Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хивада Тош ҳовли саройи девори нега бузилганди? Масъуллар миш-мишларга айланган воқеа хусусида изоҳ беришди
11 декабр куни Хивада Тош ҳовли саройи деворининг бир қисми ўзбошимчалик билан бузиб ташлангани ҳақида хабар берилган эди.
Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, ҳолат юзасидан масъуллардан изоҳ олди. «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси илмий котиби Комилжон Худойбергановнинг маълум қилишича, бино чўккани ва деворнинг оғиши сабаб таъмирлаш ишларини зудлик билан бошлашга тўғри келган.
«Деворни таъмирлаш бўйича 2019 йилда лойиҳа ҳужжатлари қилинди, аммо икки нарса таъмирлашни зудлик билан бошлашимизга сабаб бўлди. Биринчиси – девор парапети (иккинчи қавати) юқори қисмидан шарқий томонга қараб 20 сантиметргача оғди. Сўнгги кунларда бу жараён янада тезлашди. Тушунишимча, ерости сувининг қочиб кетгани бунга сабаб бўлган. Авваллари Ичан-Қалъадаги қудуқларда 8-9 метр чуқурликда сув бўлар эди, ҳозир сув йўқ. Ана шу ерости сувларининг йўқлиги кўп ёдгорликларнинг чўкишига олиб келган. Калтаминорга борсангиз, у ерда ҳам ёдгорлик чўкиб бораётганига гувоҳ бўласиз.


Девор таъмирини ҳозир бошлаганимизга иккинчи сабаб – айни вақтда сайёҳлар ва ўткинчиларнинг камлиги. Худо сақласин, девор бировнинг устига йиқилиб кетадиган бўлса, унинг тагидан олиб чиқиб бўлмайди.
Шунинг учун ҳозир илмий асосланган режа асосида ва назорат остида таъмирлашни бошладик. Лекин албатта, деворни таъмирлаш учун қайсидир қисмини бузишга тўғри келарди. Режамизга кўра, девордан олинган ғиштлар бутунлигича ўз ўрнига қайтариб терилади. Натижада, биз девордаги оғишни бартараф этамиз ва уни тик ҳолига келтирамиз. Деворни бузишдан мақсад шу эди. Бу ерда бошқача шов-шувларга ҳожат йўқ», – деди у.

Шунингдек, Комилжон Худойберганов девор таъмири бўйича лойиҳа ва смета ҳужжатлари илмий кенгашдан ўтказиб бериши учун шу йил августда Маданият вазирлигига берилгани, аммо орадан 4 ой ўтса-да, бирор жавоб бўлмагани, вазият оғирлашиб кетганидан сўнг бу ишларни бошлашга мажбур бўлишганини билдирди. Бундан ташқари, таъмирлаш ишларидан Маданият вазирлиги қошидаги Маданий ёдгорликларни таъмирлаш, сақлаш департаменти Хоразм вилоят бўлимининг хабари борлиги, улар томонидан рухсатнома берилгани ҳам маълум қилинди.
Деворни таъмирлашда иштирок этаётган «Сургут нефть строй» хусусий корхонаси раҳбари Бахтиёр Матризаевнинг айтишича, қурилиш аралашмасига музлашга қарши кимёвий модда қўшган ҳолда ғишт терилмоқда.

“Аралашма ёпишқоқлигини таъминлаш учун оҳаксув ҳам қўшяпмиз. Таъмирлаш тугаганидан сўнг, девор 8 баллгача ер силкинишларига бардош бериши кутилмоқда”, – деди у.
Ижтимоий тармоқларда «Сургут нефть строй» корхонаси нефт қазиб чиқариши, тарихий бинони бузиб нефт изланаётган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги миш-мишлар тарқалди. Бахтиёр Матризаев бу каби иддаоларни рад қилди. Одамлар корхона номини қайсидир ташкилот номи билан адаштиргани, «Сургут нефть строй»нинг таъмирлаш билан шуғулланиши тўғрисида лицензияси мавжудлигини маълум қилди.
Мавзуга оид
13:00 / 11.12.2025
Қорақалпоқ ўтови ЮНЕСКО номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилди
16:13 / 05.12.2025
Музей ва зиёратгоҳларга “виртуал саёҳат”, QR-код ва мобил илова жорий этилади
21:05 / 21.11.2025
Туризм қўмитаси ташкил этилди
19:02 / 23.10.2025