Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Пулнинг ҳидига ухлай олмаётганлар” – дунёнинг энг бой одамлари кимлар ва улар пулни қаердан топади?
Бундан бир неча ой олдин Forbes нашри 2024 йилнинг энг бой одамлари рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, рўйхатнинг юқори йигирматалигига кирганларнинг бойлиги 2,48 триллион долларни ташкил этган. Бойларнинг асосий қисми америкаликлар. Рўйхатда бир нафар аёл ҳам бор.
Фото: Kun.uz
Бугун дунёда энг бой одамлар деб пули долларда миллиарддан ошганларга айтилади. Қизиғи, ҳар йили уларнинг сони ошиб бормоқда.
Масалан, Forbes нашри маълумотларига кўра, асримиз бошида, 2001 йилда Ер юзида пули миллиард доллардан ошганлар сони 564 нафар бўлган. Ҳозирга келиб уларнинг сони 2 100 нафардан ошган.
Агар миллиардерлар тарихига назар ташланса, дунёда пули миллиард доллардан ошган биринчи инсон “нефт қироли” деб аталадиган Жон Рокфеллер бўлган.
Бу инсон Америкадаги нефт қазиб олиш, уни қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланган Standard Oil компаниясига эгалик қилган. Рокфеллернинг пули 1916 йилда миллиард доллардан ошган.
Айтганча, Forbes 1987 йилдан буён ҳар йили дунёдаги миллиардерлар рейтингини эълон қилиб келади. Бунда нашр рейтинг эълон қилинаётган пайтда дунё бойлари эгалик қилиб келаётган компанияларнинг нархи ёки акцияларининг баҳосини ҳисоблайди.
Бундан ташқари, рўйхатни шакллантиришда миллиардерларнинг мол-мулклари нархлари ва бошқа омиллар инобатга олинади.
Бундан бир неча ой олдин Forbes нашри 2024 йилнинг энг бой одамлари рўйхатини эълон қилди. Унга кўра рўйхатнинг юқори йигирматалигига кирганларнинг бойлиги 2,48 триллион долларни ташкил этган.
Қуйида рўйхатнинг дастлабки йигирматалигига кирган бойлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириб ўтамиз.
20. Женсен Хуанг (АҚШ)
Ёши – 61 да
Бойлиги – 77 млрд
Асосий соҳаси – Nvidia
Тайванда туғилган Женсен кейинчалик АҚШга кўчиб ўтган. У 1993 йилдан буён ярим ўтказгичлар ишлаб чиқарувчи Nvidia компанияси президенти ва бош директори ҳисобланади.
Женсенда компаниянинг бор-йўғи 3 фоиз акцияси бор. Бироқ шу ҳам унинг 77 млрд доллар билан дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 20-ўринни эгаллашига кифоя қилди. 2023 йилда Женсен 21,1 млрд доллар пул билан дунё бойлари рўйхатида 60-ўринни эгаллаган эди.
Сўнгги йилларда ярим ўтказгичларга талаб кескин ортди ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчи компанияларнинг акциялари нархи ҳам сезиларли ошди. Шунинг ҳисобидан ярим ўтказгич ишлаб чиқарувчи компаниялар эгаларининг бойлиги ҳам салмоқли кўпайди.
19. Роб Уолтон ва унинг оиласи (АҚШ)
Ёши – 79 да
Бойлиги – 79 млрд
Асосий соҳаси – Walmart
Роб Уолтон Walmart компанияси асосчиси Сэм Уолтоннинг тўнғич ўғли ҳисобланади. 1992 йилда Сэм вафот этади ва компания раҳбарлиги Робга ўтади. (2015 йилда Роб раҳбарликни ўз куёви Грег Пеннерга топширган.)
Роб ва Сэм Уолтоннинг бошқа меросхўрлари бугун Walmart компаниясига тегишли акцияларнинг ярмига эгалик қилади. Бу уларнинг дунё бойлари рўйхатида дастлабки йигирматаликка кириши учун кифоя қилмоқда.
18. Жим Уолтон ва унинг оиласи (АҚШ)
Ёши – 75 да
Бойлиги – 78,4 млрд
Асосий соҳаси – Walmart
Жим Уолтон Walmart компанияси асосчиси Сэм Уолтоннинг иккинчи ўғли ҳисобланади. Сэм Уолтоннинг вафотидан сўнг асосий меросхўрлардан бири сифатида Жим отасига тегишли бойликнинг қарийб ярмига эга бўлади.
Жим 2016 йилгача Walmart компанияси директорлар кенгаши аъзоси бўлган ва ўша йили ўрнини ўғлига бўшатиб берган. Бугун Жим ва унинг оиласи Walmart компаниясига тегишли акцияларнинг ярмига эгалик қилади.
17. Гаутам Адани ва унинг оиласи (Ҳиндистон)
Ёши – 61 да
Бойлиги – 84 млрд
Асосий соҳаси – Adani Group
Гаутам Адани эгалик қиладиган Adani Group компанияси Ҳиндистондаги кўплаб портлар, аэропортларнинг йирик оператори ҳисобланади. Жумладан, компания Ҳиндистондаги энг йирик Мундра портининг эгаси ҳисобланади.
Бундан ташқари, компания электр энергияси ишлаб чиқариш ва сотиш, яшил энергетика бўйича лойиҳаларга эга.
2023 йилда Гаутам Аданининг бойлиги 45 млрд атрофида бўлган. Бир йилда унинг бойлиги қарийб 40 млрд долларга ошиб, дунё бойлари рўйхатида 17-ўрингача кўтарилди.
16. Майкл Делл (АҚШ)
Ёши – 59 да
Бойлиги 91 млрд
Асосий соҳаси – Dell
Майкл Делл Dell Technologies'ни Техас университетида ўқиб юрган пайтларида ташкил этган. Бугун Dell Technologies йилига 100 млрд доллар фойда келтирадиган компанияга айланди.
Деллнинг асосий бойлиги инвестиция ва кредит билан шуғулланувчи DFO Management компанияси ҳисобланади. 2023 йилда Майклнинг бойлиги 50 млрд доллар атрофида бўлган. Бир йилда унинг пуллари 91 га етди ва у бойлар рўйхатида 16-ўринга кўтарилди.
15. Франсуаза Бетанкур-Майерс ва унинг оиласи (Франция)
Ёши – 70 да
Бойлиги – 99,5 млрд
Асосий соҳаси – L'Orеal (Парфюмерия)
Франсуаза Бетанкур-Майерс дунё бойлари рўйхатининг энг юқори йигирматалигига кирган ягона аёл ҳисобланади. Франсуаза Бетанкур-Майерс эгалик қиладиган L'Oréal компаниясини 1909 йилда унинг бобоси ташкил этган.
Кейинчалик йиллар ўтиб компанияга аёлнинг онаси Лилиан Бетанкур эгалик қилган. Бир пайтлар дунёнинг энг бой аёли бўлган Лилиан 2017 йилда 94 ёшида вафот этгач компания бошқаруви Франсуазага қолган.
Бугун Франсуаза Бетанкур-Майерс ва унинг оиласи L'Oréal компаниясининг 33 фоиз акцияларига эгалик қилади. 2023 йилда уларнинг бойлиги 80,5 млрд доллар бўлган ва ўтган бир йилда ўсиш қарийб 20 млрд долларни ташкил этган.
14. Карлос Слим ва унинг оиласи (Мексика)
Ёши – 84 да
Бойлиги – 102 млрд
Асосий соҳаси – телекоммуникация
Карлос Слим Жанубий Америкадаги энг йирик телеком оператор ҳисобланадиган America Movil компаниясининг эгаси ҳисобланади. Лотин Америкасидаги энг йирик Grupo Carso конгломератининг 79 фоиз акцияларига эгалик қилади.
Шунингдек, Карлос Слим Мексикадаги бир нечта йирик қурилиш, тоғ кон саноати ва савдо компанияларида улушдор ҳисобланади. Бундан ташқари, АҚШдаги таниқли The New York Times нашрининг 17 фоиз акцияси мексикалик бойга тегишли.
2023 йилда Карлос Слимнинг бойлиги 93 млрд доллар бўлган ва бир йилда қарийб 10 млрд долларга кўпайган.
13. Амансио Ортега (Испания)
Ёши – 88 да
Бойлиги – 103 млрд доллар
Асосий соҳаси – Zara
Амансио Ортега дунёдаги кийим-кечакларни чакана йўл билан сотувчи энг бой одам ҳисобланади. 1975 йилда у хотини Росалия Мера билан Inditex компаниясини ташкил этган.
Сўнг Zara бренди остида кийим-кечак сотиладиган дўконларни оча бошлаган. Шу тариқа Zara йирик савдо дўконлари тармоғига айланган.
Бугун Inditex компанияси ўзида саккизта брендни жамлаган. Компаниянинг дунё бўйлаб 7 500 та савдо дўконлари бор. Ортега компаниянинг 60 фоиз акцияларига эгалик қилади.
Бундан ташқари, Ортега дунёнинг кўплаб шаҳарларида қимматбаҳо кўчмас мулкларга эгалик қилади.
12. Майкл Блумберг (АҚШ)
Ёши – 82 да
Бойлиги – 106 млрд
Асосий соҳаси – Bloomberg LP
Майкл Блумберг университетни битиргач бир нечта компанияларда муваффақиятли ишлаган. У 1981 йилда шахсий компанияси Innovative Market Systems’ни ташкил этган. Кейинчалик компания Bloomberg LP қайта номланган.
Сўнгги йилларда Майклнинг компанияси унга ҳар йили 10 млрд доллар атрофида соф фойда келтирмоқда. 2023 йилда унинг бойлиги 95,5 млрд доллар бўлган ва бир йилда 11,5 млрд долларга кўпайган.

11. Сергей Брин (АҚШ)
Ёши – 50 да
Бойлиги – 110 млрд
Асосий соҳаси – Google
Сергей Бриннинг отаси 1977 йилда СССРдан АҚШга кўчиб ўтган. Ўшанда у ёш бола бўлган. Муҳожирлар оиласи Мэриленд штатига бориб ўрнашган.
Сергей Брин шериги Ларри Пейж билан 1998 йилда Google қидирув тизимига асос солади. Кўп ўтмай Google дунёдаги энг оммабоп қидирув тизимига айланади.
2015 йилда Google бренди сақлаб қолинган ҳолда компания номи Alphabet деб ўзгартирилади. Узоқ йиллар компания президенти сифатида ишлаган Сергей 2019 йилда бу лавозимдан кетади. Бироқ у компаниянинг асосий ҳиссадори ва директорлар кенгашидаги ўрнини сақлаб қолади.
10. Ларри Пейж (АҚШ)
Ёши – 51 да
Бойлиги – 114 млрд
Асосий соҳаси – Google
Ларри Пейж шериги Сергей Брин билан биргаликда 1998 йилда Google қидирув тизимига асос солади. Кўп ўтмай Google дунёдаги энг оммабоп қидирув тизимига айланади.
У компанияни 2001 йилгача бошқаради ва ўрнини шеригига бўшатиб беради. 2010 йилда яна раҳбарликка қайтади. Google- Alphabet’даги улушдан ташқари, Ларри Пейж lanetary Resources компаниясига ҳам эгалик қилади.
Сўнгги йилларда Ларри учувчи таксилар Kitty Hawk ва Opener стартаплари бўйича ишлаётган компанияларга салмоқли миқдорда сармоя киритди.
9. Мукеш Амбани (Ҳиндистон)
Ёши – 66 да
Бойлиги – 116 млрд
Асосий соҳаси – кўп тармоқли
Мукеш Амбанига бойликлар отаси Дҳирубҳай Амбанидан қолган. Бугун у эгалик қилаётган Reliance Industries компаниясини 1966 йилда отаси ташкил этганди.
2002 йилда Дҳирубҳай Амбани вафот этади. Компания Мукеш Амбани ва укаси Анил Амбанига қолади. Мукеш компания президенти, Анил эса вице-президент лавозимини эгаллайди.
Кўп ўтмай ака-ука ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқа бошлайди. Бунга Анилнинг Мукешни компания бошқарувини тўлиқ ўз измига олишга уринаётганликда айблаши сабаб бўлади. 2005 йилда ака-укаларнинг онаси компанияни бўлиб олишни таклиф қилади.
