Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси учун ташкил этилган Telegram-бот фош этилди
Тошкент шаҳар ИИББ АТСЖҚК бошқармаси ўтказган тезкор тадбирда Telegram мессенжери орқали ноқонуний гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар савдоси ҳамда крипто-активлар билан операциялар амалга оширилган махсус бот аниқланди. Юнусобод туманида 3 нафар гумонланувчи қўлга олинди.
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳар ИИББ АТСЖҚК бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Telegram мессенжерида ноқонуний гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар савдоси учун яратилган махсус бот фош қилинди. Шунингдек, мазкур бот орқали крипто-активларни олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш билан шуғулланган шахслар ҳам аниқланган.
Маълум қилинишича, пойтахтнинг Юнусобод туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 1997, 2001 йилда туғилган шахслар қўлга олинган. Улар томонидан ушбу бот бошқариб келингани аниқланган.
Тезкор тадбир давомида 4 дона телефон, 3 дона ноутбук, 12 дона турли хил банк пластик карталари, 11 дона SIM-карта, шунингдек қоғозга ўралган гиёҳвандлик моддалари топилиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Шу билан бирга, гумонланувчиларнинг телефонлари кўздан кечирилганда хорижий ва бошқа электрон крипто-ҳамёнлар орқали 95 мингга яқин транзакция амалга оширилгани, умумий ҳисобда 2 млн 375 минг АҚШ долларига тенг миқдорда крипто-активлар айланмаси бўлгани маълум қилинди.
Суриштирувлар натижасида гумонланувчи шахслардан бири томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар савдоси учун яратилган махсус канал ҳам бошқариб келингани қайд этилди. Шунингдек, тезкор-қидирув тадбирлари доирасида гумонланувчилардан бирининг хонадони кўздан кечирилганда унинг яшаш манзилидан 550 дона кучли таъсир қилувчи дорилар топилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 278-8-, 243 ва 251-1-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Пойтахт ИИББ бу каби тезкор тадбирлар давом этаётганини маълум қилди.
Хулоса: Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Telegram орқали гиёҳванд моддалар савдоси ва крипто-активлар айланмасига алоқадор схемани фош этди. Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
11:07
Тошкентда дори воситаларининг ноқонуний савдоси фош этилди
10:03
Тошкентда автобусларга газ қуйиш шохобчалари 33 тадан 11 тагача қисқартирилди
14:30 / 23.12.2025
Тошкентда автобус йўналишларидан бирининг қатнови қисқартирилади
12:35 / 20.12.2025