Прописка масаласи Тошкент шаҳри ва вилоятини яқин вақтгача давлат ичидаги давлатга айлантириб қўйганди гўё: уй сотиб олишдаги чекловлар, давлат ишига киришдаги муаммолар, ўз уйида ўзи ижарада яшаш, коррупция, дискриминация... Бошқа ҳудуддан пойтахтга кўчиб келган ёки уй сотиб олганларнинг аксариятида прописка билан боғлиқ аламли хотиралар бор. Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бугун расман бекор бўлди.

Дискриминация ва унинг тугаши

Тошкент пропискаси 1999 йил феврал воқеаларига бориб тақалади. Айни шу воқеалардан кейин пойтахтга бошқа ҳудуддан келиб прописка қилиш чекланди. Ўша пайтда вилоятликларга Тошкент шаҳридан уй сотиб олиш, кўп ўтмай эса бошқа шахсдан ҳадя асосида қабул қилиш ҳам тўхтатилди.

Пойтахтга пропискага қўйиш ишлари Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошида тузилган махсус комиссия қўлида эди. Ушбу комиссиянинг ижобий хулосаси бўлганларгина ички ишлар органлари томонидан прописка қилинарди. Бу фуқароларни Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга қўйишда коррупцияни авж олдирди. 2010 йилда эса Тошкент вилоятига пропискага кириш ҳам махсус комиссия хулосасига кўра мумкин бўлди.

2011 йил 14 сентябрда “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Аслида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига зид бўлган бу қонун очиқ дискриминациянинг ҳуқуқий асоси эди. Қонунга кўра, 12 тоифадаги фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятига прописка қилиниш имкониятига эга бўлишди.

2017 йилга келибгина давлат ва одамларга фойдасидан зарари кўп бўлган Тошкент пропискасини бекор қилиш борасида амалий ҳаракатларга ўтилди: секин-аста Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискага қўйиш чекловларини таранг тортиб турган занжирлар бўшатила бошланди. Аввалига вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди. Сўнгра пойтахтда вақтинчалик пропискасиз бўлиш муддати узайтирилди, 2020 йилга келиб Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискасиз уй олиш мумкин бўлди