Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“ҚҚСни қайтариш коррупцион схемага айланган, уни тугатиш керак” – мутахассис
Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг фикрича, экспортга нол ставка қўлланиши ёки субсидиялардан ташқари ҳеч бир ҳолатда ҚҚС қайтариб бериш керак эмас.”Бюджетдан қайтадиган ҳар қанақа амалиётда коррупция аралашади. Ўтган йили қанча миллиардлар ўғирлангани аниқланди. Ҳар бир босқич охирги истеъмолчи бўлиши мумкин бўлса, ҚҚСни қайтариш керак эмас”, - дейди у.
ҚҚСни қайтариш амалиёти коррупцион схемага айланган, дейди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz билан суҳбатда.
246 сонли президент фармонига асосан, жорий йилнимг 1 январидан солиқ текширувисиз ҚҚС қайтариб берилмайдиган бўлди. ҚҚСни тезлаштирилган тартибда қайтариб бериш буткул бекор қилинмади. Яъни учта А категориясига кирувчилар ва экспортчиларда бу имтиёз ҳали ҳам бор. Раҳбарида ёки тарихида солиқ тўламаслик билан боғлиқ жиноят аломати бўлса, тезлаштирилган тартибдан чиқарилади.
Бундан ташқари, охирги 12 ой ичида корхона қўшилган бўлса ёки қайсидир корхонадан ажралиб чиққан бўлса, ундан ҳам тезлаштирилган форма чиқарилди. Бу янги ташкил этилганига 1 йил тўлмаган корхоналарга ҳам тааллуқли.
Мурод Муҳаммаджоновнинг фикрича, мутахассислар ҚҚСни қайтариб беришга қаршилик қилади ва фақат экспортга нол ставка қўлланганда қайтариб бериш тўғри.
“ҚҚСни қайтариб бериш бюджетга йўқотиш ҳисобланади. Бунинг ортида бюджет маблағларини ўзлаштириш кенг бўлганлиги учун жуда кўп коррупсион ҳолатлар, ўзлаштиришлар бўляпти. Бюджетдан қайтадиган ҳар қанақа амалиётда коррупсия аралашади. ҚҚСни мантиқан қайтариш керакми, десангиз, йўқ қайрариш керак эмас, деган бўлардим. Чунки ҚҚС тўловчиси охирги истеъмолчи. Масалан, шу китобни 100 минг сўмга ҚҚС билан сотиб олдим — 12 минг сўм ҚҚС турибди. Уни 150 минг сўмга сотсам, 18 минг сўм ҚҚС ҳисобланади ва 12 минг сўмни айириб, фарқи тўланади.
Қандайдир тадбиркорни ўйлайдиган псевдо мутахассислар чиқиб, “12 минг сўм бекор ётибди, тадбиркор фойдалансин”, деб ҳаммасини қайтариб бериш керак деди. Натижада бюджет ўмарилди. Ўтган йили қанча миллиардлар ўғирлангани аниқланди”, - дейди у.
Мутахассис бир одамнинг ҳаракати оқибатида бюджет талон-торож бўлганига урғу берди.
“Халқдан йиғилган миллиардлаб пул шунчаки йўқ бўлиб кетяпти. Ҳар бир босқич охирги истеъмолчи бўлиши мумкин. Демак, ҚҚСни қайтариш керак эмас”, - деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда солиқ, божхона, банк ходимлари, ҳоким ўринбосари ва тадбиркорлардан иборат жиноий гуруҳ аниқланганди. Ушбу гуруҳ 2020-2023 йиллар давомида 8 та сохта корхона ташкил қилиб, хорижга сохта экспорт қилинган мебел маҳсулотлари учун қайтарилиши белгиланган 15 фоиз қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) салбий фарқ суммасини асоссиз қайтариб олиш орқали жами 24 млрд 580 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Мавзуга оид
10:20 / 06.03.2026
1 апрелдан чет элликлар учун tax free тизими ишга тушади
13:16 / 05.02.2026
Солиқ қўмитаси ҚҚСга автоматик ўтказиш тартибини тушунтирди
11:52 / 26.12.2025
2026 йилдан ҚҚС тушумининг бир қисми ҳудудларда қолдирилади
11:40 / 16.12.2025