Жаҳон | 10:49 / 15.03.2023
12528
4 дақиқада ўқилади

Австралия ядровий сувости кемалари билан таъминланиши Хитойга ёқмади

Хитой Тинч океани ҳарбий альянси AUKUS томонидан Австралияга учта сувости ядровий кемасини сотиш қарорига кескин муносабат билдирди ва шу тариқа альянсга аъзо давлатлар – АҚШ, Буюк Британия ва Австралия нотўғри ва хавфли йўлга кираётганини айтди.

AUKUS ҳарбий алянси аъзолари Австралия, АҚШ ва Буюк Британия вакиллари душанба куни АҚШ Тинч океани флотининг Сан-Диегодаги йирик базасида келишувни имзолаш маросими ўтказилди. Фото: ANADOLU AGENCY

Бир кун аввал уч давлат раҳбарлари қўшма баёнот имзолаб, Хитойнинг тобора кучайиб бораётган таҳдидини ҳис қилаётган Австралия учун камида учта ядровий сувости кемаси берилишини маълум қилган эди.

«АҚШ, Буюк Британия ва Австралиянинг сўнгги қўшма баёноти уч давлат ўз геосиёсий манфаатларини кўзлаб, халқаро ҳамжамият хавотирларини бутунлай эътиборсиз қолдириб, хато ва таҳдидлар йўлидан бораётганини кўрсатади», деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэнбин.

Миллиардлаб долларга баҳоланган AUKUS келишуви доирасида Австралия 2030-йиллар бошида Virginia синфидаги учта сувости ядровий кемасини олади. Улар ядро қуроли билан жиҳозланмайди, балки шовқинсизликни таъминловчи атом электр станциясига эга бўлади.

АҚШ Тинч океани флотининг Сан-Диегодаги асосий базасида имзоланган келишувга кўра, зарурат туғилганда сувости кемалари сони бештага етказилиши мумкин.

Бундан ташқари, 2027 йилдан Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ўз сувости кемаларини Ғарбий Австралияда ротация асосида (тўрттагача АҚШ кемаси ва битта Британия кемаси) жойлаштиришни бошлайди.

AUKUS маълумотларига кўра, бу Хитойни тийиб туриш чорасининг бир қисми сифатида зарур, чунки Пекин риторикаси ва ҳаракатлари Австралия расмийларини тобора кўпроқ ташвишга солмоқда.

Хитойнинг Тайванга нисбатан тажовузкор сиёсати, Европада қонли урушни бошлаб берган Россия билан ҳамкорлиги ва Хитойнинг Сулаймон ороллари авторитар ҳукумати билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича яқинда имзолаган келишуви Хитойнинг Тинч океанидаги қўшниси Австралияни хавотирга солмоқда.

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак билан AUKUS шартномасини имзолашда ҳамроҳлик қилган BBC шарҳловчиси Крис Мейсоннинг сўзларига кўра, «бу ҳолатда, сўзлар амалдан фарқ қилмайди, эски демократиялар янги, кучайиб бораётган душман – Хитойга қарши курашиш учун бирлашмоқда».

Узоқ муддатли можаро

Австралия нафақат ҳозирда мавжуд бўлган Virginia классидаги кемаларни, балки келажакда ишлаб чиқариладиган SSN-AUKUS сувости кемасини ҳам олади (BAE компанияси рассомлари уни шундай тасаввур қилади). Фото: BAE

Хитойнинг БМТдаги миссияси AUKUS давлатларини қуролланиш пойгасини авж олдираётганликда айблаб, сувости кемалари келишувини икки томонлама стандартларнинг классик намунаси деб атади.

Бунга жавобан Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг Хитойнинг муносабати фактларга асосланмаганини айтди.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам Австралияга ваъда қилинган сувости кемалари ядро каллакларини олиб юрмаслигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, яқинда учинчи муддатга президентликка сайланган Хитой етакчиси Си Жинпинг билан суҳбатлашиб олишга умид қилмоқда, аммо музокаралар тафсилотларини келтирмади.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳозирда сўнгги ўн йилликлардаги энг паст нуқтада. Бу кўплаб геосиёсий муаммолар билан боғлиқ бўлиб, уларнинг асосийси Тайваннинг мақоми (Хитой оролни ўз ҳудуди деб билади) ва Хитойнинг Украинага қарши урушида Россияни қўллаб-қувватлаши.

Ғарб ҳамкорлари томонидан сувости кемалари бўйича шартнома имзоланиши бу занжирнинг яна бир бўғини бўлиб, узоқ муддатли оқибатларга олиб келади, дейди таҳлилчилар.

«Ҳар қандай сиёсий келишув ворислар томонидан бекор қилиниши мумкин бўлса-да, шартнома бюджети, унинг ўн йиллик муддати ва Хитой стратегик аҳамиятининг муқаррар ўсиши бу иттифоқ давом этишидан далолат беради», деб ёзди BBC шарҳловчиси Крис Мейсон.

Мавзуга оид