Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ТИВ нота бериш билангина чекланиб қолмоқда – президент хориждаги фуқаролар ҳуқуқлари бузилиши ҳақида
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани масаласига ҳам эътибор қаратилди.
«Хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқароларимиз борлиги бизни ташвишга солади», – деди давлат раҳбари.
Президент матбуот хизматига кўра, 2025 йил Россияда 150 мингдан зиёд фуқарога «миграция амнистияси» қўллашга эришилган. Йиғилишда бошқа мамлакатларда ҳам фуқароларга қонуний асосда ишлашга кўмаклашиш, бу борада хорижий томонлар билан музокараларни фаоллаштириш, шу билан бирга фуқаролар ҳам ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилиги талабларига риоя қилиши лозимлиги қайд этилган.
Бундан буён миграция оқими кўпайиб бораётган давлатлар, айниқса, Европада меҳнат мигрантлари билан ишлаш элчихоналардаги консулларнинг асосий вазифаси бўлиши белгиланган.
Шунингдек, чет элдаги фуқароларни консуллик ҳисобига қўйиш тартибини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократияни қисқартириш топширилди.
Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотаётганига эътибор қаратилган.
Аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолаётгани қайд этилган.
«Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт», – деди президент.
Бундан ташқари, хориждаги ёшлар ёки талабаларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани барчани жиддий ташвишга солиши кераклиги таъкидланган.
Бундан буён элчилар «кабинет дипломатияси»дан воз кечиб, хориждаги ватандошлар ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун бепул колл-марказ ташкил этиб, мурожаатларини тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратиш топширилган.