Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Умра зиёратига бориш неча пулга тушади ва нарх нимага боғлиқ?
Умра сафари нафақат маънавий тайёргарликни, балки амалий режани ҳам талаб қилади. Умра нархи мавсум ва сафар шартларига қараб ўзгаради. Одатий ойларда зиёрат 700–750 доллар атрофида бўлиши мумкин, Рамазон ойида эса харажатлар 2 000–2 500 доллар ва ундан ҳам юқори бўлади.
Фото: Kun.uz
Буни Рамазон ойида Умра зиёратига борган Нодирахон Нуритдинова ўз тажрибасида кўрди. Унинг сафари давомида мавсум, тур шакли ва яшаш шароитлари нархга қандай таъсир қилиши ҳамда айрим даврларда харажатлар нега бир неча баробарга ошиши яққол намоён бўлди.
Нима учун Ҳажга нисбатан Умра кўпроқ адо этилади
Умра ва Ҳаж аҳамияти жиҳатидан эмас, балки адо этиш шартлари ва сафарни ташкил этиш нуқтаи назаридан фарқ қилади. Айнан амалий омиллар нега Умра кўпроқ амалга оширилишини кўрсатиб беради.
Квоталар ва узоқ кутиш йўқ
Ҳаж Зулҳижжа ойининг аниқ белгиланган кунларида амалга оширилади ва мамлакатлар ўртасида тақсимланадиган квоталар асосида ўтказилади. Жойлар сони чеклангани учун навбат кутиш бир неча йилга чўзилиши мумкин.
Умрада эса бундай чекловлар йўқ. Сафарни узоқ кутмасдан режалаштириш ва олдиндан қулай муддатларни танлаш мумкин.
Мослашувчан сафар санаси
Умрани йилнинг исталган вақтида адо этиш мумкин. Зиёратчи сафар санасини иши, оилавий шароити ва бюджетига қараб мустақил танлайди.
Ҳаж эса фақат аниқ кунларда ўтказилади, бу эса режаларни қатъий белгиланган муддатга мослаштиришни талаб қилади.
Ташкил этиш осонроқ ва сафар қисқароқ
Умра камроқ вақтни олади ва мураккаб тайёргарликни талаб қилмайди. Бундай сафарлар, одатда, Ҳажга нисбатан қисқароқ ва тузилиши жиҳатдан соддароқ бўлади.
Бу, айниқса, илк бор зиёратга отланаётган ҳамда жиддий жисмоний ва ташкилий юкламасиз сафар шароитлари билан танишишни истаганлар учун жуда муҳим.
Нисбатан арзон харажатлар
Ўрта ҳисобда Умра Ҳажга нисбатан арзонроқ тушади. Нархлар орасидаги фарқ эса бюджетга мос сафар шаклини — жамоавий сафардан тортиб, янада қулай вариантларгача танлаш имконини беради.
Шу боис кўп мўминлар Умрани турли йилларда бир неча бор адо этадилар, Ҳаж эса аксарият учун бир марталик воқеа бўлиб қолади.
Қайси пайтда Умрага бориш арзонроқ бўлади
Сафар вақти Умра нархига ҳам, зиёрат шартларига ҳам бевосита таъсир қилади. Бу, айниқса, Рамазон ойидаги сафарларни йилнинг нисбатан сокин даврлари билан солиштирганда яққол кўринади.
Нима учун Рамазон энг қиммат давр ҳисобланади
Рамазон ойида Умра жуда қимматга тушади. Бу даврда зиёратчилар оқими кескин ортиб кетади, бу эса нархлар ва сафарни ташкил этишга таъсир қилади.
Рамазон ойида:
- зиёратчилар сони ошади;
- масжидлар ёнидаги меҳмонхоналар тез тўлиб қолади;
- парвоз ва яшаш нархи қимматлашади;
- қўшимча харажатлар ошади.
Оддий пайтда Умра амалини бажариш икки–уч соат вақт олади. Рамазонда эса биргина тавофнинг ўзига бир неча соат кетиши мумкин — ҳаракат секинлашади, жисмоний юклама юқори бўлади. Бу нафақат зиёратчининг жисмоний ҳолатига, балки сафарнинг умумий бюджетига ҳам таъсир қилади.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги
Энг қийин ва энг қиммат давр Рамазоннинг сўнгги ўн кунлиги ҳисобланади. Бу вақтда одамлар зичлиги энг юқори даражага етади, масжидларга кириш ва чиқиш йўллари вақтинча ёпилиши мумкин, жисмоний юклама эса сезиларли даражада ошади.
Бу, айниқса, илк бор зиёратга келган ёки ёши улуғ қариндошлари билан бирга борганлар учун жуда оғир.
Умрага бориш қачон арзон тушади
Нисбатан сокин даврларда, Ҳаждан кейиноқ ва энг иссиқ ойларда Умра сафари нархи пасаяди. Зиёратчилар сони камаяди, меҳмонхоналар анча мақбул нархларни таклиф қилади, авиачипталар ҳам арзонроқ бўлади.
Фарқ сезиларли бўлиши мумкин: Рамазондан ташқари вақтда айрим ҳолларда зиёрат энг тиғиз мавсумга нисбатан қарийб уч баравар арзон тушади.
Нега кўпинча паст нарх юқори ҳарорат билан боғлиқ бўлади
Жазирама ойлардаги тежамкорлик юқори жисмоний юклама билан боғлиқ. Макка ва Мадинада пиёда кўп юришга тўғри келади ва юқори ҳарорат кескин сезилади.
Умрага бориш неча пул ва нарх нимага боғлиқ
Ҳатто йўналиш ва ибодатлар мажмуи бир хил бўлса ҳам Умра нархи анча фарқ қилиши мумкин. Бу нархлар орасидаги фарқ сафарнинг диний қисми билан эмас, балки ташкил этиш шартлари: сафар вақти, жойлашиш шакли ва авиапарвоз билан боғлиқ.
Умрага бориш қанчага тушади
Рамазон ойидан ташқари вақтда Умра сафари бир кишига 700–750 долларга тушади. Рамазон ойида нарх сезиларли ошади ва 2 000 доллар ва ундан юқори бўлиши мумкин.
Рамазон ойида сафар алоҳида хонада жойлашиш билан 2 500 долларга тушди. Шу билан бирга, худди шу даврда келган айрим зиёратчилар қарийб икки баравар кам тўлашди — фарқ жойлашиш тури билан боғлиқ бўлди.
Нархга нима энг кўп таъсир қилади
Нархнинг асосий омили – яшаш харажатлари. Сафар нархи қуйидагиларга боғлиқ:
- меҳмонхона ва масжид орасидаги масофа;
- хонада жойлашган кишилар сони;
- жойлашиш шартлари.
Алоҳида хона ҳатто овқатланиш, ҳамроҳлик хизмати ва меҳмонхона даражаси ўзгармаса ҳам сафар нархини сезиларли даражада оширади. Бу ҳолатда айнан жойлашиш ортиқча харажат сабаби бўлди.
Ўртача нархдаги пакетлардан ташқари, масжидларга анча яқин жойлашган меҳмонхоналарни ўз ичига олган қимматроқ вариантлар ҳам мавжуд. Мадинада сафар нархига шаҳар бўйлаб автобус экскурсияси ва муҳим диний жойларга ташриф киритилган эди. Маккада эса экскурсия учун алоҳида тўлов қилиш талаб этилди.
Сафар давомийлиги нархга қандай таъсир кўрсатади
Сафар қанча узоқ давом этса, харажат ҳам шунча юқори бўлади. Туроператорлар кўпинча учта шаклни таклиф қилишади:
- 7 кун — энг қисқа ва арзон вариант. Рамазон ойидан ташқари вақтларда бундай сафар бир кишига 700–750 долларга тушади.
- 10 кун — сафарнинг ўртача шакли. Сафар вақти ва яшаш шаоитларига қараб нарх 900–1 200 доллардан бошланади.
