Иқтисодиёт | 11:17 / 18.11.2023
23401
3 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларга даромад солиғидан имтиёз олиш бўйича давлат хизмати кўрсатилади

Ҳукумат қарорига кўра, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзга эга бўлиш учун my.gov.uz орқали сўровнома тўлдириб, зарур ҳужжатларни илова қилиш керак бўлади. Бу билан таълим тўловлари учун даромад солиғини қайтариб олиш осонлашяпти.

Ҳукуматнинг (601-сонли) қарори билан билан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига имтиёз қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Регламентга кўра, ариза берувчи имтиёзни олиш учун ўз хоҳишига кўра ЯИДХП (my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтади.

Сўровнома тўлдирилиб, унга тегишли зарур ҳужжатлар илова қилинади.

Сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди, уни кўриб чиққанлик учун тўлов ундирилмайди.

Солиқ органлари сўровнома тушган кундан бошлаб 5 иш кунида ариза берувчига даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланган ёки қўлланмагани ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган хабарномани ЯИДХП орқали юборади.

Даромад солиғи бўйича имтиёз қўллангани тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 15 кун ичида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси тўловларни амалга оширади.

Маълумот учун, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар Солиқ кодексида белгиланган [369-модда].

Шунингдек, ўзбекистонликлар бу имтиёздан энг кўп фойдаланиши мумкин бўлган йўналиш таълим соҳасидир. Масалан, боғча, мактаб, коллеж, лицей ва олийгоҳ каби таълим масканларида ўқиш учун сарфланган маблағлар даромад солиғидан озод қилинган.

 

Яъни ота-оналар олий ўқув юртлари ёки нодавлат мактаб ва боғчаларда ўқийдиган фарзандларига таълим тўловларини ўз ойлик иш ҳақларидан тўлаб берсалар, 12 фоиз даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин. Бу ўзи ишлаб ўз контрактини тўлаган талабалар ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга ҳам амал қилади.

Шу пайтгача бу имтиёздан my3.soliq.uz орқали фойдаланиш мумкин эди. Шу билан бирга электрон рақамли имзо талаб қилинарди. 601-сонли ҳукумат қарори билан энди my.gov.uz’да сўровнома тўлдириш ва зарур ҳужжатларни илова қилиш етарли бўлмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид