Иқтисодиёт | 21:10 / 14.04.2026
892
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўзига кредит расмийлаштирилишини тақиқлаганлар сони 2,2 миллиондан ошди

2025 йил июндан Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси беш дақиқа ичида банк ва микромолия ташкилотларига ўз номига кредит беришини тақиқлаш имконига эга бўлди. 2026 йилнинг 1 апрел ҳолатига мазкур хизматдан фойдаланаётганлар сони 2 млн 207 минг 753 нафарга етган. Охирги 3 ойда бу кўрсаткич 5 баробарга ошди.

Фото: Kun.uz

2026 йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда “Кредитга тақиқ” хизматига уланган жисмоний шахслар 2 млн 207 минг 753 нафарни ташкил этди, дея хабар берди Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) матбуот хизмати.

Қайд этилишича, хизмат фойдаланувчиларининг 1 млн 283 минг 506 нафари эркаклар (58 фоиз), 924 минг 247 нафари эса аёллар (42 фоиз)дан иборат.

Ёш тоифалари кесимида энг катта улуш 26−35 ёшдагилар ҳиссасига тўғри келади — 674 минг 617 нафар (31 фоиз). Шунингдек, 26 ёшгача бўлганлар 536 минг 860 нафар (24 фоиз), 36−45 ёшдагилар 528 минг 866 нафар (24 фоиз), 46−55 ёшдагилар 275 минг 201 нафар (12 фоиз) ва 56 ёшдан юқори фуқаролар 192 минг 209 нафарни (9 фоиз) ташкил этган.

Эътиборга молик жиҳати, “Кредитга тақиқ” хизматидан фойдаланувчилар сони жорий йилнинг дастлабки 3 ойида 5 баробарга ошган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойининг бошида ҳукуматнинг электрон тизимларига уюштирилган киберҳужум натижасида ўзбекистонликларнинг шахсига оид маълумотлар даркнетда тарқаб кетганди

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид