Иқтисодиёт | 11:52 / 26.12.2025
659
2 дақиқада ўқилади

2026 йилдан ҚҚС тушумининг бир қисми ҳудудларда қолдирилади

2026 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи тушумининг бир қисми ҳудудларда қолдирилиб, унинг ярми туман бюджетларига ўтказилади. Бу орқали туманлар даромад базасини камида икки баробар ошириш ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун қўшимча молиявий манба яратиш кўзда тутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

2026 йилдан маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ишларини самарали молиялаштириш мақсадида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тушумининг бир қисми ҳудудларда қолдирилиб, туман бюджетларига йўналтирилади. Бу орқали туманлар даромад базасини камида икки баробар оширишга шароит яратилиши қайд этилди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 1 январдан ҚҚС тушумининг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда эса 20 фоизи ҳудудларда қолдирилади. Қолдириладиган маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилиши белгиланди.

Шу билан бирга, туман бюджетларини мустаҳкамлаш учун қўшимча манбалар ҳам белгиланмоқда. Хусусан:

  • даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи;
  • экин ерларини ижарага беришдан тушумлар;
  • бозорлардан тушумлар тўлиқ туман бюджетига берилиши айтилди.

Бундан ташқари, вилоят ва туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларни қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўяётган масалаларни ҳал қилишга йўналтиришга рухсат берилиши белгиланди. Ушбу чоралар ҳисобидан туманлар бюджетида 5 трлн сўмлик қўшимча манба шаклланиши ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 трлн сўм маблағ вилоятларнинг ўзига берилади. Ушбу маблағлар “туман учун эмас”, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилиши ва бюджет маблағларини самарали ишлатишда лойиҳавий ёндашув қўлланилиши таъкидланди.

Шунингдек, урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланиши, шаҳарларнинг тартибсиз кенгайишини чеклаш учун аниқ мезонлар белгиланиши, республикада илк бор 45 та агломерация ҳудуди ажратилиши маълум қилинди. Келгуси йилда “Барқарор шаҳар” платформаси ишга туширилиб, “яшаш учун қулайлик индекси”ни юритиш орқали ҳар бир маҳаллага хос муаммоларни аниқлаш ва манзилли ечимлар бериш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид