Ўзбекистон | 13:24 / 05.03.2021
3233
2 дақиқада ўқилади

«Тошкент шаҳар фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилади

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг ўттиз бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар қилмоқда.

Сессияда дастлаб Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар кенгашидаги барча депутат аёлларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрам билан табриклади.

Шунингдек, сессияда шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳар фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш масаласи кўриб чиқилди. Депутатлар эътиборига кўкрак нишонининг бир неча намунаси ва низоми тақдим этилди ҳамда намуналар орасидан миллий хусусиятлар ва давлатчилик тарихига мос бўлгани танланиб, бир овоздан маъқулланди. 

Мазкур кўкрак нишони ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шаҳардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган фуқаролар, кенг жамоатчилик вакилларини тақдирлаш мақсадида таъсис этилмоқда. 

Шунингдек, кўкрак нишон билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид