Ўзбекистон | 10:21 / 23.05.2024
2663
2 дақиқада ўқилади

Экологик экспертиза хулосаси бўлмаган иссиқхоналар ва саноат корхоналарига газ етказиб бериш тўхтатилади

Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги санитария ҳимоя минтақасида (режимли объектлар атрофида) қўшимча иссиқхона ва атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи корхоналар барпо этилиши тўхтатилади.

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналар ва саноат корхоналари томонидан атмосферага чиқарилаётган тутун ва заҳарли газларни кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Тошкент шаҳри ва унинг атрофида жойлашган иссиқхона хўжаликлари, саноат корхоналарга қатор талаблар юкланмоқда.

Хусусан, табиий газдан ёнилғи сифатида фойдаланувчи иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналарининг экология экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаган тақдирда уларга табиий газ етказиб берилишига йўл қўйилмайди.

Табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланганда ёки газ ҳисоблагичлардан табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига истеъмолчининг айби билан онлайн равишда маълумотлар узатилишини тўхтатиш ҳолатлари аниқланганда, ушбу истеъмолчилар билан табиий газ етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар бекор қилиниши ва бир йил муддатда шартномаларни қайта тиклаш тақиқланиши белгиланмоқда.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Тошкент, Қибрай, Юқоричирчиқ ва Зангиота туманларида 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

  • Марказий банк, тижорат банклари ва бошқа кредит ташкилотларига давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаган иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналарини молиялаштириш ва уларга кредит ажратмаслик тавсия этилади;
  • Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги санитария ҳимоя минтақасида (режимли объектлар атрофида) қўшимча иссиқхона ва атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи корхоналар барпо қилиниши тўхтатилади;
  • мулкчилик шаклидан қатъий назар иссиқхоналарда яроқсиз шиналар, битум, плёнка, плёнкали-синтетик картон, резина, жун толаси каби чиқиндилардан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланади.

Мавзуга оид