Наманган туманида жойлашган цемент ишлаб чиқарувчи “Toshbuloq invest group” МЧЖнинг махсус қоришма сақланадиган баландлиги 17 метрли махсус “бункер”ига туширилган 18 ёшли ишчиси Баҳром Ҳошимов тозалаш вақтида вафот этган. Бахтсиз воқеани текшириш бўйича махсус комиссия ҳодисага ишчининг ўзи айбдор экани ҳақида хулоса тузган. Марҳумнинг ота-онаси корхона асл ҳолатни яшираётганини, ходимлар у ерга раҳбарият кўрсатмаси билан, белига оддий арқон боғлаган ҳолда туширилганини  айтмоқда. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганди.

Ҳодиса 2025 йил 28 ноябр куни соат 10:30 ларда юз берган. Гувоҳларнинг тасвирлашича, Баҳром Ҳошимов цемент маҳсулоти таркибига қўшилувчи махсус қоришма сақланадиган “бункер”га бахтсиз ҳодиса юз беришидан аввал ҳам тушириб келинган. Марҳумни «бункер»га тушириб унинг тепасида назорат қилиб турадиган ходим ўша куни иш билан бошқа томонга кетиб қолган. Тахминан 6 дақиқа ўтиб иш жойига қайтган ходим Баҳром Ҳошимовнинг ўпирилиб кетган қоришма ичидан қўлини чиқариб, ёрдам сўраётганини кўриб қолган.

Меҳнат муҳофазаси инскпекцияси томонидан ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ва саломатликка бошқа хил зарар етказилиши тўғрисида Н-1 шаклидаги тузилган далолатномада ҳам марҳум ҳеч ким топшириқ бермаган бўлса-да, белига арқонни боғлаб ишлаб турган бункер ичига ўз ихтиёри билан тушгани учун ўлим ҳолати юз бергани қайд этилган.

Ваҳоланки, шу пайтгача корхона ходимлари хавфли тарзда белига оддий арқон боғланиб махсус бункерга мунтазам равишда тушириб келинган. Буни марҳумнинг яқинлари корхона ишчилари орқали аниқлаштирган. Ўша куни бункер тепасида марҳумни кузатиб турган назоратчи воқеа жойидан кетиб қолган. Бир муддатдан кейин келиб бункер ичидаги ўпирилган қоришма ичига тушиб кетган ҳамкасбининг қўлини кўриб қолиб, атрофдагиларни ёрдамга чақирган.

Барча уринишлар бесамар кетиб, Баҳром Ҳошимовнинг мурдаси 40 дақиқадан сўнг бункер оғзидан чиқариб олинган.

Ишни ёпишга ҳаракат қилишяпти...