб келишгани, лекин тегишли органларга қилинган мурожаат бефойда бўлганини айтиб берганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид