Ўзбекистон | 12:03 / 25.04.2020
21887
3 дақиқада ўқилади

Иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар кучайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Амалдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига йигирма йилдан ортиқ вақт ўтди. Ундаги қоидалар эскириб, бугунги кун талабига жавоб бермай қолди.

Иккинчи ўқишда депутатлар томонидан моддама-модда кўриб чиқилган қонун лойиҳасининг асосий жиҳатлари шундаки, у тўғридан-тўғри амал қилувчи хусусиятга эга бўлиб, 3 та қонун, давлат раҳбарининг 12 та фармон ва қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қабул қилинган 40 дан ортиқ меъёрий ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни ўзида жамлаган.

19 та боб, 129 та моддадан иборат Қонун лойиҳасида бандлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, йўналишлари ва воситалари аниқ очиб берилмоқда. Меҳнат органларининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Лойиҳа билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар кучайтирилмоқда. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этишнинг асосий йўналишлари тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларда баён қилинмоқда.

Алоҳида янги моддаларда бандликни таъминлашда хусусий бандлик агентликлари иштироки, янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш, жамоат ишлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, микрокредитлаш дастурларини молиялаштириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланиш тартиблари белгилаб берилган.

Шунингдек, ишсиз шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш кафолатлари кучайтирилмоқда. Хусусан, банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш, энг муҳими ва эътиборли жиҳати фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари батафсил кўрсатиб ўтилмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан меҳнат бозори ва бандлик, меҳнат ресурслари баланси, ташкил этилаётган иш ўринлари ҳақидаги холис, мунтазам янгилаб бориладиган маълумотлар базасини ўз ичига олган, иш берувчилар ва ходимларга меҳнат муносабатларини электрон шаклда расмийлаштириш, ишга жойлашишнинг шахсга доир тарихи, бўш (вакант) иш ўринлари, ходимларнинг сон ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ҳамда сақлаш учун электрон ахборот тизими — «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан бериладиган молиявий ёрдам - субсидиялар, ажратиладиган пул маблағлари ва моддий ресурслар – грантларнинг кимлар ва нима мақсадларда берилишига оид нормалар алоҳида моддаларда белгилаб берилмоқда.

Онлайн муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид