Транспорт вазирлигининг биноси аукционда сотилганидан 2 кун ўтиб, вазирлик ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси биноси ҳам ўз эгасини топди.

18 декабр куни қўмитанинг “Ҳамид Олимжон” метро бекати олдидаги маъмурий биноси электрон аукционда 242 млрд сўмга сотилди. Бу – бошланғич нархдан 5 фоизга юқори.

Харидор – Норбеков Қобилжон Мамадиёрович. 15 дақиқа давом этган аукционда фақат у нарх таклифини берган.

“Ўзавтойўл” биноси 1975 йилда қурилган бўлиб, умумий майдони 19,4 минг квадрат метрни ташкил этади. Бино эгаллаган умумий майдон – 1 гектар.

Харидор у ерда офис ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 16 декабр куни Транспорт ва Қурилиш вазирликларининг Шайхонтоҳур туманидаги бинолари мос равишда 187,7 млрд ва 182,5 млрд сўмга сотилганди. Йил бошида эса Энергетика вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” бинолари 440 млрд сўмга хусусийлаштирилган.

Давлат ташкилотларининг маъмурий бинолари сотилаётгани – улар Янги Тошкентга кўчиб ўтиши билан боғлиқ.