Ўзбекистон | 22:18 / 09.07.2021
1938
2 дақиқада ўқилади

«Қарз олиб четга кетган ватандошимиз яна 450 долларга рухсатномани қандай олади?»

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов Россияга борган юртдошларимизнинг нега ноқонуний ишлашга ҳаракат қилишлари сабаби ҳақида гапирди.

«Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар қўрғонида мономарказ очдик. У ерда Бошқирдистон миграцион марказининг филиали ташкил қилинди. Филиал ўтган ойда рўйхатдан ўтди ва бошқирдистонлик тўрт нафар ходим иш бошлади. «Хўш, бу бизга нима беради?» деган савол туғилиши мумкин. Бошқирдистон мисолида айтаман, агар меҳнат муҳожирининг ўзи у ерга борса, 21 кун ичида патент олиши керак бўлади. Ўзим гувоҳ бўлдим, ҳатто биргина ариза ёзиш 1500 рубл экан. Қолаверса, тиббий кўрикдан ўтиш, миграцион агентликнинг рухсатномаси олиниши керак.

Умуман, қонуний рухсатнома олиб ишлаш жараёни жуда оғир ва қиммат бўлгани учун ҳам юртдошларимиз у ерга бориб, «нолегал» ишлаяпти. Ҳисоблаб чиққанимизда, рухсат олиб ишлаш учун 450 АҚШ доллар пул сарфланяпти. Энди савол туғилади, мигрант самолёт пулини ҳам қарзга олиб кетган бўлса, қанақасига у 450 доллар пул бериб, рухсатнома олади?» — деди ҳоким ўринбосари.

Ўроқов Самарқандда очилган мономарказда ҳужжатлар тўлдириш жараёни бепул ташкил қилингани, фақатгина тиббий кўрик ўша давлатнинг ўзида бир кун ичида амалга оширилишини таъкидлаб ўтди. Қолаверса, мономарказ орқали борадиган фуқаронинг иш, яшаш жойи, овқатланиши, маоши ҳам тайин бўлишини маълум қилди.

Айтиш жоиз, Жамшид Ўроқов ўтган йили Россиянинг Саратов шаҳрида бўлиб, ўзбек диаспоралари билан ташқи миграция масалалари бўйича келишув имзолаган эди. 

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид