Ўзбекистон | 12:52 / 28.02.2021
20502
2 дақиқада ўқилади

«Илгари китобни яшириниб ўқирдик» — 108 ёшли опасини йўқлаган 105 ёшли Иброҳимхон ота хонадонида

Ижтимоий тармоқларда ёши 108 ёшга етган опасини йўқлагани борган 105 ёшли отахон тасвирланган видеолавҳа жуда илиқ кутиб олинди. Kun.uz мухбири ўша отахонни зиёрат қилиб борди.

Ҳозир Иброҳимхон ота Хўжаев — 105 ёшда. Наманган туманида истиқомат қилувчи отахон кўп йиллар ҳалол меҳнат ортидан оила тебратиб, эл хизматида бўлган.

Отахон 8 ўғил, 3 нафар қиз, 50дан ошиқ набира, 90дан ортиқ чевара ва 13 эварага дуогўй бўлиб ўтирибди.

Иброҳимхон ота бутун умр деҳқончилик билан шуғулланган. Ўз иши орқали 11 фарзандни уйли-жойли қилган.

Отахон нафақат ўз қишлоғи, балки бутун вилоятда ҳам ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлган. У давлат раҳбари билан ҳам учрашган.

Отахоннинг эл назарига тушишига сабаб халқ учун қилган яна бир хизматидир. Қаҳрамонимиз деҳқончилик билан бирга 58 йил давомида маҳаллада гўрковлик қилган.

Унинг хонадонида аждодлари Хожа Аҳмад Яссавийга бориб туташишини исботловчи шажара ҳужжати ва муҳр сақланади.

У ёшликдан аждодлари сингари илм олишга астойдил бел боғлаган. «Илгарилари қочиб юриб (яширинча) китоб ўқир эдик. Ҳозир ҳамманинг қўлида Қуръон», – дейди отахон.

Иброҳимхон ота ҳозирги кунда илм олиш учун катта имкониятлар яратилганини кўп таъкидлади.

Отахоннинг узоқ умр кўриб, шу ёшда ҳам опасини кўргани бориши, яъни қариндош-уруғлардан хабар олиши силаи раҳмдандир. Шу сабабдан ҳам авлодлари ҳар қандай маъракада жам бўлиб, ҳаёт ташвиш-у қувончини бирга баҳам кўришади.

Биз Иброҳимхон ота Хўжаевга соғлик-саломатлик тилаб қоламиз.

Тоҳиржон Турсунов тайёрлади

Мавзуга оид