Жамият | 19:18 / 04.03.2018
21824
3 дақиқада ўқилади

«Калимин» нега икки баравар қимматлашди ёки дори-дармонлар билан боғлиқ муаммолар қачон ҳал қилинади?

Иллюстратив сурат\ Sputnik Узбекистан

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик беморлар томонидан қабул қилинувчи «Калимин» таблеткаси танқислигига доир хабарлар тарқалмоқда. KUN.UZ таҳририяти баъзи дорихоналар билан боғланганида аксарият дорихоналарда бу дорининг умуман йўқлиги, борларида эса икки баравар қимматга сотилаётгани ёки буюртма асосида бир ҳафта давомида келтириб берилиши айтилди.

«Калимин» таблеткаси қандай ҳолатларда қўлланилади? 
— миастения;
— миастеник синдром;
— ошқозон-ичак тракти мушаклари атонияси;
— пешоб пуфаги атонияси.

Миастения — мушакларнинг паталогик даражада тез чарчаши билан характерланувчи аутоиммун касаллик.

Саноқли дорихоналарда «Калимин» дори воситасининг ҳам Ҳиндистондан, ҳам Германиядан келтирилган варианти борлиги айтилди. Дорихона ходимларининг маълум қилишича, Ҳиндистондан келтирилган «Калимин» таблеткаси нархи (қадоқда 50 дона) - 200 минг сўм, Германиядан келтирилгани (қадоқда 100 дона) эса - 400 минг сўм. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Дори-дармон воситалари реестри"да «Калимин» таблеткасига берилган қидирувга ҳеч қайси дорихонада йўқлигига доир жавоб берилди. Баъзи дорихона тизимларининг телеграм-ботларига сўров берилганида ҳам мазкур препарат ҳеч қайси дорихонадан топилмаганига доир жавоб келди. Яна кимлардир қимматлашиб кетган бу дори препаратини қаерда арзонроқ нархда топиш мумкинлиги ҳақида маълумот беришди. 

Миастения — жиддий касаллик. Дори нархи эса кескин ошиб кетган. Умуман олганда, биргина бу дори воситаси эмас, аҳоли саломатлиги учун ҳаётий зарур аҳамиятга эга бўлган  қатор препаратлар нима учундир Ўзбекистоннинг давлат дорихоналарида умуман йўқ, борларида эса икки-уч баравар қиммат. Муҳтожлар эса талайгина.... 

Ўзбекистоннинг барча жабҳаларида катта ислоҳотлар кузатилаётган бир вақтда Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритувчилардан нафақат «Калимин», балки аҳоли саломатлиги учун зарур бўлган бошқа дори-дармонлар билан боғлиқ бундай муаммоларни ҳал қилишга чақириб қоламиз, зеро ўз вақтида қабул қилинмаган дори кимларнингдир ҳаётига хавф солиши мумкин ва аксинча, вақтида ҳамёнбоп нархларда етказиб берилган препаратлар кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид