Жаҳон банки кўмагида юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялардаги модернизация-реконструкция амалиётлари давом эттирилади
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда бир нечта инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, мамлакатимиздаги юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Хусусан, бундай йўналишдаги фаолият Жаҳон банки билан ҳамкорликда ҳам амалга оширилмоқда.
Энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижадорлиги ҳамда истиқболдаги режаларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш кун тартибидаги муҳим масалалардан бири. Шу боис, кеча, 2022 йил 15 июль куни «Hilton» меҳмонхонасида «Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш» номли янги лойиҳанинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари, Жаҳон банкидан вакиллар, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари (ЎзМЕТ)» АЖ иш самарадорлигини ошириш ва бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб уй хўжаликлари ҳамда корхоналарни ишончли энергия билан таъминлашга ёрдам беради.
Лойиҳа 2021 йил июнь ойида Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши томонидан маъқулланган. Уни амалга ошириш учун Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки гуруҳи таркибига киради) 380 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит ажратади, Яшил Иқлим Жамғармаси (ЯИЖ) эса Тикланадиган энергия манбалари хатарларини юмшатиш ташаббуслари доирасида 43 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз тақдим этади. Ушбу молиялаштириш мамлакат ҳукуматига жуда паст фоиз ставкаларида ва максимал сўндириш муддати 40 йилгача бўлган ҳолда тақдим этилади. ЯИЖ, шунингдек, лойиҳа доирасида алоҳида тадбирларни амалга ошириш учун 4 миллион долларлик грант ажратади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил бошидаги «Жаҳон банки иштирокида «Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш» лойиҳасини амалга ошириш ҳамда республика магистрал электр тармоқлари тизимини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат лойиҳада назарда тутилган тадбирларни амалга оширишни бошлаш учун ҳуқуқий, маъмурий ва ташкилий асосни яратди.
Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилдаги 61 миллиард киловатт•соатдан 2030 йилга бориб 100 миллиард киловатт соатга ва ундан кўпроққа ошиши кутилмоқда. Ҳозирда мамлакатда 250 минг километрдан ортиқ электр узатиш ва тақсимлаш тармоқлари мавжуд. Уларнинг аксарияти совет даврида қурилган ва аллақачон ўзларининг эксплуатацион ресурсларини ишлаб бўлган. Эскирган инфратузилма катта электр энергияси йўқотилишига олиб келади. Бу йўқотилишлар умумий ишлаб чиқарилган электр энергиясининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади. Бу, шунингдек, мамлакат бўйлаб тез-тез электр энергияси узилишларига сабаб бўлиб, иқтисодий фаолият ва аҳоли фаровонлигига зарар етказади.
– Янги лойиҳа трансформацион характерга эга бўлиб, Жаҳон банкининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан Ҳамкорликнинг янги асос дастури доирасида амалга оширилади. Бу даврдаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири — Ўзбекистонга «яшил» иқтисодиётга ўтишда кўмаклашишдан иборат, – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. – Лойиҳа ҳукуматга электр энергетика секторининг самарали ишлаши ва ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради. Шунингдек, у магистрал электр узатиш тизимини модернизация қилишга кўмаклашади. Бу чора-тадбирлар тахминан 32 миллион истеъмолчиларнинг электр таъминоти ишончлилигини таъминлаш имконини беради.
– Мазкур лойиҳа «Ўзбекистон МЭТ» АЖни замонавий тижорат компаниясига айлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади, шунингдек, тикланадиган энергияни хусусий инвесторлар иштирокида ишлаб чиқариш бўйича янги йирик лойиҳаларни электр тармоқларига улаш имконини беради, – деди «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақулов. – У, шунингдек, Ўзбекистонда рақобатбардош электр энергияси бозорини ривожлантириш ва электр энергетика соҳасини тартибга солувчи ишончли меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
Лойиҳа эскирган энергетика инфратузилмасини модернизация қилишни «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг устувор инвестицияларини молиялаштириш орқали қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа тадбирларига, жумладан, 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва кенгайтириш, шунингдек, янги 500 кВ кучланишли подстанция ва Ўзбекистоннинг 11 вилоятида электр узатиш тармоқларини қуриш амалиётлари киради.
Лойиҳа доирасида электр узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнини яхшилаш учун замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ва ечимлари жорий этилади. Улар диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш учун янги аппарат-дастурий комплексни (SCADA), шунингдек, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ марказий ва ҳудудий диспетчерлик марказлари учун электр энергиясини бошқариш тизимини (EMS) яратишни ўз ичига олади. Лойиҳа тадбирлари совет давридан бери ишлатилиб келинаётган эскирган тизимларни алмаштириш имконини беради.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг электр энергетика секторидаги стратегик ролини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа унинг операцион, молиявий ва тижорат жараёнларини ривожлантириш ва рақамлаштириш, шунингдек, институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали замонавий компанияга айлантиришга ёрдам беради. Лойиҳа тадбирлари режалаштириш жараёнларини такомиллаштириш, корпоратив бошқарув ва қарорлар қабул қилиш, шунингдек, компания турли тизимларининг киберхавфсизлигини бошқаришни ўз ичига олади.
Лойиҳа, шунингдек, тикланадиган манбалар асосида хусусий сектор томонидан ишлаб чиқарилган энергияни интеграция қилиш учун электр тармоқлари имкониятларини кенгайтириш орқали тоза энергия ишлаб чиқаришга ўтишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Лойиҳа тадбирлари, шу билан бирга, Ҳукуматнинг электр энергетика соҳасидаги иссиқхона газлари чиқишини камайтириш бўйича режаларини амалга оширишга ҳисса қўшади. Хусусан, лойиҳа тикланадиган манбалар асосидаги 1500 мегаватт энергияни электр тармоқларига интеграциялашга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирлар атмосферага иссиқхона газлари чиқишини қўшимча равишда камайтиришга олиб келади ҳамда тикланадиган энергия соҳасига қўшимча хусусий инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради.
Лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистонни Афғонистон, Қозоғистон ва Тожикистон энергетика тизимлари билан боғловчи инфратузилмани реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали Марказий Осиёда минтақавий энергия савдосини ривожлантиришга кўмаклашади.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 14–15 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида МДҲ давлатлари Энергетика кенгашининг 60-юбилей йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Д.Исақулов етакчилигида делегация ҳам иштирок этди. МДҲ давлатлари Энергетика кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон электр энергетика тармоғининг юқори кучланишли электр узатиш линиялари ҳамда 220–500 кВ кучланишли подстанцияларида олиб борилаётган модернизация-реконструкция ишлари алоҳида эътироф этилган.
Маълумотнома Жаҳон банки матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди: https://cutt.ly/QLYbapJ
Веб-саҳифа: uzbekistonmet.uz
Facebook: fb.com/elektrtarmoq
Instagram: www.instagram.com/uzbekistonmet.uz
Twitter: twitter.com/uzbekistonme
Utube: utube.uz/ru/users/7208
Youtube: www.youtube.com/channel/UC6cRpsasTIKnReaCXXqccdg
Telegram: http://t.me/uzmetaxborotxizmati
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
09:00 / 02.03.2024
Туркистон шаҳрида Марказий Осиё республикалари ҳамда Россия Федерацияси энергетика тизимлари раҳбарларининг муҳокамалар мажлиси бўлиб ўтди
19:00 / 02.08.2022
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ мутахассислари Швейцариянинг рақамли подстанциялар тажрибасини ўрганиб келишди
17:00 / 02.07.2022
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ 2021 йил учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича Ernst & Young'дан ижобий хулоса олди
18:06 / 02.07.2021