Самарадан яна 925 нафар ватандош олиб келинди. Россияга темир йўл рейслари кўпайтирилиши мумкин
9 август куни Россиянинг Самара шаҳридан 925 нафар ўзбекистонлик поездда Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, 13 августда яна 900дан ортиқ ватандош Ростовдан олиб келиниши кутилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 10 август куни 918 нафар ўзбекистонлик жой олган поезд Ростов шаҳрининг «Первомайская» станциясидан Тошкентга қараб йўлга чиққан.
«Ҳозирда Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини ватанимизга тезроқ қайтариш учун Россиянинг турли ҳудудларидан рейсларни кўпайтириш, рейслар, жумладан темир йўл рейсларининг йўналиши ва турларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда», – дейилади ТИВ ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта охирида Самара ва Оренбург областларидан 1840 нафар ўзбекистонлик иккита поезд орқали ватанга қайтарилган эди.
Июль ойи ўрталарида ҳам 2 мингдан ортиқ ватандош поездларда олиб келинган, май ойида Россия-Қозоғистон чегараси яқинида тўпланган 1500га яқин фуқаро автобусларда ватанга қайтарилганди.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар Республика махсуc комиссияси топшириқлари асосида, пандемия даврида ташкил этилган қатновларда 119 253 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга олиб келинган.
Расмий маълумотларга кўра:
- авиақатновлар орқали жами 40 428 йўловчи;
- темир йўл орқали жами 5 257 йўловчи;
- қўшни мамлакатлар билан чегарадош ҳудудлардаги санитар-карантин ўтказиш пунктлари орқали автотранспорт воситасида олиб келинган фуқаролар сони 73 568 нафарни ташкил этади.
«Хорижий мамлакатлардан олиб келинган фуқароларнинг барчаси ўрнатилган тартибда карантин марказлари ҳамда меҳмонхоналарга карантинга жойлаштирилган.
Карантин муддатини ўтаб бўлган фуқароларни ўз яшаш манзилларига етказиб қўйиш жараёни марказлашган тартибда автобус ва махсус поезд қатновларини ташкил этиш орқали амалга оширилмоқда», – дейилади Транспорт вазирлиги ахборотида
Мавзуга оид
21:47 / 18.10.2024
Тирбандлик, трамвай лойиҳаси, ҳайдовчиларга жазо ва темирйўлларда сифат – транспорт вазири билан интервю
20:18 / 12.04.2024
Оренбургда оммавий эвакуация эълон қилинди. Фотосуратлар
11:50 / 12.04.2024
Ўзбекистон элчиси Самара вилоятида ЙТҲда жабрланганлардан хабар олди
20:29 / 09.04.2024