- 14–15 кун — яшаш ва овқатланиш ҳисобига қиммат бўладиган энг узоқ муддатли сафар. Рамазон ойида ҳатто эконом шаклдаги бундай сафарлар 1 200-1 500 доллар, алоҳида хона билан эса 2 500 доллар ва ундан қимматроққа тушади.
Парвознинг умумий нархга таъсири қандай
Бюджетнинг сезиларли қисми авиапарвозга тўғри келади. Тўғридан-тўғри чартер рейслар одатда қимматроқ бўлади, айниқса, талаб кўп бўлган даврларда. Нисбатан сокин ойларда эса авиапарвознинг умумий нархдаги улуши пасаяди, бу эса харажатларни қисқартириш имконини беради.
Рамазон ойидаги сафар бюджети
Қуйида Рамазон ойида Умра сафарининг кенгайтирилган жойлашиш форматидаги харажатлари берилмоқда. Бу ҳисоб-китоб Нодирахон Нуритдинованинг тажрибасига асосланган.

Бу рақамлар сафарнинг умумий нархи қандай шаклланиши ва ортиқча харажат айнан қаерда пайдо бўлишини кўрсатади.
Умра сафарининг қандай шакллари бор
Умра шакллари ибодатлар тўплами билан эмас — у ҳамма зиёратчилар учун бир хил, балки жойлашиш шартлари ва сафарни ташкил этиш усули билан фарқ қилади. Айнан мана шу омиллар қулайлик, жисмоний юклама ва якуний нархга таъсир қилади.
Хонага неча киши жойлаштирилади
Сафар шакллари ўртасидаги асосий фарқ жойлашиш шартлари билан боғлиқ. Туроператорлар кўпинча қуйидагиларни таклиф қилади:
- уч, тўрт ёки беш кишилик хоналарга жойлаштириш энг кенг тарқалган вариант бўлиб, бу сафар нархини пасайтириш имконини беради;
- икки кишилик ёки алоҳида хоналар сафар нархини сезиларли даражада оширади, ҳаттоки овқатланиш ва ҳамроҳлик хизмати нархи ўзгармаса ҳам.
Жамоавий сафар яккалик сафардан нимаси билан фарқ қилади
Энг кенг тарқалган шакл — жамоавий турлар. Туроператор вакили зиёратчиларга ҳамроҳлик қилади, жойлашиш, шаҳарлар орасида ҳаракатланишда ёрдам беради ва амаллар тартибини тушунтиради.
Бундай шакл илк бор сафар қилиш учун жуда муҳим. Биринчи сафарда ҳамроҳлик алоҳида аҳамиятга эга, чунки кўпчилик орасида адашиб қолиш ёки амаллар тартибини чалкаштириб юбориш мумкин.
Яккалик сафарлар кам учрайди ва одатда қимматроққа тушади. Бу аввал ҳам Умра қилган ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилишга тайёр инсонларга мос келади.
Умра сафарини кимлар ташкил этиши мумкин
Умра сафарларини ташкил қилиш ҳуқуқига фақат расмий рухсатномаси бўлган компаниялар эга. Бундай туроператорлар визалар, авиапарвоз ва жойлаштиришни расмийлаштиради ҳамда зиёратчиларга бутун сафар давомида ҳамроҳлик қилади.
Ўзбекистонда «Ҳаж ва Умра ягона портали» ишга туширилмоқда, зиёратчилар у орқали рўйхатдан ўтади. Янги тартиб босқичма-босқич жорий этилади ҳамда Ҳаж ва Умра сафарларига тегишли.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, портал орқали рўйхатдан ўтиш қуйидаги муддатлардан бошлаб кучга киради:
— Ҳаж учун – 2026 йил 1 февралдан;
— Умра учун – 2026 йил 1 майдан.
Бу талаблар кучга кирганидан сўнг рўйхатдан ўтмасдан сафар қилишнинг имкони бўлмайди. Зиёратчилар маълумотлари порталга киритилмаган бўлса, туроператорлар визаларни расмийлаштира ва гуруҳ туза олмайди.
Рўйхатдан ўтиш барча Умра шаклларига — жамоавий ва яккалик сафарларга татбиқ этилади. Турни харид қилишдан олдин рўйхатдан ўтиш қоидалари ва рухсат берилган туроператорлар рўйхати эълон қилинган расмий Ҳаж ва Умра порталидаги маълумотлар билан танишиш тавсия қилинади,
Зиёратнинг илк кунларида қандай қийинчиликларга дуч келиш мумкин
Ҳаттоки ташкиллаштирилган сафарда ҳам Маккадаги биринчи кунлар алоҳида эътиборни талаб қилади. Масжид ал-Ҳаром атрофидаги кўчалар бир-бирига ўхшайди, йўналишлар эса одам кўплиги сабабли кутилмаганда ўзгариб кетиши мумкин.
Биринчи куниёқ тавоф ва саъй қилинганидан сўнг гуруҳ сочилиб кетди ва меҳмонхонага йўлни ҳамма ўзи топишига тўғри келди.
Нима учун дарвозаларни эслаб қолиш зарур
Энг кўп учрайдиган хатолардан бири — масжидга қайси дарвозадан кириб-чиқилганини эслаб қолмаслик. Масжид ал-Ҳаромда ўнлаб чиқишлар бор ва улар бир-биридан деярли фарқ қилмайди.
Ушбу ҳолатда йўл кирилган дарвозалардан эмас, бошқа дарвозадан бошланди. Аста-секин телефонлар қуввати тугади, навигация ишламай қолди, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш қийинлашди. Оқибатда қисқа йўл ҳам соатлаб юришга айланиши мумкин.
Хато қанчага тушиши мумкин
Бир неча соат адашиб юргандан сўнг таксига чиқишга тўғри келди. Бир километрлик йўл 100 риал — қарийб 27–30 долларга тушди.
Ушбу харажат масофа ёки хизмат даражаси сабабли эмас, балки йўлда адашиш ва чарчоқ оқибатида келиб чиқди. Бу биринчи кунлардаги кичик ташкилий хато ҳам қўшимча харажатларга олиб келиши мумкинлигини яққол кўрсатади.
Умра вақтидаги ҳаёт
Умра вақтида кун ибодатлар ва улар орасидаги ҳаракатлар атрофида шаклланади. Вақт бошқача, соатлар билан эмас, намозлар билан ҳис қилинади. Масжидлар ёнида яшашга қарамасдан пиёда кўп юришга тўғри келади, одамларнинг зич оқими сабабли қисқа масофа ҳам кутилгантдан кўпроқ вақтни олиши мумкин.
Макка ва Мадина зиёратчилар учун тўлиқ мослаштирилган. Атрофда оддий қаҳвахона, биринчи эҳтиёж моллари ва эсдалик буюмларини сотувчи дўконлар бор, инфратузилма эса одамларнинг доимий оқимига мўлжалланган. Гуруҳларда турли мамлакатлардан келган ҳар хил ёшдаги зиёратчилар жамланган: мақсадлар турлича, аммо макон умумий, бу эса сабр ва атрофдагиларга эътиборни талаб қилади.
Ушбу фонда, айниқса, биринчи кунларда маиший ва ташкилий масалалар энг қийини бўлади. Маҳаллий сим-картасиз йўл топиш ва ҳамроҳлар билан алоқани сақлаб туриш қийин. Асосан пиёда ҳаракатланишга тўғри келади, кунига бир неча километр юрилади.
Мавзуга оид
12:35 / 16.03.2026
16 март куни Ўзбекистондаги 1765 та масжидда Қуръони каримнинг хатмоналари бўлади
09:53 / 11.03.2026
Қирғизистонда Ҳайит санаси эълон қилинди: Рамазон ойи яна 29 кун бўлиши мумкин
21:23 / 10.03.2026
Умра сафарлари қайта йўлга қўйилмоқда
10:31 / 07.03.2026