Бўлинишдан кейин Анилга энергетика, телекоммуникация ва кўнгилочар лойиҳалар тегади. Қолганини Мукеш бошқара бошлайди. Reliance Industries компанияси тўғридан тўғри Мукешга ўтади.
2023 йилда Мукешнинг бойлиги 83,4 млрд доллар бўлган ва ўтган бир йилда у қарийб 23 млрд долларга ошган.
8. Стив Балмер (АҚШ)
Ёши – 67 да
Бойлиги – 121 млрд
Асосий соҳаси – Microsoft
Стив Балмер Microsoft компаниясига унинг асосчиси Билл Гейтс таклифи билан 1980 йилда келган. У компаниянинг энг муваффақиятли лойиҳалари - MS-DOS Windows дастурларини ишлаб чиқишда раҳбарлик қилган.
Кейинчалик Балмер Microsoft компанияси бош директори лавозимида ҳам бир муддат ишлади. Ҳозирда компания акцияларининг бир қисмига эгалик қилади.
Сўнгги йилларда Microsoft компанияси акциялари нархи бироз пасайгани учун Балмер 10 млрд атрофида пулини йўқотди. Бироқ бу унинг жаҳон бойлари рейтингида кўтарилишига таъсир қилмади.
2023 йилда Балмер 80,7 млрд доллар билан жаҳон бойлари рўйхатида 10-ўринда бўлган. Ўтган бир йилда унинг бойлиги 40 млрд долларга ошди ва рўйхатда 8-ўринга кўтарилди.
7. Билл Гейтс (АҚШ)
Ёши – 68 да
Бойлиги – 128 млрд
Асосий соҳаси – Microsoft
Microsoft компаниясини 1975 йилда Билл Гейтс ва Пол Аллен бирга ташкил этган. Кейинчалик у компания раҳбари бўлади ва бу вазифада 2008 йилгача ишлайди.
Бугун Билл Гейтс Microsoft’дан ташқари, Berkshire Hathaway компанияси директор кенгаши аъзоси ҳисобланади. Cascade Investment компанияси ҳамда “Билл ва Мелинда Гейтс хайрия фонди” раҳбари ҳисобланади.
Билл Гейтс шу пайтгача бир неча марта дунёнинг энг бой одами мақомига эришган. Ўтган бир йилда унинг бойлиги 14 млрд долларга ошди ва жорий йилда жаҳон бойлари рўйхатида 7-ўринни эгаллади.
6. Уоррен Баффет (АҚШ)
Ёши – 93 да
Бойлиги – 133 млрд
Асосий соҳаси – Berkshire Hathaway
Уоррен Баффет 60 дан ошиқ компанияда улушдор бўлган Berkshire Hathaway компаниясини бошқаради. Конгрессменнинг ўғли бўлган Уоррен илк акциялар пакетини сотиб олганда 11 ёшда бўлган. 13 ёшида биринчи марта солиқ декларациясини топширган.
Уоррен узоқ йиллардан буён инвестиция соҳасида обрўли шахс ҳисобланади. У эгалик қиладиган Berkshire Hathaway жаҳонга машҳур суғурта компанияси Geico, батарея ишлаб чиқарувчи Duracell ва Dairy Queen ресторанлар тармоғи бошқа компанияларга салмоқли сармоя киритган.
2023 йилда Уоррен Баффетнинг бойлиги 106 млрд доллар бўлган ва бир йилда 27 млрд долларга кўпайган.

5. Ларри Элисон (АҚШ)
Ёши – 79 да
Бойлиги – 141 млрд
Асосий соҳаси – Oracle
Ларри Элисон ўзининг биринчи Oracle дастурлаш лойиҳасини 1977 йилда ишлаб чиққан ва уни Марказий разведка бошқармаси (МРБ) сотиб олган. Кейинчалик интернет тармоғи ривожлангач турли дастурларга талаб ошади ва Элисон миллиардерга айланади.
Ларри Элисон 2018 йилдан 2020 йил августгача электромобиллар ишлаб чиқарувчи жаҳонга машҳур Tesla компаниясининг директорлар кенгаши аъзоси бўлади. Ҳозирда унда Tesla’нинг 15 млн дона акцияси бор.
2023 йилда Ларри Элисон 104 млрд доллар бойлик билан жаҳон бойлари рўйхатида 4-ўринни эгаллаганди. Бир йилда унинг бойлиги 37 млрд долларга кўпайди. Бироқ кўпроқ даромад қилган бошқа бойлар уни ортда қолдиришди ва Ларри 5-ўринга тушди.
4. Марк Цукерберг (АҚШ)
Ёши – 39 да
Бойлиги – 177 млрд
Асосий соҳаси – Meta
Марк дунё бойлари рўйхатининг юқори қисмидан жой олган энг ёш миллиардер ҳисобланади. У 2004 йилда, 19 ёшида Ҳарвард университетида ўқиб юрганида Facebook ижтимоий тармоғини ишга туширади.
Кейинчалик Facebook дунё бўйлаб оммалашди ва унинг нархи ошиб кетади. Шу тариқа Марк миллиардерга айланади.
2021 йилда Марк Facebook брендини сақлаб қолган ҳолда компания номини Meta деб ўзгартиради. Бугун Meta таркибида Facebook’дан ташқари Instagram ва WhatsApp мессенжери ҳам бор.
2023 йилда Марк 64,4 млрд доллар маблағ билан дунё бойлари рўйхатида 16-ўринда эди. Сўнгги бир йилда унинг пулларига 100 млрд доллардан ошиқ маблағ қўшилди ва 2024 йилда у 4-ўринга кўтаришга муваффақ бўлди.
3. Жефф Безос (АҚШ)
Ёши – 60 да
Бойлиги – 194 млрд
Асосий соҳаси – Amazon.com
Жефф Безос Amazon интернет савдо дўконини 1994 йилда ташкил этган. Бугун у дунёдаги энг йирик онлайн савдо платформасига айланган.
2018-2022 йиллар оралиғида Жефф дунёнинг энг бой одами саналарди. Ўша йили у бу мавқени Илон Маскка бой берди.
2023 йилда унинг бойлиги 114 млрд бўлган ва бир йилда 80 млрд доллар қўшилган. Икки йилдан буён Жефф бойлар рўйхатида 3-ўринни эгаллаб келяпти.
2. Илон Маск (АҚШ)
Ёши – 52 да
Бойлиги – 195 млрд
Асосий соҳаси – Tesla, SpaceX
Бугун кўпчилик электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla компаниясини Илон Маск ташкил этган деб билади. Аслида ундай эмас. Компанияга 2003 йилда Мартин Эберхард ва Марк Тарпеннинг асос солган.
Илон Маск компанияга кейинроқ йирик миқдорда сармоя киритган ва унинг эгасига айланган. Бундан ташқари, Илон SpaceX, The Boring Company компаниялари асосчиси, Neuralink ва OpenAI шерикликда ташкил этган шахс ҳисобланади.
У 2022 йилда Twitter (X) ижтимоий тармоғини 44 млрд долларга сотиб олди ва бугун унинг 74 фоиз акцияларига эгалик қилади. 2023 йилда Илон Маскнинг бойлиги 180 млрд доллар бўлган ва бир йилда 15 млрд кўпайган.
1. Бернар Арно ва унинг оиласи (Франция)
Ёши – 75 да
Бойлиги – 233 млрд
Асосий соҳаси – LVMH
Арно эгалик қиладиган LVMH корпорацияси таркибига Louis Vuitton, Christian Dior ва Tiffany & Co. каби компаниялар киради. Бундан ташқари Agache ва Aglaé Ventures компанияларига сармоя киритган.
2023 йилда Арнонинг бойлиги 211 млрд доллар бўлган ва бир йилда 22 млрд долларга кўпайган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
23:59 / 20.12.2025
Илон Маск 700 млрд доллардан ортиқ бойликка эга бўлган илк инсонга айланди
15:36 / 16.12.2025
Илон Маск тарихда биринчи бўлиб 600 млрд долларлик бойликка эришди
18:54 / 23.11.2025
Трампнинг бойлиги сентябр ойидан бери миллиард долларга камайди
22:26 / 16.10.2025