Ўзбекистон | 20:31 / 08.05.2023
13771
1 дақиқада ўқилади

Маъмурий судларга шикоят қилишда давлат божи ундирилмайди

Ўзбекистонда, 2024 йил 1 январдан бошлаб, маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилади.

Фото: Kun.uz

Тегишли қонун лойиҳаси 2023 йил 1 октябргача Қонунчилик палатасига киритилиши керак. Бу – янги таҳрирдаги конституцияни рўёбга чиқаришга доир президент фармонида белгиланди.

Бундан ташқари, шартномавий ва бошқа фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарлик чоралари маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликдан чиқариб ташланади. Фармонда бу топшириқ ижроси учун 2 ой муддат кўрсатилган.

Масъулларга, 2024 йил 1 январга қадар, қонунчилик базасини тўлиқ хатловдан ўтказиб, унда белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги конституциянинг 29-моддасида белгиланган давлатнинг ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитларни яратиш мажбурияти тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратилган механизмларни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳа 2 ой муддатда президент администрациясига киритилиши зарур.

Мавзуга оид