Жаҳон | 18:46 / 21.09.2025
6967
3 дақиқада ўқилади

Канада, Австралия ва Буюк Британия мустақил Фаластин давлатини расман тан олди

Тегишли баёнотларда бу тинч-тотув яшашни ва ҲАМАС ҳаракатининг тугашини истаганларга кўпроқ восита бериши, ҲАМАС Фаластинни назорат қилмаслиги, шунингдек, гаровга олинган барча исроилликларни озод этиши кераклиги таъкидланди.

Фото: Reuters

Канада Фаластин давлатчилигини тан олади, деб эълон қилди бош вазир Марк Карни. У ўз баёнотида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Исроилга таҳдид солаётгани, шунингдек, Исроил томонидан Ғазо сектори ва Ўрдун дарёсининг Ғарбий қирғоғида Фаластин давлатининг ташкил этилишига йўл қўймаслик учун кўрилаётган чораларни қайд этди.

«Канада Фаластин давлатини тан олади ва Фаластин давлати билан Исроил давлати учун тинч келажак ваъдасини бажариш мақсадида ҳамкорликда ишлашни таклиф қилади. <...> Канада хомхаёлларга берилмайди: бу эътироф нажот эмаслигини биламиз. <...> Фаластин мухторияти бошчилигидаги Фаластин давлатининг тан олиниши тинч-тотув яшашни ва ҲАМАС ҳаракатининг тугашини истаганларга кўпроқ восита беради. У терроризмни қонунийлаштирмайди ва бунга йўл қўймайди. Бу ҳеч қандай тарзда Канаданинг Исроил давлати, унинг халқи ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашини таҳдид остига қўймайди», дейилади Карни баёнотида.

Шунингдек, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мурожаат билан чиқиб, Фаластин давлатини тан олганини ва «фаластинликлар ва исроилликлар учун тинчлик, шунингдек, икки давлат масаласини ҳал қилиш умидлари» қайта тикланганини эълон қилди.

Шу билан бирга, Стармернинг таъкидлашича, ҲАМАС - «келажаги йўқ ва Фаластин ҳукуматида ҳеч қандай роли йўқ террорчи ташкилот». У Лондон яқин ҳафталарда ҲАМАС етакчиларига қарши янги санкциялар жорий этишига ваъда берди.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе ҳам Фаластин давлатини тан олганини эълон қилди. ҲАМАС Фаластиннинг келажагида рол ўйнамаслиги керак, Фаластин маъмурияти эса ислоҳотлар ва демократик сайловлар ўтказиш мажбуриятини ўз зиммасига олади, деб қўшимча қилди у.

Барча баёнотларда таъкидланишича, ҲАМАС Фаластинни назорат қилмаслиги, шунингдек, гаровга олинган барча исроилликларни озод этиши керак.

Таъкидланишича, Фаластин мухторияти ҳукумати кенг қамровли сайловлар ўтказиш мажбуриятини олди. Карни сўзларига кўра, Фаластин мухторияти Канада ва халқаро ҳамжамият билан келаси йили сайловлар ўтказиш, Фаластин давлатини демилитаризация қилиш ва бошқа ислоҳотлар учун ҳамкорлик қилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид