Иқтисодиёт | 22:13 / 28.08.2019
8882
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иқтисодиётида ёш тадбиркорлар улуши ортиб бормоқда

2018 йил 27 июнь санаси юртимиз ёшлари ҳаётида янги саҳифа очилган кун сифатида тарихга муҳрланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан «Yoshlar – kelаjagimiz» Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг муҳимлиги шундаки, у жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган эди.

Хабарингиз бор, мазкур дастурнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилди. Ҳозирда республикамизнинг барча туман-шаҳарларида Жамғарма филиаллари тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларга тўғри йўналиш бериб, банкдан кредит олишига кўмаклашиб, ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тадбиркорлик қилмоқчимисиз?! Унда «Ёшлар - келажагимиз» жамғармасига мурожаат қилинг!

Тадбиркорлик нима? Тадбиркор бўлиш учун, аввало, нималарга эътибор қаратиш керак? Бугун юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қандай имконият ва имтиёзлар мавжуд? Бу ҳақида жавоб олмоқчи бўлсангиз, ҳудудингиздаги «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармасига мурожаат қилинг. Чунки у иш сўраганга иш, кредит сўраганга кредит, ер сўраганга ер бера оладиган тузилмага айланиб улгурган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси томонидан жорий йилда Давлат дастури қамровини янада кенгайтириш бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги таклифлари асосида жами 8 913та бизнес лойиҳалари ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда соҳалар кесимидаги манзилли рўйхати ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳалар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича республиканинг барча туман-шаҳарларидан таклиф қилинган лойиҳалар ичида энг истиқболлиларидир.

«Yoshlar – kelajagimiz» ҳам тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашади, ҳам иш билан таъминлайди.

«Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастурининг яна бир муҳим жиҳати, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш билан бирга уларни иш билан таъминланишига ҳам кўмаклашаётганлигидир. Жорий йилнинг 26 август ҳолатига кўра, ёшларнинг 1 735та бизнес лойиҳаларига жами 380,0 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Ажратилган кредит маблағлари ҳисобига жорий йил давомида 12 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда эса режага мувофиқ тармоқ жадвалига мувофиқ 7 мингга яқин янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Молиялаштирилган лойиҳаларнинг 174,8 млрд. сўмлик 798таси ишлаб чиқариш, 136,8 млрд. сўмлик 625таси хизмат кўрсатиш ҳамда 68,4 млрд. сўмлик 312таси қишлоқ хўжалиги соҳаларига тўғри келади.

2019 йилнинг ўзида ҳозирча чекка-чекка ҳудудларимизда 8та «Yosh tadbirkorlar» коворкинг маркази ҳамда 49та «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур комплексларда 33та савдо дўкони, 29та тикув цехи, 26та аёллар ва эркаклар салони, 24та новвойхона ва қандолат цехи, 18та автосервис, 15та умумий овқатланиш шохобчаси, 12та ҳунармандчилик устахонаси, 9та ўқув маркази, 5тадан «Book cafe», китоб дўкони, телефон тузатиш устахонаси, компьютер хизмати, фотостудия, дорихона ва бошқалар ташкил этилди. Бу дегани ёшлар иш билан таъминланди, халққа сифатли хизмат кўрсатиш бошланди дегани. Ҳозирда ушбу марказ ва гузарларда 479 нафар ёш қизғин иш жараёнида.

Шунингдек, Давлат дастури доирасида ёшларнинг умумий қиймати

9,1 млрд. сўм 11та лойиҳасига Жамғарма кафиллиги тақдим этилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашилди.

Ёшларни нафақат лойиҳаларини молиялаштириш, балки улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозорини топишга кўмаклашиш Жамғарманинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Шу мақсадда, 2018 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳридаги «Ёшлар ижод саройи»да «Ёш тадбиркорлар» Форуми ташкил этилиб, унда 100 нафар Давлат дастури орқали кредит маблағлари ажратилган ёш тадбиркорлар ҳамда 30га яқин Хитой Халқ Республикаси компаниялари вакиллари замонавий технологиялари ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Форумда ёш тадбиркорлар томонидан чет эллик ҳамкорлар билан 300 минг АҚШ доллари ва маҳаллий тадбиркорлар билан 2 млрд сўмдан ортиқ келгусидаги савдо ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган шартномалар имзоланди.

Форум доирасида ташкил этилган тадбирларда 5 минг нафарга яқин чет эллик ва маҳаллий тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар иштирокида 200та туман (шаҳар) ларда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдо ярмаркалари ташкил этилди. Савдо ярмаркалари доирасида 34 минг нафарга яқин тадбиркорлик фаолиятига қизиққан ёшлар жалб қилинди.

Ўтган давр мобайнида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида хорижий давлатлар билан манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Россия ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари бўйича ўзаро самарали ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилди.

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида «Ўзбекистон-Россия ёшлар бизнес форуми» ўтказилди. Ҳамкорликнинг устувор вазифалари сифатида икки мамлакатнинг ёш ишбилармонлари ўзаро тажриба алмашиши билан бирга, қўшма бизнес лойиҳаларини амалга ошириш, янги корхоналар ташкил этиш, ахборот технологиялари, рақамли тижорат каби соҳалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш белгиланиб, ҳамкорлик натижасида икки мамлакатнинг ёш ишбилармонлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга кўмаклашишга қаратилган «Ёшлар бизнес инкубатори» ташкил этилди.

Тадбирлар доирасида икки мамлакат ёш тадбиркорлари учун мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, қўшма тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун яратилган имкониятлар тўғрисида соҳа мутахассислари томонидан маҳорат дарслари ҳамда мамлакатимизда йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан таништиришга қаратилган бизнес саёҳатлар, соҳада ҳамкорлик масалаларига оид учрашувлар ташкил этилди.

Бундан ташқари имтиёзли кредит олиб ўз фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар томонидан 2019 йилда жами 500 минг АҚШ долларидан зиёд миқдорда экспорт қилишларига кўмаклашилди.

Ёшларни тадбиркорликка қизиқтираётган лойиҳалар

«Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ёшларни тадбиркорликка қизиқтириш, мазкур соҳага оид билимларини оширишига кўмаклашиш, бизнес лойиҳа ишлаб чиқиш йўлларини ўргатиш мақсадида турли хил лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этмоқда.

Республиканинг барча ҳудудларида «Тадбиркорлик сирлари», «Бизнес режа қандай тузилади?», «Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича тавсиялар», «Кредит ва солиқ сиёсати» каби мавзуларда 715та бизнес семинарлар, муваффақиятга эришган машҳур тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилди. Тадбирларда 28 минг нафардан ортиқ ёшларнинг малакалари оширилди.

Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларни ҳудуддаги йирик ва самарали фаолият юритаётган тадбиркорлик лойиҳалари билан таништириш мақсадида жойлардаги 1046 маротаба йирик ишлаб чиқариш корхоналари, технопарклар ва саноат зоналарига бизнес-саёҳатлар ташкил этилиб, уларга 35 544 нафар ёшлар жалб этилиб, уюштирилган бизнес саёҳатлар натижасида 1487 нафар ёшнинг бандлиги таъминланишига эришилди.

Албатта, тенгдошларини иш билан таъминлаётган, узоқни кўра оладиган ишбилармон тадбиркорлар турли соҳаларда халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, Ватанимизнинг тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшаётгани ҳар жабҳада сезилиб турибди. Бугун улар тадбиркорлар жамоасини шакллантирган ҳолда жаҳон бозорларида, бизнес майдонларида ғолиблик учун рақобатлашаётган йирик кучга айланган. «Ёшлар - келажагимиз» жамғармаси эса уларнинг энг яхши ғояларини, бизнес лойиҳаларин қўллаб-қувватлашда давом этади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид