2024 йилнинг июлида ОИТС бўйича Бутунжаҳон конференциясида тақдим этилган ленакапавир (lenacapavir) дориси синовларининг натижалари мутахассисларни лол қолдирди: ушбу препарат билан ОИТСга қарши курашда ҳал қилувчи ютуқларга эришиш мумкин.

“Қаттиқ ҳаяжондаман. Бу маълумотлар тақдим этилганда, залдагиларнинг руҳи шу қадар кўтарилдики, бундай ҳолатни илгари камдан кам кўрганман”, — деган Кёлн университети клиникасининг юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш маркази раҳбари, профессор Клара Леман.

Ленакапавирнинг ўзига хос хусусияти нимада?

Ушбу антиретровирус препарати ОИТВ инфекциясининг олдини олиш ва даволашда деярли 100 фоиз самара кўрсатди. Бундан ташқари, уни йилига фақат икки марта қўллаш кифоя. Таққослаш учун, бошқа профилактика воситалари, масалан, каботегравир (CAB) инъекцияси ҳар 1-2 ойда қилинади, трувада таблеткаларини эса ҳар куни қабул қилиш лозим.

Гап фақат қулайликда эмас. Инъекцияларни жуда кам — ярим йилда бир марта олиш вазиятни сезиларли даражада енгиллаштириши мумкин. Бу айниқса даволаниш қийин бўлган ёки оилавий вазият ва стигматизация сабабли ҳар куни дори қабул қилиш имконсиз бўлган ҳолларда муҳим, дейди Гейделберг глобал соғлиқни сақлаш институтининг илмий ходими Астрид Бернер-Родореда.

Унинг айтишича, дори аввало аёллар ва ёш қизларга фойда келтиради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИТВ/ОИТС бўйича Қўшма дастури маълумотларига кўра, айнан улар орасида ОИТВ билан касалланиш даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Ленакапавир қачон бозорга чиқади?

АҚШнинг Gilead Sciences фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган дори Европа Иттифоқида ОИВ билан касалланган беморларни даволаш учун аллақачон рухсат этилган. Бироқ у ҳали сотувда йўқ. Компания ўз маҳсулотидан ОИВнинг контакт олди профилактикаси учун фойдаланишга рухсат берилишини кутаётган бўлиши мумкин. Рухсатнома яқин орада берилиши кутилмоқда.

Шуни айтиш керакки, ҳозирча ленакапавир ОИТСга қарши курашда узоқ кутилган бурилиш нуқтаси бўладими ёки йўқ, номаълум — ҳаммаси уни кенг миқёсда қўллаш бошланганидан кейин аниқ бўлади. Бунинг учун эса дори нархи арзон бўлиши керак.

Янги дори қанча туради?

Ҳозирча ленакапавир анча қимматга тушмоқда: Gilead компанияси бир киши учун йиллик даволаниш харажатини 40 000 доллардан ортиқ этиб белгилаган. Ҳолбуки, ОИТВнинг олдини олиш учун бошқа дори воситалари ойига ўртача 50-60 евро, яъни йилига 600-700 евро атрофида туради.