Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Наманган туманида бўлгани айтилган хусусий боғчадаги ҳолат акс этган видеолар тарқалди. Унда тарбиячи болалар билан мусиқали ўйин ташкил қилаётган вақтда уларга нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлгани кўринади.

Воқеа думалоқ видеода тасвирга олинган. Аёл тарбияланувчиларни ҳақоратлаб урган. Видеода унинг “Тур, тур! Мен кимга жон куйдиряпман?” дея жуда баланд овозда бақиргани ҳам кўринади.

Вазият ҳақида Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирган. Унга кўра, туманнинг “Эшобод” МФЙ ҳудудида жойлашган “3-Ренессанс авлодлари” номли мактабгача таълим ташкилоти бир фуқаро томонидан нотурар жойда давлат рўйхатидан ўтмасдан ва лицензиясиз ишлаётгани аниқланган.

“44 нафар бола қамраб олинган ушбу ноқонуний мактабгача таълим ташкилоти фаолияти тўхтатилиб, юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга барча ҳужжатлар тақдим этилгани билдирилади”, – дейилади изоҳда.

Қайд этилишича, видеода келтирилган муассаса тарбиячиси билан профилактик суҳбатлар ўтказилган. Келгусида бундай вазиятлар такрорланмаслиги юзасидан қатъий огоҳлантирилиб, зарур тушунтириш ишлари олиб борилган.