Ўзбекистон | 19:29 / 25.11.2020
14939
3 дақиқада ўқилади

«Ҳокимликларнинг икки мингтагача қарорлари бекор бўляпти. Юристлар қаерга қараяпти?» — адлия вазири

Адлия тизимидаги идоралар киритган тақдимномалар асосида, сўнгги 2,5 йилда 10 250та ноқонуний қарорлар бекор қилинган. Шулардан 2 мингдан ортиғи – ҳокимликларнинг қарорларидир. Адлия вазири Русланбек Давлетов бу жараёнда ҳокимликлар юристларини танқид қилди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов 25 ноябр куни фуқаролар билан ўтказилган онлайн мулоқотда корхоналарда ҳуқуқшунослар штати қисқартирилаётгани ҳамда ноқонуний чиқарилган қарорлар ҳақида гапирди.

«Ҳозирда президент қарорига асосан 3 та ҳудудда эксперимент ўтказяпмиз. Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида. Яъни тумандаги юристлар штатлари қисқартириляпти-да, давлат ташкилотларига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш марказлари тузиляпти. Улар мазкур марказда ўтириб корхона ва ташкилотларга хизмат кўрсатяпти.

Биринчидан, улар корхона раҳбари тазйиқига учрамайди. Раҳбар юристга қандайдир таъсир қила олмайди. Бунда объектив ҳуқуқий нуқтайи назардан экспертиза юз беряпти. Биз биринчи босқичда шунга гувоҳ бўляпмиз.

Ўша тузилмада ва давлат органларида ишлайдиганлар ҳам бу тизимни олқишлашяпти. Чунки уларга аниқ регламент белгиланган. Ҳужжатини беряпти. Тўғри келади ёки тўғри келмайди – қонунларимиз айтяпти. Бу – туман даражасидаги юристлар масаласи.

Давлат ташкилотларидаги ходимлар сонини қисқартириш бўйича тўғридан тўғри топшириқ бор. Бу ҳаммани таҳлилсиз ишдан олиш керак, дегани эмас. Мазкур масала бўйича Молия вазирлиги таҳлил олиб боряпти. Мақсад – қонун устуворлигини у ёки бу ташкилотда таъминлаш», – деди вазир.

Давлетов ўз сўзида юристлардаги масъулиятсизлик борасида ҳам тўхталиб ўтган.

«Охирги 2,5 йил ичида адлия тизимидаги идоралар томонидан ноқонуний бўлаётган жараёнлар устидан 39 175 та тақдимномалар киритилган. Бунинг натижасида 20 мингдан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кўрилган. Бу ерда жуда катта жараён бўляпти; керак бўлса, қонун ҳам бузиляпти.

10 250 та ҳолатда ноқонуний чиқарилган қарорлар бекор бўляпти. Бу – 10 минг нафар одамга, 10 мингта оиланинг ҳаётига таъсир қиладиган ҳужжат дегани.

Нимага бундай бўляпти? Нима учун ўша ташкилотларда ишлаётган юристлар қонун устуворлигини таъминламаяпти? Ҳокимликларнинг 2000 тагача қарорлари бекор бўляпти. Юрист қаерга қараяпти? Нега объектив ишламаяпти?

Қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида керак бўлса иш ўринлари қисқаради, керак бўлса кўпайтирилади. Давлат органлари қабул қилаётган қарорлар ҳеч кимга озор етказмаслиги керак. Ноқонуний бўлмаслиги керак», – деди Русланбек Давлетов.

Мавзуга оид