Ўзбекистон | 21:44 / 16.12.2025
3560
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик соҳасидаги 1600 дан ортиқ маъмурий талаб бекор қилинади

Таъкидланишича, бунинг натижасида, тадбиркорларга маъмурий органлар билан муносабатга киришишда ортиқча бюрократик тўсиқлар камайишига ва уларнинг харажатлари, вақти ва ресурси тежалишига эришилади.

Фото: Getty images

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган таклифлар асосида Ҳукумат қарори билан қонунчиликдаги тадбиркорликка оид 1600 та мажбурий талаблар бекор қилинди. Таъкидланишича, бундай катта ҳажмдаги чекловларнинг бекор қилиниши илк бор амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ҳукумат қарори билан ветеринария хизмати назорати остидаги 1568 та товар позицияси бўйича маҳсулотга мувофиқлик сертификати олиш, шунингдек, туризм хизматларини кўрсатишда мазкур фаолиятга хос бўлмаган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун фаолият турини амалга оширишда айрим ортиқча чекловлар билан боғлиқ жами 1600 дан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилинмоқда.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги импортни амалга оширишда товар қийматига қўйилган 5 000 АҚШ долларлик чеклов, туристларга уй-жойни 30 кунгача ижарага бериш, ёғочдан мебел тайёрлашга доир талаблар бекор қилинган. Таъкидланишича, бунинг натижасида, тадбиркорларга маъмурий органлар билан муносабатга киришишда ортиқча бюрократик тўсиқлар камайишига ва уларнинг харажатлари, вақти ва ресурси тежалишига эришилади.

Қайд этилишича, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига 36 мингдан ортиқ мажбурий талаб киритилган бўлиб, Адлия вазирлиги томонидан соҳалар кесимида доимий равишда тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиш ҳамда соҳадаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид