Жаҳон | 14:48 / 13.07.2019
14206
6 дақиқада ўқилади

Германияда давлат хизмати: немис мулозимларига ҳавас қилса бўладими?

Ёш германияликлар давлат хизматида ишлашни исташадими? Давлат хизматчиси бўлиш қандай имтиёзлар беради?  DW бунга аниқлик киритди.

Германияда мулозимлик

Сўровлардан маълум бўлишича, Германиядаги аксарият аҳоли давлат хизматчиси мақоми кўплаб имтиёзлар беришига ишонишади. Шу билан бирга, жамиятда кўпинча айнан давлат хизматчилари устидан - уларнинг дангасалиги ва беғамлиги устидан кулишади.

Ҳазил ўз йўлига, аммо Германияда давлат хизматчиси ким эканлигини аниқлаб олайлик. Давлат мулозими ижтимоий-ҳуқуқий, бюджет соҳасида фаолият кўрсатади, аммо ушбу соҳада ишлаётган ҳар бир киши мулозим ҳисобланмайди. Ижтимоий-ҳуқуқий соҳадаги барча ходимларнинг учдан бир қисмигина давлат хизматчиси мақомига эга.

Давлат хизматчисининг асосий фарқи шундаки, унинг меҳнат фаолияти ижтимоий-ҳуқуқий соҳадаги бошқа хизматчиларники каби тариф келишувлари билан тартибга солинмайди. Айнан шу сабабли яна бир муҳим жиҳат юзага чиқади: давлат хизматчилари иш ташлаш ҳуқуқига эга эмас.

Давлат хизматчиси мақоми талабалар орасида оммалашган

Агарда давлат хизматчисининг мақоми бир умрлик бўлса, уни ишдан бўшатиш мумкин эмас. Аммо бу мақом синов муддатига ёки маълум бир вақтга ҳам берилиши мумкин. Давлат хизматчиси шунчаки мақом эмас, балки тайинлов ҳамдир: у давлат ва жамиятга хизмат қилади. У нейтрал ҳолат ва мустақиллигини сақлаб қолиши, жамиятнинг демократик асослари учун хизмат қилиши керак. Давлат хизматчилари суд-ҳуқуқ тизими, полиция, вазирликлар, идоралар, мактабларда ишлашади. Тадқиқотларга кўра, давлат хизмати ёшлар орасида оммалашган. 2018 йилда талабаларнинг 40 фоиздан ортиғи давлат хизматида ишлашни исташини билдирган. Талаба қизлар орасида эса бу кўрсаткич 50 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Маош ўрнига хизмат ҳақи

Яна бир тафовут: давлат хизматчилари ойлик маош олишмайди, уларга ўзларини тўлалигича ишга бағишлаш имконини берувчи хизмат ҳақи тўланади. Ҳужжатларда белгиланганидек, фақатгина иқтисодий мустақил мулозимгина давлат учун хизмат қилиши мумкин. хизмат ҳақи махсус қонун билан тартибга солинади ва лавозимга боғлиқ. Хизматчининг тоифаси қанча юқори бўлса, хизмат ҳақи ҳам шунга яраша кўп бўлади. 

Давлат хизматчисининг имтиёзлари

Давлат хизматчисини ишдан бўшатиш мумкин эмас – фақат уч йил давом этадиган синов давридагина бўшатиш мумкин. Агарда у касал бўлиб қолса, хизмат ҳақи унинг бутун касаллик муддати давомида тўланади, бу борада хусусий сектордан фарқли ўлароқ, ҳеч қандай чеклов йўқ. Давлат хизматчисининг пенсияси солиқлар тўлангунига қадар олган хизмат ҳақининг 70 фоизигача етади. Давлат хизматчиларининг кредитни тўлаш қобилияти юқори, шу боис улар учун махсус молиялаштириш шароитлари яратилган. Давлат хизматчилари пенсия жамғармаси, ишсизлик эҳтимоли учун суғуртага пул тўлашмайди. Улар тиббий суғурта учун ўзлари пул тўлашади, аммо тиббий хизматлар учун барча харажатлари тўлаб берилади. Бундан ташқари, улар ва оила аъзолари махсус молиявий ёрдам олиш имкониятига эга.

Одатда давлат хизматчиси учун уч йил синов муддати белгиланади. Аммо айрим ҳолларда бу муддат бир йилгача қисқартирилиши ёки бутунлай бекор қилиниши ҳам мумкин. Ажратилган муддат давлат хизматчиси мақомини олишга етарли бўлмаса, синов муддати узайтирилиши ҳам мумкин.

Германиядаги давлат муассасаларида фақатгина ГФР фуқаролари давлат хизматчиси бўлиб ишлаши мумкин, камдан-кам ҳолларда Евроиттифоқ таркибидаги давлатлардан бирининг фуқаросига ана шундай имконият берилади. 

Нима учун ўқитувчи давлат хизматчиси ҳисобланади?

Германияда мактабда таълим олиш умумий мажбурият ҳисобланади. Бутун мактаб таълим тизими давлат назоратида. 

Таълим вазирлигининг билдиришича, ўқитувчига давлат хизматчиси мақоми берилиши ўқув жараёнининг тўхтовсиз таъминланишини кафолатлайди, чунки ўқитувчиларда иш ташлаш ҳуқуқи бўлмайди. Бундан ташқари, мулозим-ўқитувчи ўз зиммасига демократик жамият асосларига риоя қилган ҳолда таълим бериш мажбуриятини олади. 

Мулозим ким?

Германиядаги бюджет муассасалари ва ташкилотлари, хусусан, таълим соҳаси (мактаб ва олий ўқув юртлари), соғлиқни сақлаш (давлат тиббиёт муассасалари), ижтимоий суғурта хизмати ходимлари мулозим ҳисобланади. Бундан ташқари, полициячилар, чегара ва божхона хизмати ходимлари ҳам давлат хизматчиларидир.

Давлат хизматчиси неча пулга ишлайди?

Хизмат ҳақи миқдори мулозимнинг неча йил ишлагани, малакаси ва касбига боғлиқ. Асосий хизмат ҳақидан ташқари, қўшимча тўловлар ҳам берилади. Мутахассисларнинг қайд этишларича, давлат хизматчисининг хизмат ҳақи бозор секторидагиларнинг ойликлари билан рақобат қила олмайди.

Масалан, давлат хизматидаги шифокор тахминан 3800 евро ҳақ билан иш бошлайди. Хусусий клиникада ишловчи шифокорларнинг бошланғич маоши эса 4000 евродан ошиқроқ бўлади. Ўн йилдан сўнг давлат тиббиёт муассасаси шифокори 4500 евродан сал ортиқроқ олади, хусусий клиника шифокори эса бу вақтда мутахассислигига қараб 5000 дан бошлаб 6000 евродан ортиқроқ маошга ишлайди.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид