Ўзбекистон | 08:22 / 08.06.2024
8390
5 дақиқада ўқилади

Яхши даромад, халқаро компанияда иш, илмда ютуқлар – мактабни битирмай туриб 17 ёшли қиз буларга қандай эришди?

Озода Мўминова бу йил 11-синфни битирди. У ёш бўлишига қарамай, халқаро компанияда лойиҳа менежери бўлиб ишлайди. Шу пайтгача АйТи ва илм йўналишида турли ютуқларга эришган. Озода ўзининг ютуқлари дадаси ихтисослаштирилган мактабга ўқишга олиб борган пайтдан бошланган деб ҳисоблайди.

Озода Мўминова фаолиятини ИТ соҳаси билан боғлаган. Хусусан, ҳозирда у “Swift launch” бизнес дастурида лойиҳа раҳбари ҳисобланади. Соҳага қизиқиш эса Озодада 15 ёшидан бошлаган, турли дастурларда волонтёрлик қилган. “Микрофон қизларда” лойиҳасида Озода Мўминова бу ютуқларга эришиш учун қандай йўлларни босиб ўтгани ҳақида гапириб берди.

Ихтисослаштирилган мактабда фанга меҳр қўйганман

Тўртинчи синфни битирган пайтимда дадам ҳаракатчанлигим учун ихтисослаштирилган мактабга ўқишга берган. Мактабга синов асосида олишган, ўқиш анча қийин эди. Телефон ишлатишга рухсат беришмаган, ҳафтада бир марта уйга борардик, ўқитувчиларимиз бизни тўлалигича илм-фан билан банд қилишган. Мактаб дастуридан ташқари ҳам “бестселлер” китобларни ўқирдик, бу мактабдаги ҳаётим мен учун кўп нарсани ўргатган.

Бошида ота-онамни соғиниб йиғлардим, қийналганман. Кейинроқ эса мен яхши йўлда эканимни, қийинчиликларни енгиб ўтишим кераклигини тушуниб етганман.

2020 йилда пандемия пайтида мактабимиз ёпилиб, ўқишлар онлайн бўлганди. Ўшанда уйда дарс қила бошлагандим. Бу пайти қўлимда телефон ва ноутбугим бор эди. Мактабда қатъий тартибга ўрганганим учун ортиқча нарсаларга чалғимасдим ва фақат ўрганиш билан машғул бўлганман.

Ихтисослаштирилган мактабда бир неча йил ўқигач, яна умумтаълим мактабига қайтганман. Сабаби мен яхши кўрган устозларим бошқа жойга ишга ўтиб кетишганди. Гарчи умумтаълим мактабида бўлсам-да, энди менда ўз устимда ишлаш кўникмаси бўлгани учун ўқишда қийналмаганман. Бу муддатда турли халқаро ўқув курсларида ўқидим.

Экология мавзуси менга қизиқ эди”

Менга илм-фан, айниқса, экология мавзуси қизиқ эди. Шунинг учун олимлар билан интервюлар ташкиллаштирадиган платформалардан бирида уларга савол тузиб бериш билан маълум муддат шуғулланганман. Ҳар бир мавзу доирасида тўғри саволлар туза олиш учун етарлича ўрганиш керак бўларди. Шу муддатда экологияга оид кўп нарса ўрганганман.

АйТига кириш

Бир синфдошим робототехника бўйича яхшигина мутахассис эди. Кунлардан бирида у мактабга ўзи ясаган роботини олиб келиб мақтанган. Табиийки, менга бу унча ёқмаган, сабаби синфда энг билимли сиз бўлиб турсангиз, бошқа одам ўзингиздан ўтиб кетишини хоҳламайсиз. Мен ҳам шу соҳани ўрганаман дегандим ўшанда. Лекин бу – яхши маънодаги рақобат.

Робототехника бўйича изланиб кўрганимда АйТига оид маълумотлар чиқиб келган ва дастурлашни ўрганиш кераклигини тушуниб, ўзимга турли муддатлар белгилаб олиб, ўрганишни бошлаганман. Бир муддат дастурлаш, кейинроқ эса блокчейн йўналишида ҳам ишлаб кўрдим.

Ҳозирги пайтда Swift launch компаниясида лойиҳа менежери бўлиб ишлаяпман.

Дастурлашга кириб келгач, турли хакатонларда қатнашдим. Хакатон – 3 кунлик дастурда бирор ғояни маълум даражада реализация қилиш талаб этилади.

Кислород олиш лойиҳаси ҳақида

2022 йилда халқаро "The New York Academy of Sciences" хакатонида қатнашиш учун танловдан ўтиб, турли давлатлардан қатнашаётган ёшлар иштирокида жамоа тузгандим.

Ўша пайти менинг ғоям асосида карбонат ангидрид газидан кислород олиш формуласини ишлаб чиқиб хакатонда тақдим этганмиз. Лойиҳамизни дунёда таниқли ва тажрибали олимларга тақдимот қилганмиз ва у ижобий қабул қилинган. Сабаби бизнинг формуламиз Кембриж олимларининг амалда ишлаётган формуласидан 0,2 фоиз тезроқ ишлаши аниқланганди.

Сўнг мана шу хакатонда бизга берилган грант билан Ҳиндистон лабораториясида ишлатиб муваффақиятли ишлатиб кўрдик. Ҳозир лойиҳамизни Кембриж олимларига тақдим қилганмиз.

Илм ортидан ҳам яхши даромад қилса бўлади

Ҳозирги ишлаётган халқаро лойиҳамда минг доллардан 3 минггача, халқаро даражадаги олимлар, тажрибали мутахассислар йиллик 52-62 минг доллар даромад қилишади. Ҳаммаси қилинадиган меҳнатга боғлиқ.

АйТи қизлар учун жудаям мос”

Турмушга чиққан, уйдан ишлашга вариант излаётган хотин-қизлар “Уйда ўтириб нима иш қилиш мумкин?” деб кўп сўрашади. Мен улар учун дастурлаш жуда ҳам мос эканини айтаман. Уйда ўтириб ҳам интернетдан изланиб кўп нарса ўрганиш мумкин. Кейинчалик офис шароитида ишлашса ҳам, жисмоний меҳнат бўлмагани учун уларга дастурлаш қулай эканини айтаман.

Дунё таниган олима бўлишни мақсад қилганман

Ҳозиргача топ 100 таликка кирувчи бир нечта ОТМга ҳужжат топшириб кўрдим ва қабул қилиндим. Бунинг билан ўзимга бўлган ишончим ошди. Лекин менинг мақсадим – Массачусетс технологиялар институти, Стэнфорд университети каби топ 10 таликка қирувчи ОТМдан бирида ўқиш. Ҳозир мана шунга ҳаракат қиляпман.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид