«Кафка ҳам хижолат!» — Янгийўл тумани солиқ инспекцияси мантиқсизлик билан қуролланиб, фермерларни «ўлдирмоқчи»
Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги бир қанча деҳқонларга туман солиқ инспекцияси томонидан «бахт хатлари» юборилган. Солиқчиларнинг иддаосига кўра, фермерлар ... ишга олинмаган ишчилар (шу ерда хотиримизга Гоголнинг «Ўлик жонлар» асари келади), ишлатилмаган сув ресурслари учун солиқ тўлаши керак.
Бир ёқда жамиятда бюрократизм ва ҳужжатбозликка қарши курашилаётган пайтда баъзи жойларда баъзи идоралар ходимлари нафақат бу икки иллат, балки мумтоз асарлар қаҳрамонларинида доғда қолдирувчи ҳийлакорликлар бўйича «мастер-класс» ўтишяпти. Бу ерда энг эътиборлиси – мазкур ходимларнинг ҳар қандай мантиқий ҳадларни киприк қоқмай бузиб ўтиши!
Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани солиқ инспекцияси томонидан шу кунларда фермерларга юборилган хабарномалар бунга бир мисол бўла олади. Тумандаги юзлаб фермерларга қўшимча солиқларни тўлаш зарурлиги тўғрисида деярли бир хил (ҳужжатларнинг тузилиши бўйича) «бахт хатлари» юборилиб, катта миқдорда қўшимча ҳисобланган солиқларни тўлаш талаб этилган.
Мана шундай хабарномалардан биттаси:
Бу эса «самарасиз» деб топилган ва «қўшимча солиқ»қа тортилаётган хўжаликларнинг кичик бир қисми:
Kun.uz Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази (CED) директори Юлий Юсуповнинг ушбу ҳолатга нисбатан фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Мутахассис Янгийўлда рўй бераётган ҳолат олдида нур ва зулматни мавҳумлик ҳолатида тасвирлай олган буюк адиб Франс Кафканинг мантиғи ҳам ожиз қолиши ҳақида гапирди...
Нормативлар, хусусий тадбиркорлик тамойиллари ва илмий-техник тараққиёт стандартлари ҳақида
92 гектар ер майдонига эга бўлган бир фермерга юборилган хабарномада қайд этилишича, хўжаликнинг ушбу тури ва ҳажмида 104 нафар ишчи ёлланиши керак экан. Шунингдек, суғориладиган ер майдони учун сувни истеъмол қилиш меъёрлари мавжуд: 92 гектар майдон учун 822,1 куб / м.
Кўриниб турибдики, юқоридаги ҳужжатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини ишлаб чиқаришда корхоналар томонидан сарфланадиган тахминий ўртача харажатлар миқдори кўрсатилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу стандартлар мажбурий эмас ва мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас. Булар, асосан, ишлаб чиқариш жараёнини режалаштиришда фойдали бўлган маслаҳатларгина, холос. Масалан, агар гуруч ёки помидор етиштирмоқчи бўлсангиз, бу каби қўлланмалар сизга қанча ишчи ёллашингиз, ўғитлар миқдори, ер майдони, сув сарфи ва ҳоказоларни тўғри ҳисоблашда ёрдам беради. Аммо сиз ушбу ресурслардан фойдаланишга мажбурсиз дегани эмас.
Бундай стандартлар мажбурий бўлиши мумкин эмас, чунки бу қуйидагиларга зид келади:
а) хусусий тадбиркорлик тамойиллари (тадбиркор қанча ва қандай ресурслардан фойдаланишини ўзи ҳал қилади);
б) замонавий илмий-техник тараққиётнинг амалиётга татбиқ этилиши (янги технологиялар харажатлар таркибини тубдан ўзгартириши мумкин, масалан, томчилатиб суғориш сув сарфини кескин камайтиради, механизациялаш ва автоматлаштириш эса – ишчилар сонини).
Шунинг учун 92 гектар майдонда камида 104 киши ишлаши кераклиги ва айнан 822 куб/м сув ишлатилиши ҳақидаги гаплар мутлақо бемаъниликдир.
Шунга кўра, ёлланмаган ишчилар ва аслида фойдаланилмаган сувга индикатив стандартларни ҳисобга олган ҳолда солиқларни қайта ҳисоблаш – мантиқсизлик.
Сув миқдорини ҳисоблаш ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари бўйича ёки (ҳисоблагич мавжуд бўлмаганда) турли экинлар томонидан сув истеъмол қилиш меъёрларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
Деҳқонларнинг таъкидлашича, сув керакли ҳажмда етказиб берилмаган. Шунинг ўзи деҳқонларга зарар етказган. Энди эса «ўлганнинг устидан тепган» қилиб солиқ инспекцияси етказиб берилмаган сув учун пул тўлашни талаб қилмоқда.
Солиқ идорасининг мазкур ҳаракатлари – қароқчилик
Хабарномадаги буғдой ва пахтани сотишдан тушган маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш талаби янада кулгили ва бемаънидир. Ушбу талабнинг ваҳшийлиги шундан иборатки, буғдой ва пахта мажбурий экинлар бўлиб, уни деҳқонлар белгиланган нархларда давлатга сотишлари шарт. Ушбу нархлар бозор нархларига нисбатан анча пастдир (фермерларнинг таъкидлашича, ўтган йил бу кўрсаткич бозор нархининг ярмини ташкил қилган).
Яъни давлат мазкур ҳолатда биратўла:
- фермерларни маълум экинларни етиштиришга мажбур қиляпти;
- етиштирган ҳосилини мажбурий равишда арзон нархларда сотиб оляпти;
- ва ниҳоят (Янгийўл тумани солиқ инспекцияси «жонбозлиги» билан) фермерлардан шу тарзда олиб қўйилган маҳсулотларга ўз билганича солиқ белгилаяпти.
Иқтисодчи шундоқ ҳам мажбуран олиб қўйилган мол-мулк учун солиқ ундиришни очиқчасига қароқчилик сифатида баҳоламоқда.
Янгийўл тумани солиқ инспекцияси ва фермерлар ўртасидаги ушбу ҳолат юзасидан Kun.uz ўз суриштирувини бошлади. Суриштирув давомида солиқ идорасининг мазкур ҳаракатларидан норози бўлаётган фермерлар ва Янгийўл туман солиқ инспекцияси масъулларининг изоҳлари, шунингдек, мутахассис-экспертларнинг фикрлари билан танишасиз.
Кейинги воқеалар ривожини расмий саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.
Мавзуга оид
23:36 / 20.11.2024
Британиялик фермерлар янги мерос солиғи бекор қилинишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
16:12 / 05.11.2024
Янгийўлда “дом” қурилиши ишлар сифатсиз бажарилгани учун тўхтатилди
22:34 / 03.10.2024