Ўзбекистон | 12:33 / 27.11.2021
28849
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин “сандиғи” – “Мурунтов” чуқурлиги 650 метрга етди

Навоий вилоятидаги “Мурунтов” конида жорий йилда 105 млн метр³ тоғ жинси қазиб олинди. Маъданлар кондан ташқи омборларга 120 га яқин қудратли автоағдаргичларда ташиб чиқилади. Ушбу машиналарнинг вазни қарийб 400 тоннага етади.

Машҳур ўзбек геологи, академик Иброҳим Ҳамробоев томонидан топилган “Мурунтов” кони дунёдаги энг кўп олтин захирасига эга бўлган конлардан бири. Кон очилганидан бугунга қадар бу ерда 2 млрд метр³ маъдан қазиб олинган. Ҳозирда коннинг узунлиги 4,3 км, эни 3,2 км ҳамда чуқурлиги 650 метрга етган.

Қазиб олинган кондан рудаюк ташувчи баҳайбат автоағдаргичлар ҳамда тик-қия конвейерида ташиб чиқилади. Бугунги кунда “Мурунтов”да 120 га яқин автоағдаргич ишламоқда. Ушбу қудратли машиналарнинг вазни русумига қараб қарийб 400 тоннагача етади. Улар 136 тоннадан 240 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга. Автоағдаргичларнинг асосий қисми “БелАз”, “КАТ” ва “Komatsu”русумли машиналардан иборат.

Бу автоағдаргич кўп қулайликларга эга. Енгил машиналарни қандай бошқарсангиз, бу ҳам шундай бошқарилади. Ёзда ичида совиткичлари ишлайди. Хоҳлаган даражага қўйиш мумкин. Ғилдиракларнинг босим ҳолатини кўрсатиб туради.240 тоннагача юк кўтаради. Ўшанда ҳам оғирлик сезилмайди. Пастликдан тепага енгил чиқади.12 соатлик сменада тепада ишласа 500 литр, чуқурда ишласа 2800 литргача ёнилғи сарфлайди. Олдида 10 та, мотор билан қўшиб ҳисобласак жами 21 та чироғи бор. Ёнилғи баки 4500 литр сиғимга эга”, — дейди ҳайдовчи Бурҳон Тайлоқов.

Навоий кон-металлургия комбинати матбуот маркази раҳбари Абдумажид Жўраевнинг таъкидлашича, конда бир ойда 9 млн метр³дан ортиқ кон массалари қазиб олинади ва ташқи омборларга ташилади. Кейинги йилларда 15 та ЭКГ экскаватор, 10 та бурғулаш ускунаси, 81 та автоағдаргич харид қилинган. Шунингдек, тик-қия конвейерининг ишга туширилиши иқтисодий самара бермоқда. Конвейер орқали соатига 3,5 минг метр³ руда 285 метр баландликка етказиб берилади. 2021-2022 йилларда узунлиги 2154 ва 3200 метр бўлган шимоли-шарқий ва жанубий даврий оқим технологияли ҳамда “RopeCon” тизимли тик-қия конвейерларни қуриш режалаштирилмоқда. 

“Мурунтов” кони 1,8 млрд тонна маъдан ҳамда 4,5 минг тонна олтин захирасига эга. 2020 йилда 2 млн унция ёки қарийб 57 тонна олтин қазиб олинган “Мурунтов” кони Kitco компанияси экспертларитомонидан тузилган жаҳон рейтингида етакчилик қилганди.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид