Жаҳон | 15:40 / 22.08.2025
2942
4 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Колумбиядаги икки ҳужум оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одам жароҳатланди

Исёнчиларга алоқадор гуруҳлар ҳарбий вертолётни дрон билан уриб туширган, шунингдек, авиабаза олдида портловчи моддалар ўрнатилган юк машинаси портлатилган.

Фото: Samir Rojas/AFP via Getty Images

Колумбияда содир бўлган икки ҳужумда камида 18 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланди. Расмийларга кўра, ҳужумлар Колумбия инқилобий қуролли кучлари (FARC) исёнчиларига алоқадор гуруҳлар томонидан уюштирилган.

Мамлакатнинг аҳоли сони бўйича энг йирик учинчи шаҳри Кали шаҳрида портловчи моддалар билан тўлдирилган юк машинаси шу номдаги ҳарбий авиация мактабига қарашли Марко Фидел Суарес номидаги авиабаза яқинида портлатилган. Расмийларга кўра, бу ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 71 киши жароҳатланган. Атрофдаги кўплаб уйлар шикастланган.

«Қулоқни қоматга келтирувчи товуш эшитилди – авиабаза яқинида нимадир портлади», – дейди гувоҳлардан бири AFP ахборот агентлигига.

Бундан бир неча соат олдин Меделлин шаҳри яқинидаги Антокия департаментининг шимолий Амалфи муниципалитетида гиёҳвандлик моддалар етиштириладиган плантацияларни йўқ қилиш операциясида иштирок этаётган Black Hawk полиция вертолётига дрон ҳужум қилганди. Бортдаги 12 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Ижтимоий тармоқлардаги фотосуратларда ўрмонли ҳудуд узра кўтарилаётган қуюқ қора тутунни кўриш мумкин.

Кали шаҳри мэри Алехандро Эдер шаҳарда ҳарбий ҳолат эълон қилди ва йирик юк машиналари шаҳарга киришига вақтинчалик тақиқ жорий қилди. У аҳолини содир бўлган воқеа ҳақида ҳар қандай маълумот ҳақида хабар беришга чақирди ва бунинг учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот ваъда қилди.

Колумбия президенти Густаво Петро ва армия раҳбарияти фуқароларни «ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чораларни белгилаш» учун Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишини маълум қилди.

«Давлат терроризмга ён бермайди. Ушбу жиноятлар қатъий таъқиб қилинади ва жазоланади», – дейилади Колумбия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Авиация базаси атрофида машиналар ва уйлар шикастланган.
Ernesto Guzman/EPA/Shutterstock

Ҳужумлар учун жавобгарлик Колумбия инқилобий қуролли кучларининг ажралиб чиққан фракцияларига, сўл радикал исёнчи гуруҳга юклатилди. Кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари FARC’​​ни террорчи ташкилот деб ҳисоблайди. 2016 йилда гуруҳ ва Колумбия ҳукумати ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги шартномани имзолаган, аммо FARC’​​нинг бир қисми тинчлик шартномасини рад этганди.

Мудофаа вазири Педро Санчес портлашни «террорчилик акти» деб атади ва унда «Мордиско номи билан танилган наркокартел»ни айблади – гап жангарилар етакчиси Иван Мордиско ҳақида кетмоқда. У FARC’​​нинг энг йирик тармоғи бўлган EMC гуруҳига бошчилик қилган ва бу гуруҳ тинчлик шартномасига қўшилмаганди.

«Тинч аҳолига қарши қўрқоқлик билан уюштирилган бу ҳужум Вале-дел-Каука, Каука ва Нарино департаментларида гиёҳванд моддалар савдоси устидан назорат йўқолишига ноиложликдан қилинган жавоб бўлди, бу ҳудудларда ҳуқуқ-тартибот кучлари ушбу таҳдиднинг катта қисмини бартараф этган», – деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Сўнгги ойларда Колумбияда хавфсизлик кучлари ва исёнчилар, наркокартеллар ва ҳарбийлашган гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар тез-тез содир бўлмоқда. Ҳужумларда дронлар тобора кўпроқ қўлланмоқда: 2024 йилда 115 та шундай ҳужум қайд этилган. Ўтган ҳафта мамлакат жануби-ғарбида дрон ҳужуми оқибатида назорат-ўтказиш пунктида навбатчилик қилган уч нафар ҳарбий ҳалок бўлди: дрон улар устига портловчи моддалар ташлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид