Ўзбекистон | 21:51 / 01.05.2019
52661
8 дақиқада ўқилади

Автомобиль учун мажбурий суғурта табиий офат зарарларини қоплаб берадими?

Фото: Халқ сўзи

Апрель ойи талофатларга бой бўлди. Сурункали ёмғир натижасида селлар вужудга келиб, оқибатда инсон ҳаёти ва мол-мулки хавф остида қолди. Қишлоқлар, ҳатто шаҳарлар ҳам «иккинчи Венеция»га айланди. Қанчадан-қанча машиналар сув остида қолиб кетди. Одамлар дод-вой қилиб, ижтимоий тармоқларга жар солишмоқда: «Автомобилимни суғурта қилдиргандим. Лекин суғурта компанияси компенсацияни тўлашдан бош тортяпти. Қани адолат?».

Шу давр мобайнида суғурта компанияларига бўлган ишонч оз бўлсаям тушди. Аслида нималар бўляпти? Вазиятга учинчи шахс бўлиб назар ташланса, асл ҳақиқат қалқиб чиқади.

Шу мақсадда «Кафолат суғурта компанияси» АЖ мажбурий суғурта бўлими бошлиғи Дилшод Урунов автосуғурта аҳамиятини тушунтириб берди.

Мажбурий суғурта нима?

«Мажбурий суғуртани ҳар ким турлича тушунади. Ўзи бу нима учун керак, деган саволни қўйишади. Суғуртанинг бу тури жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарарлар ўрни қопланишини кафолатлаш мақсадида жорий этилади. Бошқача айтганда, мажбурий автосуғурта мижознинг жабрланувчи олдидаги фуқаролик бурчини кафолатлайди. Фуқаролик кодексининг 922-моддасида фуқаролар ўз ҳаёти ёки соғлиғини мажбурий суғурталашига йўл қўйилмаслиги белгиланган. Демак, мажбурий суғуртада фуқаро ўзини эмас, балки мол-мулкини суғурталаши мумкин. Унинг бир неча турлари (автосуғурта, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш, ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси) бўлиб, ҳозирги пайтда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётгани автосуғуртадир.

Қайси ҳолатларда автомобиль учун мажбурий суғурта пули тўлаб берилади?

Дарахт ва бошқа қаттиқ жисм қулаши натижасида автомобилга зарар етганда суғурта компанияси фуқаронинг сўровини рад этишга ҳақли. Чунки бу ерда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлмаган. Мижоз (автомобилини суғурта қилдирган шахс) ўз эҳтиётсизлиги сабабли бошқа инсоннинг ҳаёти ва мол-мулкига зарар етказмаган. Юқорида айтилганидек, мажбурий суғурта фақат фуқаронинг бошқа шахс олдидаги жавобгарлигини кафолатлайди. Мажбурий суғурта суд ҳукми ёки йўл патрул ҳизмати ходими хулосаси тақдим этилгандан сўнг тўлаб берилади. Табиий офат ёки бахтсиз ҳодиса туфайли автомобилга зарар етса, бу ерда жавобгарликка тортиладиган томон бўлмайди. Бу каби ҳолатларда автомобилни ихтиёрий суғуртадан ўтказиш орқали нохушликларни бартараф этиш мумкин.

Мажбурий автосуғурта суммаси қанча?

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сонли қарорига мувофиқ, суғурта пули суммаси 12 миллион сўм, деб белгиланган. Унинг 35 фоизи (4 млн. 200 минг сўмгача) автомобилга етказилган зарар учун, қолгани 65 фоизи (7 млн. 800 минг сўмгача) жабрланувчи ҳаёти учун қоплаб берилади. Бунда автомобилга етказилган зарар баҳоловчи ташкилотлар томонидан ҳисоблаб чиқилади. Жабрланувчига тўланадиган суммани ҳисоблашда эса бемор ҳақидаги шифокор хулосаси асос бўлади. Суғурта компанияси шуларни инобатга олиб қанча сумма ажратилишни ҳал қилади.

Мижоз тўлайдиган суғурта мукофот пули қандай ҳисобланади?

Мажбурий суғурта муддати 6 ойлик ва 1 йиллик бўлади. Хориж фуқаролари учун эса 15 кунликдан бошлаб 1 йилгача бўлиши мумкин. Деярли барча фуқаролар 1 йиллик суғуртани маъқул кўришади. Энди суғурта мукофот пулига тўхталсак: бу сумма ҳамма транспорт воситалари учун бир хил эмас ва суғурта компаниялари буни қуйидаги мезонларга асосан ҳисоблаб чиқаришади:

  • транспорт воситаси кўп фойдаланадиган ҳудуд (Тошкент шаҳри ва вилоятлар учун турлича);
  • транспорт воситасининг турига қараб (двигатели ҳажми, юк кўтариш ҳажми, ўриндиқлар сони);
  • олдинги даврда суғурта ҳодисаси содир бўлган-бўлмаганига қараб;
  • ҳайдовчининг стажига қараб;
  • транспорт воситасидан фойдаланиш даври;
  • ҳайдовчининг ёши.  

