Беларуснинг қўшилиши билан Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзолари сони 10 тага етди. Хўш, Қозоғистонда бўлиб ўтган 24-саммит қандай муҳим жиҳатлар билан эътиборни ўзига тортади? “Геосиёсат” мавзунинг муҳим нуқталарини сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов билан таҳлил қилди.

Остона шаҳрида бўлиб ўтган "ШҲТ плюс" форматидаги учрашув ва унда муҳокама қилинган мавзулар қанчалик долзарб эди?

Фарҳод Толипов: — ШҲТ ташкилот мақомини олгандан бери ҳар йили саммит ўтказилиб, ҳар бирида декларация қабул қилинади. Шу декларацияларнинг матнини кўриб чиққанман. Уларнинг ҳажми ўзи жуда катта, худди оламшумул муаммоларни ҳал қилишга киришгандек. Муҳокамаларда космосдан тортиб иқлим ўзгариши, хавфсизлик, терроризмгача бор. Умуман, бутун дунёни қийнаётган муаммоларнинг ҳаммаси киритилган. Декларациялар матни бироз ўзгариб қайтарилиб келаверган. Остонадаги саммит қандай янгиликлар бўларкан, билмадим. Лекин менда катта бир нарсаларни кутмаяпман, чунки муҳокама қилинмаган нарсалар қолмади. Фақатгина таркибан кенгайиб бориш янгилик бўлиши мумкин. 10 та бўлди аъзолар, 5 тадан бошланган эди. Кузатувчилари, мулоқот ҳамкорлари кўпаяётган ташкилот сифатида имижини кўтаришга уринишаётганга ўхшаяпти.

Камолиддин Раббимов: — Саммитда чиқиш қилаётган давлат раҳбарлари қайси масалага қандай фокусдан ёндашди деган масала муҳимроқ, менимча. Украина урушига 2 йилдан ошди. Ўтган 2 та саммитда уруш энди бошланганди ёки қизғин паллада эди, энди бу уруш стандартлашди. Шу фонда Путиннинг вазиятга бераётган баҳоси муҳим. Путин айтдики, дунёда кўп қутблилик шаклланяпти,унинг параметрлари шаклланиб бўлди, шу кўп қутблиликни шакллантиришда асосий 2 та ташкилот ШҲТ ва БРИКС, деди. Россия нуқтаи назарида ШҲТ Ғарбга қарши бўлган ёки бўлиши керак бўлган ташкилот сифатида кўрилади.

Хитойнинг дипломатик тили эса мураккаб, жумбоқлар билан гапириб, асосий моҳиятни яширади. Хитой томони ҳам адолатли дунё ҳақида гапирди. ШҲТ дунё ҳамжамияти томонидан коллектив Ғарбга қарши бўлган майдон сифатида аллақачон шаклланиб бўлган. Бу ерда 2 хил давлатлар бор. Биринчиси нейтрал давлатлар, масалан, Ҳиндистон, у БРИКСда ҳам, ШҲТда ҳам бор ва айни пайтда коллектив Ғарб билан муносабати яхши. Бошқа бир давлатлар Ҳиндистон каби нейтрал, Хитойнинг ёки бошқа давлатларнинг ролига салбий қарайди, жумладан, Покистоннинг ролига ҳам. Баъзи давлатлар эса ШҲТ билан ҳам, Ғарб билан ҳам ижобий муносабатда, масалан, МО давлатлари ШҲТ аъзоси бўлса ҳам, аксилғарб кайфияти парваришламайди, бундан тийилади.