«Сквер»даги автотураргоҳ ўрнида нима қурилмоқда?
Тошкент шаҳрида автотураргоҳлар муаммоси азалдан мавжуд ва кун сайин кучайиб бормоқда. Бу табиий, иқтисодий ўсиш, аҳоли кўпайиши ва кўпчиликнинг марказга интилишининг ўзига хос салбий оқибатидир.
Ижтимоий тармоқларда «Пойтахт» савдо маркази рўпарасидаги бепул автотураргоҳ ўрнида қурилиш олиб борилаётгани ва энди Тошкентдаги кам сонли бепул автотураргоҳлардан бирининг тақдири номаълум қолаётгани тўғрисида хавотирли хабарлар тарқалди. Ҳадикларни тушуниш мумкин, Матбуотчилар кўчасида жойлашган бу қурилиш майдонини чин маънода пойтахт маркази деб атаса бўлади – 200 қадам юрсангиз Амир Темур хиёбонига, яна шунча қадам билан мамлакат рамзи бўлган Мустақиллик майдонига чиқасиз. Рўпарада Сайилгоҳ кўчаси ва «Пойтахт» савдо маркази, қатор дўконлар ва ташкилотлар, ёнгинасида матбуот корпуси, сал нарироқда Марказий банкнинг бош биноси, Алишер Навоий театри...
Шаҳар марказидаги бундай «қаймоқ» жойда ким, қандай асосда қурилиш қиляпти ва энди автотураргоҳ тақдири нима бўлади? Ҳудудда ҳамиша автомобиллар гавжум бўлган, қолаверса, айни шу кунларда машиналар белгиланмаган жойга қўйилган ҳолатларни аниқлаш бўйича планшетлар орқали маълумот йиғиш ва жаримага тортиш амалиёти бошланган. Энди иш билан бу жойга борганлар автомобилларини қаерга қўяди?
Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб топиш учун қурилиш майдонига – собиқ автотураргоҳга борди.
Ҳудудда усталар ишлашмоқда, ҳали ўраб олинмаган бўлса-да, кўплаб контейнерлар тушириб қўйилган. Аммо қурилиш паспорти кўринмайди. Ўра қазилмаган, қурилиш штаби ҳам, йирик техника ҳам йўқлигидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жараён ҳали дастлабки босқичда. Ҳудуддаги ишчилар ва қурувчилардан лойиҳага оид айтарли маълумот олиб бўлмади.
Kun.uz вазиятга изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев билан боғланди.
«Матбуотчилар кўчасидаги 0,23 гектар майдон Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 28 мартдаги 467-сонли қарори асосида Чехиянинг «IMP NEW PAY» компаниясига 25 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган инвестиция киритиш шарти билан ажратиб берилган. Лойиҳа мунтазам ўтказиб келинаётган «Инвесторлар куни» доирасида тақдим этилган ва бу ерда 1-2-3-қаватлари савдо дўконлари, юқори қаватлари офислардан иборат 9 қаватли бино қурилиши режалаштирилган. Кўпчиликни ўйлантираётган мавзу – автотураргоҳ масаласи бошиданоқ назарда тутилган. Бинонинг ертўла қисми (-1,-2,-3 қаватлари) тўлиғича автотураргоҳ бўлади.
Бу талабни қўйганимиз сабаби маълум – ҳудуд ҳамиша автомобиллар билан гавжум, атрофда турли ташкилотлар кўп, айниқса ёз ойларида сайилгоҳга келувчилар кўп бўлади. Шу пайтгача собиқ автотураргоҳда 180та автомобиль учун ўрин бўлган бўлса, қуриш битганидан сўнг 250та автомобиль учун ўрин қилинади ва энг муҳими ташриф буюрувчилар бу жойлардан бепул фойдаланиши мумкин бўлади.
Демак, хавотирларга ўрин йўқ, қурилиш якунига кўра автотураргоҳ нафақат йўқолмайди, балки сиғими кенгаяди», дейди Фурқат Маҳмудхўжаев.
Ҳокимлик вакили майдон нега очиқ аукционга чиқарилмай қарор билан берилгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
«Қарор санасига эътибор берсангиз бир йилдан ортиқ вақт ўтган. Инвестор қурилишни анча кеч бошлагани шундай тушунмовчиликлар келтириб чиқарди», дейди у.
Мавзуга оид
20:02
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10
Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024