Ўзбекистон | 11:06 / 08.09.2022
19242
2 дақиқада ўқилади

Қариндош бўлмаган шахсларни «прописка»дан чиқаришда улар розилигини олиш бекор қилинди

Президент томонидан жорий йил август ойида мулк ҳуқуқи бўйича янги фармон имзоланди. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бир қатор тартиб ва талаблар бекор қилиняпти.

Хусусан, мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни (танишлар, узоқ қариндошлар) ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан – “прописка”дан чиқариш учун улар розилигини олиш талаб этилмайди. Тегишли органлар маълумотига кўра, 2,5 йилда фуқаролик судларига шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси (82 фоизи) қаноатлантирилган.

Суд томонидан турар жойни сотиб олган шахс инсофли эгалловчи деб топилганда, жисмоний шахсдан ушбу турар жойни давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш тақиқланади. Яъни, агар турар жой UZKAD тизимидаги нотўғри маълумотларга ишониб харид қилинган бўлса, 3 йилдан кейин сотиб олувчидан (инсофли эгалловчи) ушбу уйни талаб қилиб олиш мумкин эмас. Дастлабки мулкдорга етказилган зарар давлат томонидан қопланиб, кейинчалик айбдордан ундирилади.

“Снос” жамғармалари жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармаларга айлантирилди. 2023 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган қуйидаги зарарлар шу жамғармалардан тўлаб берилади:

  • кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар;
  • давлат органи, мансабдор шахс, хусусан, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида мулкдорга етказилган, суд қарори билан аниқланган зарар;
  • турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар.

Мавзуга оид