Ўзбекистон | 11:10 / 03.04.2023
19550
2 дақиқада ўқилади

«Лотоклар катта сув оқимини қабул қилишга мўлжалланмаган» — Тошкентни сув босганига шаҳар ҳокимлиги изоҳ берди

2 апрел кунги ёғингарчилик туфайли Тошкент кўчаларини сув босди, метро бекатларига сув кириб кетди, авиарейслар эса Самарқандга йўналтирилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Пойтахтда 2 апрел, якшанба куни кучли момақалдироқлар кузатилиб, кучли ёмғир ёғди. Бунинг оқибатида кўчаларни сув босди, туннеллар ва метро бекатларига сув кириб кетди. Тошкент шаҳар ҳокимияти сув тошиши сабабларини изоҳлади.

Қайд этилишича, пойтахтда ётқизилган лотоклар катта оқимни қабул қилишга мўлжалланмаганлиги боис шундай ҳолат юзага келган.

«2 апрел куни 2 соат давомида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида 20 мм ёмғир ёғди ва бу апрел ойи учун белгиланган умумий меъёрнинг, яъни 60 ммнинг учдан бир қисмига тенг. Лотоклар бир пайтнинг ўзида бундай катта оқимни қабул қилишга мўлжалланмагани боис, шаҳримиздаги бир неча манзилгоҳларда сув тўпланиши кузатилди», — дейилади расмий баёнотда.

Ҳокимлик ҳолатни бартараф этиш учун Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ва унинг туман бошқармалари, коммунал соҳа тизимлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бош бошқармасининг 500 дан ортиқ ходимлари ва 100 дан ортиқ махсус техникалари жалб этилгани ва 2 апрел 23:00 гача сув тошган манзиллардаги ҳолатларга барҳам берилганини қайд этган.

Таъкидлаш жоиз, «Тошкент метрополитени» сув кетиш йўллари (ариқлар)нинг тўлиб қолгани учун метро бекатлари сувга тўлганини маълум қилганди.

Мавзуга оид