Жаҳон | 09:55 / 23.10.2025
11673
3 дақиқада ўқилади

“Wizness Class’да учманг” — канадалик мусиқачи Wizz Air ҳақида қўшиқ куйлади

Дэйв Кэроллнинг бу қўшиғи 2023 йилда Wizz Air томонидан рейсга қўйилмаган ўзбекистонлик талаба Суҳроб Убайдуллаев ҳақида. У қўшиққа атаб клип ҳам суратга олган. Кэроллнинг аввалги қўшиғи авиакомпанияларнинг мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ёндашувини ўзгартиришга сабаб бўлганди. Аввалроқ Суҳроб Kun.uz’га берган интервюсида қандай қилиб ноқулай ҳолатга тушиб қолгани ҳақида айтиб берганди.

Дэйв Кэролл — канадалик қўшиқчи ва бастакор. У 16 йил аввал “United Breaks Guitars” (United Airlines гитараларни синдиради) номли қўшиғи билан авиация соҳасида шов-шув кўтарганди. Орадан вақт ўтиб, Кэролл “Don’t fly Wizness class” номли қўшиқ ва клип чиқарди. Унда Wizz Air авиакомпанияси томонидан 2023 йилда рейсга чиқарилмаган Ўзбекистон фуқароси Суҳроб Убайдуллаев ҳақида ҳикоя қилинади.

Кэроллнинг бу мавзудаги аввалги қўшиғи 16 йил олдинга бориб тақалади. Ўшанда “United Airlines” авиакомпанияси унинг 3500 доллар турадиган гитарасини синдириб, товон тўлаб бермаган. Шунда Керолл бу ҳақда қўшиқ ёзиб YouTube’га чиқарган ва компанияни шарманда қилиб, унинг 180 миллион доллар зарар кўришига сабабчи бўлганди. Кэроллнинг қўшиғи жаҳон авиациясида мижозлар билан ишлаш стратегиясининг тубдан ўзгаришига олиб келган. 

Суҳроб Убайдуллаев эса аввалроқ Kun.uz’га берган интервюсида “Ўзбекистон ёзувли паспортим учун рейсга қўйишмади” дея айтиб ўтганди. Воқеа 2023 йилнинг августида содир бўлган. Тaлаба Wоrk and Travel, яъни ишлаш ва саёҳат дастури учун Европага борган. У Ўзбекистонга қайтишда Рим орқали Абу-Дабига, Абу-Дабидан эса Самарқандга Wizz Air билан учиши керак бўлган. Римдаги ҳолат ортидан Суҳробнинг иккинчи чиптаси ҳам куйиб кетган. Нима қилишини билмаган талаба қарз олиб, Туркияга учган ва Истанбулда бир неча кун бошпанасиз қолиб кетган.

“Қайтиш билетини Италия орқали олгандим. Ушбу авиакомпания ходимлари мени дискриминатсия қилишди. Италия ҳудудидан кетаётганимда аллақачон паспортимга давлатдан чиққаним ҳақидаги муҳр урилганди. Авиакомпания ходими эса самолётнинг эшиги олдида менинг қўлимдаги паспортни кўрди-да, сен Ўзбекистон фуқаросимисан, дея мендан четга ўтишимни сўради. Шу жойнинг ўзида чиптамни бекор қилиб юборишди ва самолётга менсиз учиб кетаверишини хабар қилишди. Улар қўлимдаги виза, чипталар, виза ва Германия берган ҳужжатларнинг бирортасига қарашмади. Фақат паспортимдаги “Ўзбекистон” ёзувини кўриб, мени ушлаб қолишди”, — деганди Суҳроб Убайдуллаев.

Тайёрлаган:  Асрор Абдуназаров

Мавзуга оид