Ўзбекистон | 20:29 / 25.04.2026
3880
2 дақиқада ўқилади

 “Жамоатчилик бонг урса, ҳар қандай меросни сақлаб қололамиз” – Президент администрацияси вакили

Шаҳарсозлик реновацияси бўйича қонун парламент тасдиғидан ўтди, қабул қилиниш арафасида турибди. Ҳужжат асосан уй-жойлар реновациясини кўзда тутади. Бироқ маданият мерос объектларига ҳам кун келиб, реновация хавф солмаслиги учун ҳозирдан қандай кафолатлар бор? Президент администрацияси вакилига кўра, бу борада жазо ва қонунчилик такомиллаштириб борилмоқда.

Маданий мерос агентлигининг очиқ мулоқотида кўп саволлар қатори Kun.uz яқинда Сенат тасдиғидан ўтган шаҳарсозлик реновацияси бўйича қонун ва бу ҳужжатнинг кун келиб маданий мерос объектларига дахл қилиш-қилмаслиги хусусида сўради. Тўғри, ҳозирги ҳужжат уй-жойлар ва эскирган турар жойларни бузиб, янгисини қуришни назарда тутади. Бироқ келгусида шу тизим маданий мерос объектларига нисбатан ҳам қўлланмаслиги учун ҳозирданоқ қонуний кафолатлар керак.

Президент администрациясининг Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти вакили Ғиёсиддин Ражабовга кўра, бу бўйича жазолар кучайтирилиб борилмоқда.

“Бу қонун лойиҳаси Сенатда ҳам, бошқа босқичларда ҳам муҳокамаси қай даражада жиддий бўлганини кўрдингиз. Алоҳида раҳмат, ташаккур айтишимиз керак, шу масалани кун тартибига олиб чиқаётган журналистларга. Тўғри айтишимиз керак, тан олиб айтишимиз керак, ҳақиқатни юзига тик қарашимиз керак. Агар жамоатчилик ёрдам берса, биз ҳар қандай меросни сиз билан биргаликда сақлаб қола оламиз. Меросни сақлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириб боришга, жазоларни оғирлаштириб боришга давлат ҳамиша тайёр. Охирги беш йилда эҳтиётсизлик оқибатидаги маданий мерос объектига тааллуқли ҳаракатлар Жиноят кодексининг 132-моддаси етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш даражасида оғир жиноятлар таркибига ўтказилди”, дейди администрация вакили.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид