Биз тараққиёт учун зарурат ҳисоблайдиган ташқи қарз зарарли юкка айланмоқда — Алишер Қодиров Ангрен шина заводи фаолиятини танқид қилди
«Миллий тикланиш» партияси раиси 156,4 миллион доллар ташқи қарз эвазига барпо этилган Ангрен шина заводининг 15 фоиз қувват билан ишлаётганига тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда машина ишлаб чиқариш жараёнлари бошланганидан 25 йил ўтганига қарамай, республика импортининг учдан бир қисмини шу тармоқ маҳсулотлари эгалламоқда.
«Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Ҳисоб палатасининг 2020 йил учун баёноти бўйича ўз фикрларини билдирди.
Партия фракцияси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига эътироз билдирилган.
«Биз ташқи қарзни тараққиёт учун зарурат деб биламиз. Унинг самарасиз ишлатилиши йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир», деди Алишер Қодиров.
Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, Хитой Эксимбанкидан жалб қилинган 156,4 миллион доллар маблағ ҳисобига барпо этилган Ангрен шина заводи 3 миллион дона шина ишлаб чиқариши ва шиналар «ЎзАвтоМоторс»да импорт ўрнини қоплаши керак эди.
«Ангрен шина заводи қувватининг 15 фоизида ишламоқда. Омборида 100 мингта шина сотилмай турибди. Сабаби доимгидек, сифат талабига жавоб бермайди. Ўз навбатида, сўнгги икки йилда «ЎзАвтоМоторс» 60 миллион долларга яқин маблағга шина импорт қилган», дея таъкидлади «Миллий тикланиш» партияси раиси.
Маълумот учун, Ангрен шина заводи 2017 йилда Хитойнинг «Poly Technologies» компанияси томонидан қурилган, лойиҳани Хитой Эксимбанки молиялаштирган. 2018 йил июль ойидан заводда ишлаб чиқариш жараёни бошланган. Завод 30 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уни қуришдан асосий мақсад биринчи босқичда енгил автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқариш бўлса, иккинчи босқичда конвейер тасмалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган эди. Бу лойиҳанинг маҳаллий ташаббускори «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ҳисобланади.
Шу ўринда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, машина асбоб-ускуналари Ўзбекистон импортида жуда катта улушни эгаллайди. Хусусан, биргина жорий йилнинг январь-февраль ойларида машина ва асбоб-ускуналар импорти 1 миллиард 63,5 миллион долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, бу рақамлар умумий импортнинг (3 миллиард 25,1 миллион доллар) учдан бир қисмини ташкил қилган. Битта савол туғилади: чорак асрдан бери машинасозлик тармоғи мавжуд бўлган мамлакат умумий импортининг учдан бир қисмини ҳалигача шу соҳа маҳсулотлари эгалламоқда.
Аввалроқ, Сенатнинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Хитой билан инвестиция ва савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича тасдиқланган йўл харитасида кўзда тутилган қиймати 871 миллион долларлик 7та лойиҳа амалга оширилишида муаммолар борлигини маълум қилганди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида амалга оширилиши керак бўлган 177,6 миллион долларлик 7та лойиҳа истиқболсиз деб топилган.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов сўзларига кўра, йўл хариталарига истиқболсиз ва хом лойиҳалар киритилгани, лойиҳалар сифатига эмас, балки рақамлар ортидан қувиш принципи асосида ишлаб чиқилиши ва истиқболли режаларнинг республика вазирлик ва идораларида узоқ муддатли даврда кўриб чиқилиши уларни амалга оширишда сунъий тўсиқларни юзага келтирмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ташқи давлат қарзининг 20 фоиздан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда. 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 21,1 миллиард долларни ташкил этди. Халқаро давлат молия ташкилотлари ичида Хитой Эксимбанки (2 миллиард доллар) ва Хитой тараққиёт банки (2 миллиард доллар) республика ташқи қарзида салмоқли улушга эга ҳисобланади.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
17:21 / 29.10.2024
2025 йилда Ўзбекистон 5,5 млрд долларгача ташқи қарз олиши мумкин
15:34 / 20.10.2024