Янги тартибга кўра, суғурта суммаси 40 млн. сўм (аввалги 12 млн. сўм) деб белгиланди. Яна қандай ўзгаришлар киритилди?

2019 йил 16 мартда Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 222-сонли қарорида (2019 йил 16 июндан кучга киради) суғурта суммаси 12 млн. сўмдан 40 млн. сўмга (3.3 баравар) ошди. Нима учун миқдор оширилди? Аввалги сумма етказилган зарар миқдорини қисман бўлса-да қоплай олмаслиги аниқланди. Эндиликда мол-мулкка етказилган зарар 14 млн. сўмгача (35 фоиз), инсон ҳаётига етказилган зарар эса 26 млн сўмгача (65 фоиз) миқдорни ташкил қилади. Суғурта мукофот пули тарифи эса туширилди. Юқоридаги мезонлар сони қисқарди ва соддалаштирилди. Унга биноан, ҳайдовчининг ёши, иш стажи бир хилда ҳисобланади, транспорт русуми алоҳида категорияланмайди (масалан, Spark, Nexia, Captiva – ҳаммаси турлича от кучига эга бўлса-да, енгил автомобиль гуруҳига киритилган. Бошқа шахс фойдаланиши учун мижоздан ишончнома талаб этилмайдиган бўлди. Икки хил мажбурий суғурта тури (чекланган ва чекланмаган) аввалгидан фарқли равишда ажратиш учун мовий ва пуштирангда бўлади. Булар энг асосий ўзгаришлардир. Суғурта мукофот пули енгил автомобиллар учун илгари ўртача 50-60 минг сўмни ташкил этган бўлса, янги қарорга биноан бу сумма ўртача 47 минг сўмдан иборат бўлади, дея фикр билдирди Урунов.

Қонунчиликдаги ўзгариш кимга фойда, ким зарар?

Суғурта жавобгарлиги оширилиб 40 млн сўмга етказилди. Суғурта мукофоти, (ўртача 47 минг сўм) аксинча, нархи туширилди. Бунда баланс йўқолади, лекин бу ерда асосий мақсад аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдир. Аммо масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Мувозанат бузилиши суғурта компаниялари зарарига ишлаши мумкин. Шу билан бир қаторда, қонунчилик соддалаштирилди. Бу ҳам фуқаролар, ҳам суғурта компаниялари учун фойдали бўлади. Бошқа томондан олиб қараганда, ҳар бир транспорт воситаси учун алоҳида мезонлар (двигатель ҳажми, оғирлиги ва бошқалар) амал қилмаслигидан суғурта компаниялари зарар кўриши мумкин. Масалан, Spark, Nexia, Captiva автомобиллари турлича от кучига эга. 2019 йил 16 июндан кучга кирадиган қарорга кўра,  улар умумий қилиб енгил автомобиль турига киради ва от кучи, двигатели сиғимидан қатъи назар бир хил миқдордаги суғурта мукофотини тўлайди. Агарда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлсаю, «енгил автомобиль» турига кирувчи автомобиллар бир хил даражада зарар кўрган бўлса ҳам уларга суғурта компанияси турлича компенсация пули тўлайди. Чунки автомобиль моделига қараб зарар суммаси ўзгаради. Соддароқ тушунтирилса, Spark ва Captiva автомашиналари иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Иккаласига етган зарар даражаси бир хил.  Лекин баҳолаш ташкилоти уларга икки хил суммани айтади, негаки Captiva русумли автомобилнинг эҳтиёт қисмлари қимматроқ ва шунга яраша харажати кўп бўлади. Бундан зарар кўрувчи ташкилот суғурта компанияси бўлади. Мижоз тўлайдиган суғурта мукофоти ва суғурта компаниялари тўлаб берадиган пул миқдори ўртасида баланс бўлиши лозим. Қонунчиликни соддалаштириш яхши, аммо у бир томонлама бўлмаслиги керак. Иккала томон манфаати бирдай ўйлангани маъқул. Хулоса қилишга ҳали эрта. Вазият қандай бўлишини вақт кўрсатади.

Муҳаббат Маъмирова тайёрлади

Мавзуга оид