Сувни энг кўп исроф қилувчи соҳа – қишлоқ хўжалигимиз, эски суғориш тизимлари. “Сув пулли бўлса, тежалади” деган ёндашув бир тарафдан тўғри, бироқ солиқ жорий қилишнинг ўзи кам – фермер мустақил тадбиркорга айланмагунча, соҳа ҳеч бир ресурсни тежашга қодир бўлмайди. Kun.uz студиясида сув солиғи ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди.

Субсидияни “еб қўйган” солиқ

“Сўровномаларимизда 40 фоиздан ортиқ фермер ҳар гектар ер учун 1 миллион сўмдан кўпроқ сув солиғи тўлаётганини билдирди. Ваҳоланки, ўтган йили бу кўрсаткич аслида 300 минг сўмдан 500 минг сўмгача бўлган эди”, — дейди Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов – Қаршидаги бир фермер мисолида бу муаммо яққол кўринади. У 13 гектар ерга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатганига қарамай, унга гектарига 22 миллион сўм сув солиғи ҳисобланган. Бу миқдор у топширган пахта учун олган субсидияни тўлиқ “еб юборган”. “Бир гектар пахта пишиб етилгунча ўртача 6300 кубометр сув сарфланади. Шуни 100 сўмдан ҳисобласак, бир гектар учун 630 минг сўм солиқ чиқиши керак. Кўплаб фермерларга гектарига 1 миллион – 1 миллион 200 минг сўмдан солиқ ҳисобланган”, — дейди Икромов.

Сув етмайди, аммо “план” бор

“Энг жиддий муаммолардан бири — қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда ҳудуднинг сув билан таъминланганлик даражаси тўлиқ ҳисобга олинмаслигидир. Қонунчиликка кўра, ирригация бўлимлари ҳар бир ер контурининг сув таъминоти даражасини ўрганиб, шундан келиб чиқиб экин жойлаштириш бўйича хулоса бериши шарт. Аммо амалда сув таъминоти етарли бўлмаган ҳудудларга ҳам сувни кўп талаб қиладиган пахта ва ғалла экиш мажбурияти юкланмоқда”, – дейди Қўчқорали Абдуваҳоб ўғли ф/х раҳбари Қўчқорали Усмонов. “Керакли сувнинг 50 фоизидан ками билан қандай қилиб пахта ёки ғалла етиштириш мумкин?” — дея ҳақли савол қўяди у.

Соҳа вакилларининг фикрича, Сув хўжалиги вазирлиги сув танқис ҳудудларга экин экилишидан олдинроқ аралашиб, муаммонинг олдини олиши керак.

“Нега Сув хўжалиги вазирлиги олдиндан чиқиб: 'Тўхтанглар, биз бу ерга сув етказиб бера олмаймиз. Келинглар, бошқа турдаги экинга ўтказайлик', деб таклиф киритмайди?” — дея таъкидлади Умонов. “Бундай сиёсат фермерларни, ишчиларни, умуман, бутун аҳолини мавжуд тартибларга қарши қилиб қўйиши мумкин, чунки ресурс бўлмаган жойда ҳосил ундиришнинг иложи йўқ” – дейди у.

Сув таъминотидаги узилишлар ва бюрократик тўсиқлар