10 декабрдан пойтахт ҳамда Ўзбекистоннинг яна 15 та туман ва шаҳарида дорилар электрон рецепт асосида берилиши йўлга қўйилди. Эндиликда юртдошларимиз маълум тоифадаги дориларни шифокор берадиган электрон имзо ёки QR-код туширилган рецептсиз ололмайди. Хўш, жорий янгиликни одамлар қандай қабул қилишяпти? Kun.uz дорихоначилар ва мижозлар фикрини ўрганишга уринди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори билан дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш паспортига ўзгартиш киритилди.

Унга кўра, 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда 15 та туман (шаҳар) ҳудудидаги дорихоналар “Электрон рецепт” модули орқали ишлаши шарт деб белгиланди.

Содда қилиб тушунтирилса, эндиликда айрим дорилар шифокорнинг электрон рецептисиз берилмайди. Бемор аввалига оилавий поликлиникада бириктирилган шифокорига мурожаат қилади. Шифокор унга дори ёзиб, рецептини ДМEД номли тиббий ахборот тизимига киритади.

Махсус рецептда электрон имзо ёки QR-код кўрсатилади. Дорихоначилар уни сканер қилиш орқали тизимдан маҳсулот номини кўриши, шу асосда мижозга сотиши мумкин.

“ДМEД олиб келинг десак, бақир-чақир қилиб кетяпти”

Kun.uz билан суҳбатда бўлган сотувчилардан бирининг билдиришича, мижозларнинг жуда камчилиги рецепт билан келишяпти, аксарияти янгиликдан бехабар. Аммо “аптека”чилар анча аввал огоҳлантирилгани, тизимга мослангани айтилмоқда. 

“ДМEД [тиббий ахборот тизими]ни ҳар биттамизга тушунтириб, компютердан кўрсатиб, ўргатиб кетишди. Асосан фақат ДМEД рецепт билан берилади деб айтишди. Чет элда шунақа-ку, ўша тизим бизга кириб келган. Бир томондан яхши, лекин оғир касаллар бўлса, бирданига ёш болалилар бор, “беринг тез”, деб айтяпти, лекин [рецепти] оддий қоғозда. Ўшанга ҳам беришимизга ҳаққимиз йўқ экан.

ДМEД олиб келинг десак, бақир-чақир қилиб кетяпти. “Болам иситмалаган, мен ҳозир яна поликлиникага бораманми? Боламнинг судороги тутиб қоладими?” деб бақириб кетишяпти. Бугуннинг ўзида нечта одамдан шу масалада гап эшитдик”, – дейди фармацевт.