Жаҳон | 12:57
624
3 дақиқада ўқилади

Deutsche Bahn'да кечикиш рекорди: пунктуаллик 59 фоизга тушди

2024 йилда Германияда узоқ масофага қатнайдиган поездларнинг қарийб ҳар 20-рейси бекор қилинган — 2020 йилдан бери бу кўрсаткич деярли икки баравар ошган. Deutsche Bahn поездларининг бор-йўғи 59 фоизи манзилга ўз вақтида етиб келган.

Фото: picture-alliance/dpa/C. Schmidt

2024 йилда Германияда узоқ масофали поездларнинг қарийб ҳар 20-рейси бекор қилинган. Манзилга ўз вақтида (ЕИ меъёрларига кўра — энг кўпи билан 5 дақиқа кечикишда) етиб келган Deutsche Bahn (DB) — мамлакатнинг асосий темирйўл оператори — поездларининг улуши эса бор-йўғи 59 фоизни ташкил этган. Die Welt газетаси журналистлари душанба куни, 22 декабрда, бу камида 21 йил ичидаги энг ёмон кўрсаткич эканига эътибор қаратди. Ушбу маълумотлар Федерал тармоқ агентлиги томонидан жума куни, 19 декабрда эълон қилинган темирйўл ташувлари бозори таҳлилида келтирилган.

Немис темирйўлларининг самарадорлик кўрсаткичлари бир неча йилдан бери пасайиб келмоқда. 2020 йил билан солиштирганда узоқ масофали поезд рейсларининг бекор қилиниши улуши деярли икки бараварга — 2,5 фоиздан 4,8 фоизгача ошган.

Статистикада фақат DB рейслари эмас (2024 йилда у шаҳарлараро ташувлар бозорининг 93 фоизини эгаллаган), балки бошқа темирйўл ташувчиларининг рейслари ҳам ҳисобга олинган. DB'нинг ўзи маълум қилишича, ўтган йили унинг узоқ масофали рейсларининг 4 фоизи бекор қилинган, уларнинг ярми — иш ташлашлар сабабли.

Йўлнинг ярмида тўхтатиб қўйиладиган узоқ масофали рейслар — яъни поезд манзилгача етиб бормай бекор қилинадиган ҳолатлар сони ҳам ҳануз ошиб бормоқда. 2024 йилда ташувларнинг 7,3 фоизи айнан шундай якунланган, 2020 йилда эса бу кўрсаткич 4,2 фоиз эди.

Die Welt баҳолашича, рейслар билан боғлиқ муаммоларнинг асосий эҳтимолий сабаблари орасида кадрлар етишмаслиги, темирйўл йўлларида қурилиш ишлари, иш ташлашлар ва техник носозликлар бор.

Муаммолар давом этаётган бир пайтда DB раҳбари Эвелин Палла (Evelyn Palla) — у 2025 йил 1 октябрдан бу лавозимда — “эҳтимол, темирйўллар тарихидаги энг йирик трансформация” ҳақида эълон қилди. Хусусан, у бошқарув кенгаши таркибини қисқартириш ва компания бошқарувини марказдан чиқариш (децентрализация)ни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, яқин йилларда DB ишида жиддий яхшиланиш барибир кутилмаяпти. Die Welt ёзишича, экспертлар 2029 йилгача узоқ масофали рейсларнинг пунктуаллиги 70 фоизга етишига ишонмайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид