Жамият | 11:00 / 12.06.2018
16430
7 дақиқада ўқилади
Реклама

Давр билан ҳамнафас: Қашқадарё вилояти “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси фаолиятига назар

Ўзбекистон бугун янги даврга юз тутди. Шиддатли бу давр жамиятдан турли ислоҳотларни талаб этиш билан бирга, туб маънода ўзгаришлар ҳам содир этишни куннинг долзарб масаласига айлантирди. Буни бугунги кунда турли соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлардан ҳам англаш мумкин. Жумладан, кадастр йўналишидаги ишлар ҳам айнан мана шу шиддатга уйғун равишда олиб борилмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бунга мисол тариқасида, “Ер муносабатлари ва давлат кадастрини ривожлантириш жамғармаси” ташкил этилиб, жамғарма маблағлари ҳисобидан тизим фаолиятини ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш, замонавий техника ва технологиялар билан таъминлаш ва бошқа ишлар амалга ошириб келинаётганини кўрсатиш мумкин.

Қашқадарё вилояти “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари (ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дарахтлар) га кадастр ишини тайёрлаш ва кўчмас мулк объектларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ер тузиш ва ерларни инвентаризация қилиш ишлари, ер участкаларининг чегараларини жойнинг ўзида белгилаш, топография-геодезия, картография, кадастр съёмкаси ишлари амалга ошириш борасида самарали меҳнат қилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, корхона томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” ги №1043-сонли қарорига асосан, жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган турар жой бино ва иншоотларнинг кадастр қийматини ҳисоблаш (баҳолаш) ишлари амалга оширилмоқда.

Давлат ташкилотлари томонидан халқнинг мурожаатини ўрганиш ва уни ҳал этиш учун ташкил этилган сайёр қабуллар ушбу корхона томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

- Қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳоли турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида, олис қишлоқларда соҳа ходимлари томонидан ҳудудларда юридик ва жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилиб, жойларда сайёр тартибда қисқа муддатларда кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, тақдим этилмоқда, - дейди Қашқадарё вилояти “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси раҳбари Ғайрат Ҳамроев.

“Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Кадастр соҳасида юқорида келтириб ўтилган истиқболли ислоҳотлар фонида амалга оширилаётган қинғирликлар бу соҳа фаолиятига соя солаётгандек. Гап шундаки, айрим фуқаролар томонидан фирибгарлик йўли билан кадастр идораларининг фаолиятига ноқонуний равишда аралашиш кузатилмоқда. Улар фуқароларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни, турли хилдаги маълумотномаларни кадастр идорасидан олиб беришни ёки бўлмаса якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари олиб беришни ваъда қилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ишончига кириб, кадастр идораси вакиллари номини қоралаб, уларнинг номидан иш кўриб, моддий қимматлик ва турли миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириб кетишмоқда.

Бунинг олдини олиш борасида кадастр корхоналари томонидан жуда кўплаб ишлар қилинмоқда. Аммо, очиғини айтганда, ҳамма гап фуқаронинг ўзида бўлиб қолмоқда. Чунки кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда оворагарчилик кўп бўлади, деган нотўғри тушунча уларни фирибгарлар тузоғига олиб бормоқда. Аслида, вазият қандай? Кадастр ҳужжатларини тайёрлашда ҳеч қандай оворагарчилик йўқ, шунчаки туман ёки шаҳар кадастр бўлимларига мурожаат қилинса кифоя.

Бундан ташқари, фуқаролар билан турли тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, улар ўзларига тегишли бўлган якка тартибдаги ҳовли ва турар-жойлари ён атрофида янги иморатларни қурмасликка, ўзбошимчалик ва ноқонуний эгалланган ер майдонлари, яъни қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувли ер майдонлар, фермер ва деҳқон хўжалигига тааллуқли бўлган ерлар, юқори кучланишли коммуникация тармоқларининг муҳофаза майдонларига кирадиган ерлар ҳамда якка тартибда уй-жой қуришга мўлжалланмаган ер майдонларида бино ва иншоотларни қурмасликка чақирилмоқда. Акс ҳолда, ноқонуний бундай қурилишлар бузиб ташланиши ҳақида фуқаролар огоҳлантирилмоқда.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-5421 сонли фармони қабул қилинди. Фармон ижроси юзасидан корхонамиз ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан ҳудудларда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жой бинолари ҳамда йиллар давомида умуман ҳужжатсиз турар жой биноларига белгиланган тартибда мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ҳужжатларни йиғиш, маълумотларни тайёрлаш ва фуқароларимизга ушбу масалада ҳуқуқий тушунчалар берилмоқда, - дейди Қашқадарё вилоят “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси раҳбари Ғайрат Ҳамроев.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистоннинг вилоятлари, туман ва шаҳарларида Давлат хизматлари марказлари ташкил этилиб, соддалаштирилган электрон ҳужжатлар ва маълумотлар алмашиш тизими жорий этилди ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга, жумладан тадбиркорларга бир қатор қулайликлар яратилди.

Мазкур марказлар орқали бир жойнинг ўзида Қашқадарё вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси ва унинг туман, шаҳар филиаллари томонидан қуйидаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда:

- юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларига кадастр ишини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш;

- кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳномалар бериш;

- ипотека ва ижара шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

- кўчмас мулк объектининг тегишлилиги тўғрисида маълумотномалар бериш;

- номида кўчмас мулк объектлари (ер участкаси, турар жой, нотурар жой бино-иншоотлар) мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар бериш ва шу каби бошқа давлат хизматлари.

Шунингдек, яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18-майда “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” №370 сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда юридик ва жисмоний шахслар учун жуда катта қулайликлар яратилди. Давлат хизматлари марказлари томонидан қурилиш, биноларни фасадларини ўзгартириш ва реконструкция қилишга рухсатномалар бериш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ва шу каби бошқа ишларни қисқа муддатларда бажариш жорий этилди. Шунингдек, турар жой ва нотурар жой бино-иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссия хулосаси ва далолатномаси ва уларни туман, шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан тасдиқлаш бекор қилинди. Унинг ўрнига соддалаштирилган тартибда қисқа муддатларда бино-иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида тегишли далолатнома расмийлаштирилиши белгиланди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид