«Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда» — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти «ШҲТ плюс» учрашувларининг ташкилот доирасидаги кўп қиррали шерикликни ривожлантиришдаги муҳим ўрнини қайд этди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 июл куни Остона шаҳрида «ШҲТ плюс» форматининг «Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш - барқарор тинчлик ва тараққиёт сари интилиш» мавзусидаги учрашувида иштирок этди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари ва унинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарларидан ташқари кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида кенг таркибдаги «ШҲТ плюс» йиғилиши айни вақтида ўтказилаётганини таъкидлади.
- Ҳозир дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда, - деди Ўзбекистон президенти.
Бугунги глобал жараёнларга баҳо берар экан, давлат раҳбари сиёсий ва иқтисодий «парчаланишлар», урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келаётганини қайд этди.
- Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда. Мамлакатларнинг савдо, молия, сармоя, технология ва инновациялар трансфери соҳаларидаги самарали ҳамкорлигида тўсқинлик қиладиган янги ажратувчи чегаралар вужудга келмоқда, - деди президент.
«Ушбу муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли – умумий хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонлик учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш» экани таъкидланди.
Ўзбекистон раҳбари ШҲТ ҳар доим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи ролига таянадиган кўп томонламалик асосидаги адолатли дунё тартиботи тарафдори бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, юзага келган воқелик Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти самарасини оширишда янги стратегик ёндашувларни талаб этмоқда.
- Ташкилотимизнинг улкан салоҳияти ҳамда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги ортиб бораётган ролига мос келадиган янги мақсад ва вазифаларни ишлаб чиқиш вақти келди, - деди президент.
Давлат раҳбари ШҲТ таъсис этилган даврдан буён замонавий таҳдидларнинг табиати ва миқёси сезиларли даражада ўзгаргани сабабли хавфсизликни таъминлаш масалаларида унинг фаолиятининг концептуал асосларига янги нигоҳ билан қарашни таклиф қилди.
ШҲТ салоҳиятини мустаҳкамлашда, жумладан, Хавфсизликка хатар ва таҳдидларга қарши кураш бўйича универсал марказни ташкил этишда ушбу омилларни ҳисобга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон президенти ваколатли органлар раҳбарлари ва экспертлар иштирокида ҳар йили «Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти»ни ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Президент ШҲТ маконида савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил «қайта ишга тушириш», кўп томонлама савдо ва тармоқлараро шерикликнинг мустаҳкам асосларини яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Саммит давомида томонлар савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон савдони ривожлантириш, технологик кооперацияни, шу жумладан келажак саноати тармоқларини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришга келишиб олгани таъкидланди.
Бизнес мулоқоти учун самарали платформани шакллантириш мақсадида Ўзбекистон етакчиси барча шерикларни жалб қилган ҳолда ҳар йили «ШҲТ ЭКСПО» халқаро саноат кўргазмасини ўтказишни таклиф этди.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши, ЕОИИ, АСЕАН ва бошқалар билан иқтисодий ҳамкорликни фаол илгари суриш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини излаш муҳимлиги қайд этилди.
Бугунги геосиёсий вазиятда ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни кучайтириш учун инклюзив ва интеграциялашган транспорт-транзит тизимини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон президенти экологик муаммолар кучайиб бораётган бир шароитда иқлим соҳасидаги ҳамкорлик ШҲТ янги кун тартибининг энг муҳим қисмига айланиши кераклиги таъкидланди. Шу муносабат билан «яшил» тараққиёт соҳасидаги умумий мақсад ва вазифаларга эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган Иқлим ўзгаришига қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, Тошкентда экологик барқарорлик ва «яшил» ўсиш соҳасида тадқиқотлар олиб борадиган ШҲТнинг Иқлим муаммолари бўйича инновацион ечимлар марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари ташкилот кун тартибида марказий ўринни эгаллаши лозим, деди давлатимиз раҳбари. Шу маънода, келгуси йили Самарқанд шаҳрида Келажак саммити мақсадларига эришишга муносиб ҳисса қўшиш учун БМТ шафелигида барқарор ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича глобал конференцияни ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Мамлакат етакчиси цивилизациялараро мулоқотнинг ноёб моделини илгари суриш ва биргаликда мустаҳкамлашга чақирди.
«Халқларимизнинг бой маданий-тарихий ва маънавий мероси, анъаналари, урф-одатлари ва турмуш тарзи – бу ўзаро ишонч кўпригини, яхши қўшничилик ва яқин дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қудратли ва ҳаётбахш кучлиги» таъкидланди.
Яқинда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг «Халқаро цивилизациялар ўртасида мулоқот куни» резолюциясида айнан шу йўналиш акс этгани таъкидланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик бўйича Самарқанд ташаббусининг долзарблиги яна бир бор қайд этилди. Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши барқарор ривожланиш йўлидаги зиддиятларни енгиб ўтишда цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маданият, таълим, ёшлар ва сайёҳлик алмашувлар соҳасидаги дастурларни амалга оширишга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ушбу йўналишлардаги лойиҳаларни тизимлаштириш ва биргаликда амалга ошириш имконини берадиган ШҲТ гуманитар ташаббус ва дастурлари ягона банкини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Давлат раҳбари сўзининг якунида «ШҲТ плюс» форматидаги ушбу учрашув якунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги кўп қиррали шериклик ривожига кучли туртки беришига ишонч билдирди.
Мавзуга оид
16:03 / 12.07.2024
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқилади
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
14:08 / 12.07.2024
“Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади” – президент
08:25 / 12.07.2024