Жаҳон | 16:01 / 05.12.2025
1336
3 дақиқада ўқилади

Колумбия Конгресси жангчилар ёллаш фаолиятини тақиқлади

Колумбия мудофаа вазири Санчеснинг айтишича, Украинада ҳам Украина томонида, ҳам Россия томонида жанг қилаётганлар орасида колумбияликлар бор. Боготада эса ёлланма жангчилик «одамларни эксплуатация қилишнинг замонавий шакли» деб баҳоланмоқда ва бу Колумбия армиясининг салоҳияти йўқотилишига олиб келмоқда, деб ҳисоблаяпти.

Фото: Getty images

Колумбия Конгресси 1989 йилги жангчилар ёллашга қарши Халқаро конвенцияга қўшилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Чоршанба куни, 3 декабрда, қуйи палатада ҳужжатни 90 дан ортиқ депутат қўллаб-қувватлади. Аввалроқ қонун лойиҳаси юқори палата — Сенат томонидан ҳам маъқулланган эди. Энди у ёлланма жангчиликни тақиқлаш ташаббуси билан чиққан президент Густаво Петро имзоси учун юборилади.

Колумбия Ташқи ишлар вазирлиги билдиришича, янги қонун «ёлланма жангчилик фаолияти билан боғлиқ шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш имконини беради» ва «давлатлар ўртасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди». Конгресс қўллаб-қувватлагани Колумбия ёлланма жангчилик фаолиятини мутлақо қабул қилмаслигини тасдиқлайди, деб қўшимча қилди идора.

Қонун кучга кирганидан кейин Колумбия ҳудудида ёлланма жангчиларни ўқитиш, молиялаштириш ва ёллаш билан шуғулланиш тақиқланади. Богота бундай фаолиятни «одамларни эксплуатация қилишнинг замонавий шакли» деб атади.

AFP ёзишича, Колумбиядан чиққан ёлланма жангчилар Афғонистон, Яман ва Ироқдаги қуролли можароларда қатнашган, ҳозир эса уларнинг Украина ва Судандаги урушларда қатнашaётгани ҳақида маълумотлар бор. Агентликка кўра, Колумбияда ҳарбийлар нисбатан ёшлигида истеъфога чиқади ва жуда кам пенсия олади — ойига тахминан 350 доллар атрофида.

Die Welt маълумотларига биноан, Украина томонида тахминан 2 минг колумбиялик жанг қилмоқда. Қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган хорижлик ҳарбийлар ойига тахминан 3 минг евро атрофида маош олади — бу Колумбиядаги ҳарбий хизматчи маошидан анча юқори. Шу билан бирга, шартномани исталган вақтда бекор қилиш мумкин.

Богота ҳокимияти чет элда жанг қилаётган собиқ колумбиялик ҳарбийлар сони ортиб бораётганини тан олди. AFP ёзишича, кўпгина ёлланма жангчиларни фирибгарлик йўли билан ёллашади ва уларнинг ватанга қайтишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам бор.

Колумбия мудофаа вазири Педро Арнулфо Санчеснинг тушунтиришича, ҳарбий хизматчилар орасидан жангчилар ёллаш армиянинг кадрлар салоҳиятини йўқотишига олиб келади. «Биз уларни бу ерда ўқитамиз, ўн йил давомида катта салоҳиятга эга бўлишади. Лекин кейин бошқа жойда жанг қилиш имкони пайдо бўлса, улар кетиб қолади ва биз мамлакат сифатида колумбияликларни ҳимоя қилиш борасида жуда кўп нарсадан маҳрум бўламиз», — дея унинг сўзларини келтиради El Colombiano нашри.

Унинг айтишича, хавф шундаки, колумбиялик фуқаролар охир-оқибат чет элдаги қуролли можароларда бир-бирига қарши жанг қилиши мумкин. Хусусан, вазир Украинада колумбияликлар ҳам Украина томонида, ҳам Россия томонида жанг қилаётгани ҳақида маълумот берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид