Ўзбекистон | 19:06 / 09.11.2025
9207
1 дақиқада ўқилади

Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилади

2026 йил апрел ойидан Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари 6 кунлик иш ҳафтасидан 5 кунлик иш ҳафтасига ўтади. Дам олиш кунлари иш навбатчилик асосида ташкил этилади.

Фото: ЎзА

2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими олти кунликдан беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бу президентнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда «тиббиёт муассасалари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида байрам ва дам олиш кунлари уларнинг иши навбатчилик асосида ташкил этилиши» маълум қилинган.

8 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари куни муносабати билан йўлланган табригида соҳа вакилларининг хизматлари юксак баҳоланишини, улар учун моддий ва ижтимоий шароитлар босқичма-босқич яхшиланишини таъкидлаганди. Хусусан, табрикда молиялаштиришни ошириш, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлашга доир устувор вазифалар белгилаб берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид