Президент мақоласи, тадбирга тайёр шаҳар ва махсус авторақамлар — ШҲТ кундалиги
Kun.uz ҳафта давомида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитига доир асосий янгиликларини жамлаб, кундаликлар бериб боради.
Бугун, 12 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд саммитига бағишланган мақоласи эълон қилинди.
“Ўзбекистоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда”, – дейилади мақоланинг илк сатрларида.
Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётганини қайд этган. Президентнинг фикрича, бунинг асосий сабабларидан бири шуки, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч таназзулга юз тутяпти. Натижада геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайтиб, “блокларга мансублик” стереотипларининг қайта туғилиш хавфи ортяпти.
Президент бунинг ечими сифатида иккита нарсани илгари сурган ва уларни мақола сарлавҳаси учун танлаган. Бу икки нарса – конструктив мулоқот ва ҳамкорлик. Асосий шарти – бу шундай ҳамкорлик бўлиши керакки, унда ҳар битта тарафнинг манфаатлари ҳурмат қилиниши шарт.
Мирзиёев ўз мақоласида ШҲТнинг асосий принципларини санаб ўтган. Соддароқ қилиб айтганда, булар қуйидагилар – ШҲТ ҳеч қанақа блок эмас, у ҳеч кимга қарши қаратилмаган, ташкилот аъзолари бир-бирининг тенглиги ва мустақиллигини ҳурмат қилади, ички ишларга аралашиш бўлмайди, сиёсий қарама-қаршиликларга йўл қўйилмайди.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, бу мақоласи орқали президент қисқа қилиб айтганда бундай демоқчи:
“Ҳа, дунёда геосиёсий қутблашув кетяпти; ҳа, минтақамиз борган сари глобал рақобат ва қудратли давлатлар манфаатларининг тўқнашуви маскасига айланиб боряпти; лекин Ўзбекистон томонлардан бирини танлаб, глобал зиддиятларга қўшилиш ниятида эмас. Ташқи дунёда қанча тортишиб, уришсангиз ҳам, Ўзбекистонни бу можароларга тортманг! Ўзбекистон ўзининг кўп векторли ва тенг векторли ташқи сиёсий йўналишини сақлаб қолади!”
Маълумот учун, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти дунёдаги энг катта минтақавий ташкилот ҳисобланади. 1996 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Шанҳай бешлигини ташкил этишган. 2001 йилга келиб, уларнинг сафига Ўзбекистон ҳам қўшилиши муносабати билан янги халқаро тузилма – Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига асос солинган.
2017 йилда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон ҳам аъзо бўлди. Ҳозирда Эрон, Беларус ва Мўғулистон бу ташкилотда кузатувчи давлатлар ҳисобланади. Улар орасидан Эрон ШҲТнинг навбатдаги аъзоси бўлишга яқин. Самарқанд саммитида, аъзолик мақомини олиш учун расмий Теҳронга қўйиладиган мажбуриятлар тўғрисидаги меморандум имзоланади.
Йиғилишга барча аъзо ва кузатувчи давлатлар етакчилари билан бирга, Туркия, Озарбойжон, Арманистон ва Туркманистон президентлари ҳам келади. Бир пайтнинг ўзида 15 та давлат раҳбарининг жам бўлиши Самарқанд шаҳри тарихида ҳали кузатилмаган.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ҳар йили йиғилиш ўтказишади. Лекин 2020 ва 2021 йиллардаги йиғилишлар пандемия сабабли онлайн ўтказилган эди. 15-16 сентябр кунлари президентлар Самарқанд саммитида уч йил деганда илк марта юзма-юз кўришади ва унда 30дан ортиқ ҳужжат имзоланади. Якунда Самарқанд декларацияси қабул қилинади. Шунинг билан ташкилот раиси мақоми Ўзбекистондан илк марта Ҳиндистонга ўтади.
Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларидан камида уч нафари билан алоҳида музокаралар ўтказади. Булар – Россия президенти Владимир Путин, Хитой раиси Си Жинпинг ва Эрон президенти Иброҳим Раисий. Жинпинг ва Раисий саммитдан бир кун олдин, 14 сентябрда етиб келади. Хитой раҳбарининг сафари давлат ташрифи, Эрон президентиники эса расмий ташриф мақомига эга. Шунга мувофиқ, хитой ва форс делегациялари билан кенгайтирилган форматдаги тадбирлар ҳам бўлиб ўтади.
Маълумот учун, саммитга тайёргарлик доирасида Самарқандда янги аэропорт, 8 та янги меҳмонхона ва Халқаро туризм маркази қурилди. Шунингдек, саммитда хизмат қилувчи автомобиллар учун вақтинчалик махсус авторақамлар ҳам жорий этилди. SSS ва SSP серияли бу давлат белгиларида автомобилнинг қайси ҳудудга мансублигини билдирувчи рақамлар ўрнига ШҲТ эмблемаси туширилган. Шаҳарда ШҲТнинг инглизча қисқартмаси – SCO серияли, кўк фонли авторақамга эга машиналарни ҳам учратиш мумкин.
Хавфсизликни таъминлаш учун чоршанбадан шанбагача Самарқанд шаҳрида транспортлар ҳаракати чекланади. Шаҳардаги мактабларда дарслар 19 сентябрдан, олийгоҳ ва техникумларда эса 26 сентябрдан бошланади.
Мавзуга оид
21:21 / 17.10.2024
Ўзбекистоннинг ШҲТ бюджетидаги улуши маълум бўлди
15:39 / 08.07.2024
ШҲТ яна кенгайди. Бу ташкилотнинг амалий эмас, декларатив характерини кучайтирадими?
18:48 / 04.07.2024
«Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда» — Шавкат Мирзиёев
15:22 / 04.07.2024